Ҳарвардга кирган набира
Қувалик Собиржон ота Қоратоев узоқ йиллар деҳқон далалари-ю хонадонларга сув келтирган мироб сифатида халқ орасида яхши танилган. Ўз касбининг фидойиси бўлган отахонни китобга меҳри бўлакчалиги фарзандларига ҳам ўтди. Ҳатто набираларининг китобсеварлигига маҳалладошлари ҳавас билан қарайди.

— Бошланғич синфда ўқиётганимда бобом туманимиздаги энг машҳур ўқув марказларига олиб бориб, қўшимча билимларни эгаллашим учун катта ғамхўрлик қилган, — дейди Фарғона шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Дилафрўз Собирова. — Китоб дўконларига борсак, жаҳон адабиётининг дурдона асарларини сотиб олиб берарди. Отам шифокор, онам ўқитувчи бўлишига қарамай, таълим-тарбиямизда бобомиз биринчи устозимиз, ҳалигача ҳар бир ишда доно маслаҳатгўйимиз ҳисобланади.
2021 йили Фарғона шаҳрида Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади. Бу хушхабардан биринчилар қаторида қувонган Собиржон ота Дилафрўзни вилоят марказига етаклаб келди. Ўтиш имтиҳонларида яхши натижа кўрсатган набира бобосининг ишончини оқлаб, мактабнинг 7-синфига қабул қилинди.
Айни пайтда ушбу нуфузли мактабнинг 11-синф ўқувчиси бўлган Дилафрўз Собирова шу кунларда АҚШдаги дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлган Ҳарвард университетига бакалавриат босқичи учун 100 фоизли натижа билан ўқишга кирди. Бу грант миқдори 392 минг АҚШ долларини ташкил этади. Тенгдошлари ҳавас қилса арзийдиган ютуқларга эришаётган аълочи қиз ҳали мактаб ёшига етмаган пайтдаёқ онаси ва бобосининг кўмагида ўқиш, ёзишни ўрганди. Шу тарзда болалигидан ота касбига қизиқиб, биология, кимё фанларини чуқур ўрганишга киришди. Бошланғич синфда инглиз тилини олий таълим муассасаларига тайёргарлик кўраётган абитуриент ака-опалари билан бирга жадал равишда ўзлаштирди.

Президент мактаби директори Обидхон Мўминовнинг қайд этишича, Дилафрўз мазкур таълим муассасасида ўқишнинг дастлабки кунлариданоқ ўзининг илм олишга бўлган иштиёқи, тиришқоқлиги билан устозлар эътиборига тушди. Турли танловларда фаол иштирок этиб, жамоат ишларида ҳам ўзини кўрсатди.
Интилиш ва иштиёқ ўз самарасини бериб, Дилафрўз халқаро имтиҳонларда юқори натижаларни қайд этди. Хусусан, у IELTC имтиҳонидан 8.0 балл ҳамда САТ имтиҳонидан 1540 балл тўплади. Ўз навбатида, немис тили бўйича В2 даражани қўлга киритди. Буларга қўшимча равишда рус ва турк тилини ҳам мукаммал ўзлаштирди.
— Набирамнинг шундай катта ютуқни қўлга киритишида мамлакатимизда янги авлод таълим-тарбияси учун яратилаётган замонавий шароитлар муҳим аҳамиятга эга бўлди, — дейди Собиржон Қоратоев.— Президент мактабида жаҳон андозалари даражасида энг яхши қулайликлар яратилгани туфайли ҳам келажагимиз ворисларининг орзуси ижобат бўлмоқда. Бу ерда набирамнинг билими юксалди, дунёқараши ўсди, иқтидори рўёбга чиқди.

— Ҳарвард университетидан шу кунгача 75 нафар Нобель мукофоти соҳиби етишиб чиққан, — дейди Дилафрўз.—Мен ҳам инсониятга катта наф келтирувчи кашфиётлар қилиб, уларнинг сафидан жой олиш ниятидаман. Бунинг учун билим ва салоҳиятимиз етарли, албатта. Ахир, биз дунё илмига пойдевор қўйган буюк алломаларнинг ворисларимиз-ку!
Собиржон ота Қоратоев кўп йиллар мобайнида Қува туманидаги “Каркидон” сув омборида фаолият кўрсатди. Ҳозирги кунда қир-адирлар бағридаги сув омбори ҳудудида 280 гектар ерда боғ барпо этилмоқда. Муҳташам меҳмон уйлари, ҳордиқ масканлари қад ростлаяпти. Бу жойлар яқин истиқболда Фарғона вилоятининг табиати сўлим туризм манзилларидан бирига айланиши шубҳасиздир. Бобо ва набира сув омборига биргаликда кўп келишган. Ўз қўллари билан эккан ниҳоллари ўсиб, кўкка бўй чўзмоқда. Орзулари бир олам бўлган Дилафрўз дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасасида бакалавриат, магистратура босқичларида ўқиб, юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- Табиат ва цивилизация уйғунлашган шаҳар – Сюрихдан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг