БМТнинг гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бўйича махсус дастури Тошкентда имзоланади

18:21 09 Сентябр 2021 Сиёсат
292 0

Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Вена шаҳрида Парламентлараро иттифоқ томонидан БМТ ва Австрия парламенти ҳамкорлигида ташкил этилган Аёл спикерлар 13-саммити ва Парламентлар раҳбарларининг 5-бутунжаҳон конференциясида иштирок этмоқда.

Ташриф доирасида Сенат раҳбари БМТ Бош котиби ўринбосари, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Фатхи Вали билан учрашди. Унда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, ушбу ташкилотнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун махсус дастурини қабул қилиш ҳамда гиёҳванд моддалар айланмаси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш сингари масалалар кўриб чиқилди.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Умумевропа принципларига тўла мос келадиган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг БМТ инсон ҳуқуқлари Кенгаши аъзоси этиб сайланиши мазкур ислоҳотларнинг жаҳон миқёсида эътироф этилишининг ёрқин исботидир.

«Давлат раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш, болалар ва тизимли мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам бериш, шунингдек, одам савдосига қарши курашиш борасидаги қабул қилинаётган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Тошкентдаги БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий ваколатхонаси ташкилотнинг хориждаги энг йирик ваколатхонаси ҳисобланади. Бу эса Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз нақадар муҳимлигини кўрсатади»,— дея таъкидлади Гада Фатхи Вали.

Учрашув давомида томонлар БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича 2022 — 2025 йилларга мўлжалланган янги минтақавий дастурини имзолаш учун БМТ Бош котиби ўринбосарининг жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида келишувга эришдилар. Мазкур дастурнинг амалга оширилиши одам савдоси, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ўрганиш, шунингдек, оила қадриятларини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари доирасида гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари салоҳиятини ошириш имконини беради.

Шунингдек, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси раҳбари Афғонистонда юз бераётган воқеалар муносабати билан минтақавий хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайдиган идоралараро ва трансчегаравий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?