Биз сув ичган дарёлар
Ўзбек ва қирғиз азалдан бир эту тирноқ. Бу ўхшашлик ҳатто мақолларимизда ҳам акс этган. Бизда “Меҳмон отангдек улуғ” деган нақл асрлар мобайнида сайқалланиб, ўз қадр-қимматини йўқотмай келмоқда. Қирғиз элида “Қанча пут келса – шунча қут келади” деган нақл бор. Бу юртга қанча кўп меҳмон келса, шунча файз ва барака келади, деганидир. Биз бир дарё ирмоқларидан сув ичадиган битта дарахтнинг икки япроғимиз. Тилни, дилни тушуниш учун бизга таржимон шартмас. Юзма-юз бўлганда қадрдон туйғулар, куй-қўшиқлар, мумтоз оҳанглар, қадри абад қадриятлар қалбларни-қалбларга меҳр ришталари билан боғлайверади. Икки юрт бўйлаб сайр қиларканмиз, табиат неъматларига ишора қилувчи жой номлари ҳам жуда ўхшаш: ўрикзор, олмазор, бодомзор, беҳизор, мингўрик...
Қирғиз халқининг жаҳонга машҳур адиби Чингиз Айтматов “Инсон юрт тупроғи ва ҳавосидан қувват олиб яшайди” дея ёзганида нақадар ҳақ эди. Бугунги кунда Қирғизистоннинг энг кенжа вилояти Баткенда 500 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Чорвачилик, боғдорчилик ҳудуднинг асосий драйвери бўлиб, сўнгги йилларда туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқлари, хусусий ва кичик бизнес жадал ривожланмоқда. Баткен ҳудуди бўйлаб 6 та катта-кичик дарёлар оқиб ўтади. Юз йиллар мобайнида бу дарёлар сувлари уч мамлакат – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ерларига оби ҳаёт бахш этиб келмоқда.

Баткен вилояти маркази бўйлаб юриб бораркансиз, шу йилнинг баҳорида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари кесишган нуқтада қад ростлаган “Дўстлик” стеласи кўзга ташланади. Мазкур шаҳар марказдан15 километр узоқликда жойлашган. Ҳудуднинг ўзига хос яна бир рамзига айланган “Баткен тўрт гул” сув сақлаш кўли чинакам табиат мўъжизасидир. Бу сунъий кўл 1974 йилда қуриб битказилган. Унинг асосий вазифаси Аксу дарёси сувини тўплаш, кўп йиллик оқимни тартибга солишга қаратилган. Кўлнинг узунлиги 5 километр, энг чуқур нуқтаси эса 26,8 метрдан иборат. Унинг умумий сиғими 90 миллион куб метр сувни ташкил этади. Бу ернинг ҳузурбахш табиати, тоза ва мусаффо ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас оласиз. Туркистон тоғ тизмалари билан ўралган ажойиб манзара, қуёш нурида товланаётган тиниқ сув қалбга ором бағишлайди. Пурвиқор тоғлар бир-бирига елка тутаётгандек, қизларнинг киприкларидек узун-узун сув ўтлари майин шабадада тебраниб, зилол сув зариф қўшиқлар хиргойи қилаётгандек туюлади.
— Ўриклар водийси ҳисобланувчи Баткеннинг иккинчи номи Ўрикзор, – дейди Қирғиз Республикаси халқ артисти Алия Жамантаева. — Халқ оғзаки ижоди, ўлан ва лапарларимизда ўрик билан боғлиқ ижод намуналари кўп. “Ўрикзорга кетайлик...” қўшиғи авлоддан-авлодга ўтиб, завол топмай келмоқда. Унда ота юртга соғинч, меҳр туйғулари мужассам. Алия ҳофиз қўшиқни маромига етказиб куйларкан, кўз ўнгингизда қардош элнинг бепоён ўрик боғлари намоён бўлади. Атрофингизда дарё ирмоқлари, сойлар, ариқлар сувларининг жилдириб оқиши эшитилади. Бу – сув симфонияси, мадҳияси, ёқимли оҳангидир...
Батткен вилояти марказидан тахминан 50 чақирим олисда “Мадиген” геопарки жойлашган. Тоғлар, қоя-тошлар салтанати бўлган бу масканда табиат гўзаллиги асрлар давомида асл ҳолича сақланиб қолгани ҳайратга сазовордир. ЮНЕСКОнинг маданий ёдгорликлари рўйхатига киритилган геопарк майдони 8160 гектардан иборат. Куннинг турли вақтларида тоғлар манзараси турфа рангларда ажиб жилва қилади. Бу ерда тонг отиши, кун ботиши манзарасини томоша қилиш жуда завқли. Геопарк кейинги йилларда АҚШ, Германия, Хитой, Россия, Ўзбекистон сингари дунёнинг ўнлаб мамлакатлари археологлари, қадимшунос олимлари томонидан кенг тадқиқ этилмоқда.

— Олимлар томонидан олиб борилган изланишлар мобайнида топилган динозаврлар қолдиқлари, қадимий балиқ турлари, маданий обидалар бир неча миллион йиллик тарихдан сўзлайди, – дейди шу ерлик меҳнат фахрийси Носир Ўролов. — Қадим даврларда бу ерда улкан денгиз бўлиб, у ҳатто ҳозирги Кавказ, Венгрия ҳудудларигача оқиб борган. Турли миллат ва элатларни оби ҳаёт билан таъминлаган.
Бугун Баткен аҳли давр билан ҳамнафас бўлган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнининг нафақат кузатувчиси, балки фаол иштирокчиси ҳамдир. Замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари бўйича бунёд этилиши режалаштирилаётган “Янги Баткен” шаҳри лойиҳаси кўлами, миқёси жиҳатдан қирғиз элининг бунёдкорлик салоҳиятини кўрсатади. Қардош юртга саёҳат давомида тоғлар, дарёлар, хуллас, она табиат бизга содиқ ҳамроҳ бўлди. Сув йўллари бўйлаб юриб, яна қадрдон диёр қучоғига етиб келдик. Биз билан ёнма-ён юрган улкан дарёлар эса ўз йўлида тинчгина оқиб кетаверди.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг