Бир йил ичида бутун дунё бўйлаб қизамиқ билан касалланиш икки баравар кўпайган — ЖССТ

00:16 29 Апрель 2024 Дунё
336 0

Иллюстратив фото

2023 йилда дунё бўйлаб қизамиқ билан касалланиш 2022 йилга нисбатан қарийб икки баравар кўп қайд этилган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Барселонада бўлиб ўтган Европа клиник микробиология ва юқумли касалликлар жамияти глобал конгрессида тақдим этилган ҳисоботида айтилди.

ЖССТ маълумотларига кўра, ўтган йил давомида шифокорлар 321 582 қизамиқ инфекциясини аниқлаган. Бу 2022 йилга (171 153 та ҳолат) нисбатан 88 фоизга кўпдир.

ЖССТ 2022 йил декабридан 2023 йил ноябригача қизамиқнинг оғир эпидемиясидан жабрланган мамлакатлар сони уч бараварга — 17 тадан 51 тага кўпайганини таъкидлади. Оғир эпидемиялар 12 ой давомида 1 миллион аҳолига тўғри келадиган касалликнинг 20 ва ундан ортиқ ҳолатларининг барқарор даражаси сифатида аниқланади.

2024 йил бошидан буён бутун дунё бўйлаб тахминан 94 481 қизамиқ ҳолати қайд этилган. Уларнинг 45 фоизи ЖССТ Европа минтақасига тўғри келади. Яман, Озарбайжон ва Қирғизистон глобал миқёсда касалланиш даражаси энг юқори бўлган давлатлар, деб топилди.

ЖССТ мамлакатлар қизамиққа қарши эмлаш кампанияларини кучайтириши кераклигини таъкидламоқда. 2022 йилга келиб, COVID-19 пандемияси даврида бутун дунё бўйлаб қизамиққа қарши эмлашлар сони 3 фоизга камайган ва бунинг натижасида 33 миллион бола касалликдан ҳимояланмаган.

Мутахассисларнинг тахминича, қизамиққа қарши эмлаш 2030 йилга бориб 50 миллион бевақт ўлимнинг олдини олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер