“Билимхона”: шунчаки келиб кетма, билиб кет!

14:37 07 Ноябрь 2025 Жамият
203 0

Паркент туманидаги “Кумушкон” маҳалласида “Билимхона” электрон кутубхонасининг тантанали очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирда Паркент тумани ҳокимлиги вакиллари, масъул ташкилотлар ходимлари, нуронийлар ва ёшлар қатнашиб, бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Туман ҳокимлиги ва “Ипотека банки” томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳага мувофиқ, ёшларнинг касбий ва рақамли технологиялар бўйича кўникмаларини такомиллаштириш учун зарур техник воситалар ва қулай ўқув шароитлари яратилмоқда.

— 814 нафар кумушконлик ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда бу каби ташаббуслар муҳим аҳамият касб этади. Маҳалламиз туман марказидан қарийб 15 километр узоқликда эканлигини ҳисобга олсак, янги “Билимхона”нинг аҳамияти икки карра ортади. Эндиликда ёшлар дарсдан сўнг ва қолган бўш вақтида бу ерда янги билим олиши мумкин бўлди, — дейди “Кумушкон” маҳалласи ёшлар етакчиси Мурод Азимбоев.

“Билимхона” электрон кутубхонаси бир вақтнинг ўзида 50 китобхонга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Бу масканда фойдаланувчилар учун электрон платформалар орқали китоб мутолаа қилиш ва билимларини ошириш имконияти яратилган. Махсус ўқув курсларида эса компьютер технологиялари ва дастурлаш бўйича сертификат олиш мумкин.

Қайд этиш лозим, бугунги кунгача шу кўринишдаги электрон кутубхоналар Жиззах вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларида фойдаланишга топширилган эди. Фойдаланувчилари шунчаки келиб эмас, билиб кетадиган бундай зиё масканларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам очиш кўзда тутилган.

Отабек ИСРОИЛОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?