«Бенту? Хайрли бўлсин». Темур Кападзе терма жамоага янги бош мураббий тайинланишига муносабат билдирди

Эртадан Тошкент шаҳрида Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси томонидан уюштирилаётган «CAFA National Cup» турнирининг «B» гуруҳи старт олади.
Бугун анъанага мувофиқ равишда, мусобақа олдидан терма жамоаларнинг бош мураббийлар билан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Умон терма жамоаси устози Карлос Кейруш, Туркманистон терма жамоаси устоз Ровшан Мередов, Қирғиз Республикаси терма бош мураббийи Урмат Абдукаримов ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Тимур Кападзе иштирок этди.
«Ўзбекистон МТЖ ҳақида менда аниқ маълумотлар бор, жамоа ҳақида яхшигина таассуротлар бор. Улар анча ўсишди. Албатта, биз бир неча йиллар аввал Ўзбекистон билан ўйинларда бир неча қадам олдинда эдик. Лекин ўша даврлардаёқ мен терма жамоангизда анча ўсиш бошланганини ҳис қилганман.
Юртингизда футболда анча ўзгаришлар бўлмоқда. Уларни кузатиб бораман. Ўзбекистонда футболни қандай қилиб ривожлантириш мумкинлигини тушуниб олди. Бу эса натижаларда ҳам акс этмоқда. Терма жамоа ЖЧга чиқди, шунингдек, бир қатор футболчиларингиз Европада ишончли ҳаракат қилмоқда. Ривожланиш стратегияси жуда узоқ давом этади, аммо ҳозирда сизлар анча ривожланмоқдасизлар», деди Кейруш.
«Барча рақибларни ҳурмат қиламиз, лекин ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир бош мақсадимиз Осиё кубогига йўлланма олиш.
ФИФА кунлари бошланмагани сабабли бир қатор футболчиларимиз биз билан эмас. Ҳозирча Мингазов ва Чариев ҳозир таркибимизда йўқ, лекин мусобақа охиригача келиши мумкин», деди Туркманистон терма жамоаси устози Ровшан Мередов.
Матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Тимур Кападзега ушбу тадбирда терма жамоа аъзоси Азиз Турғунбоев ҳамроҳлик қилди.
«Мусобақага тайёргарлик яхши кетмоқда, барча футболчилар оптимал ҳолатда. Легионерларимиз аста-секин йиғинга қўшилмоқда. Бу турнир биз учун фойдали бўлади, бор эътиборимизни мусобақага қаратганмиз. Ватан жамоаси битта – унга ҳаммамиз мухлислик қиламиз. Мундиалга оз вақт қолди, муносиб тайёргарлик кўришимиз керак.
Сўнгги йилларда футболимиз ривожи учун барча шароитлар яратилмоқда, ислоҳотлар давом этмоқда. Машарипов ва Ашурматов биз учун жиддий йўқотиш. Баъзи футболчилар клубларида ўйин ўтказиб кейинроқ йиғинга қўшилмоқда, тактик ва жисмоний тайёргарлик учун вақт кам, лекин бу табиий жараён», деди Ўзбекистон терма жамоаси устози Тимур Кападзе.
Шунингдек, мутахассис Ўзбекистон миллий терма жамоасига португалиялик мураббий Пауло Бенту келиши ҳақидаги гап-сўзлар юзасидан берилган саволга қуйидагича жавоб берди:
«Бенту? Хайрли бўлсин. Биз ҳар доим Ватан, жамоасини қўллаб-қувватлаймиз, ном учун эмас Ўзбекистонга мухлислик қиламиз».
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Турғунбоев эса анжуманда қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
«Яхши кайфиятда йиғинга келдик, машғулотлар ҳам, тайёргарлик жараёни ҳам самарали ўтмоқда. Олдимизда муҳим ўйинлар турибди.
Мухлисларни стадионга таклиф қиламиз. CAFA мусобақаси ҳақиқий футбол байрами бўлади. Жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун мухлисларимизни эртанги ўйинда биз билан бирга бўлишга чақириб қоламиз».
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси «CAFA National Cup» турниридаги дастлабки ўйинини 30 август куни Ўмон Султонлиги терма жамоасига қарши ўтказади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг