Беназир камолот соҳиби
Фото: Халқ сўзи
Бугун буюк давлат арбоби, саркарда, закий шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига 539 йил тўлди. Андижон шаҳрида Бобур номидаги майдонда санага бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Андижон вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда иштирок этган ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, хорижлик меҳмонлар Бобур ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

— Бобур ҳаёти ва ижодининг ҳали биз билмаган қирралари жуда кўп, — дейди ёзувчи Қамчибек Кенжа. — Бобур номидаги халқаро жамоат фонди таркибида кўплаб хорижий давлатларда бўлиб, бобокалонимиз ҳақида ўзбек халқига маълум бўлмаган маълумотларни тўплашга эришдик. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳали давом этади. Зеро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан яратилган бебаҳо асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти жуда катта.
Тадбир давомида шоҳ ва шоир қаламига мансуб асарлардан парчалар ўқилди, унинг давлат бошқаруви ва шахсий ҳаётдаги ибратли хислатлари ёдга олинди. Бу ифодалар саҳна асарлари орқали жонли образларда яна бир бор тақдим этилди.

Шу куни Бобур номидаги халқаро жамоат фондида Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро конференция ҳам бўлиб ўтди. Онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда ўнга яқин давлат вакиллари иштирок этдилар.
— Бобурни Афғонистонда ҳам севиб ўқийдилар, — дейди бобуршунос олима, профессор Шафиқа Ёрқин. — Шу боис биз олимлар уни ўрганишдан чарчамаймиз. Қанча ўрганганимиз сари у ҳақида кўп нарсани ўрганишимиз кераклигини англаймиз. Демак, бизнинг олдимизда бу борадаги изланишларни янада жонлантириш, унинг ўлмас асарларини татбиқ этиш, қанчалар одил подшо бўлганлигини ёрқин ифодаларда тасвирлаш вазифалари турибди.

Конференция давомида анъанага биноан, бобуршунос олимларнинг янги изланишлари, илмий мақолалари, эришилган ютуқлар ва бу борада бажарилиши муҳим бўлган вазифалар ҳақида фикрлар юритилди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган тадбирлар, адабий кечалар жойларда давом этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
- Уруш, жасорат ва спорт: ҳафта давомида дунё эътиборини тортган 10 та сурат
- «Humans» Ўзбекистондан юзлаб миллион доллар зарарни қоплашни талаб қилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг