Бедорликка даъват
“Видеоселектор” сўзи кенг омма тилига кириб келганига унчалар кўп бўлгани йўқ. 2020 йилги пандемия шароитида унинг имкониятларидан кўпроқ фойдаланишга тўғри келди, бир қадар афзалликлари кўзга ташланди. Хусусан, жамиятимизда тобора кенг тус олаётган очиқлик, шаффофлик сиёсати борасида бу техник қулайлик айни муддао эканлиги ўз исботини топмоқда.
Муҳташам мажлис хонасига йиғилган вазирлар, турли тоифадаги раҳбарлар, мутасаддилар, зиёлилар қаторида вилоятлардаги жамоатчилик вакиллари иштирок этаётир, ҳамма Президент нутқини бевосита тинглаш, бўлаётган музокараларда муносабат билдириш имконига эга бўлмоқда. Олдиндан айтадиган бўлсак, вилоят ҳокимлари, маҳаллий раҳбар вакиллари, ҳатто олис юртда хизмат сафарида бўлган маданият вазиримиз ҳам экран орқали мажлис хонасида “ҳозиру нозир”.
Мажлис ана шундай ишчан бир кайфиятда бошланди.
Одатда нутқ ёки маърузанинг оҳангини мавзу белгилайди. Маънавият-маърифат масалалари ниҳоятда азалий-боқий — инсон инсон бўлибдики, унга йўлдош, унга ҳамдам туйғуларга, фазилатларга, қадриятларга эш бўлиб кетган. Президент вазифалар қўяр экан, бир неча ўринда “вазминлик”, “шошмаслик”, “аста-секинлик” сўзларини бежиз тилга олмади. Шу билан бир вақтда, маънавият масалаларига тааллуқли ғоятда долзарб вазифалар ҳам борки, бу борада сусткашликка асло йўл қўйиб бўлмаслиги нотиқнинг бизга таниш бўлган қатъиятида, талабчанлигида сезилиб турди. Ҳаёт, давр кўндаланг қўяётган ҳолатларда кескин амалий чоралар белгилашга мажбур эканлигимиз таъкидланди нутқда. Зеро, инсон ва жамият ҳаётида маънавиятдан четда қолиши мумкин бўлган бирон соҳа, бирон қатлам йўқ. Тарбияда, яъни маънавиятда танаффус бўлмаслиги керак. Ёшлар тарбияси, истиқболи бўладими, хавфсизлик муаммолари бўладими, халқимизнинг руҳиятидаги миллий бирлашиш, жипслашиш масалалари бўладими — барчасининг ўзак-ўзагини маънавият ташкил қилади.
Биз мамлакатимизда кейинги тўрт йил мобайнида юз берган ва бераётган ўзгаришларни баралла айтмоқдамиз, бироқ шунга қарамай, “ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўп”. Миллий ғоямиз моҳиятини тўлиқ англаб етмаганлар, ҳаётбахш эврилишларга юзаки, бепарво, лоқайд қарайдиганлар йўқ эмас. Шу ўринда давлатимиз раҳбари мақсад-маслагимизнинг ўқ илдизини, пойдеворини ҳаммабоп тарзда очиқ-ойдин, лўнда ва тушунарли баён этди. Яъни янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз.
Мажлис иштирокчилари мазкур жумлаларни ҳали кўп ўқийдилар, ҳар бир ибора ва сўз устида жиддий мулоҳазаларга берилади, инсон умрининг маъно-мазмуни, ҳикмати, фалсафаси, жозибаси хусусида ўйга толади. Ахир Ер юзининг қайси гўшасида яшаётган бўлмасин, бу ёруғ дунёга инсон сифатида келган, туғилган тирик жон учун эзгуликдан, одамийликдан, инсонпарварликдан буюкроқ, муқаддасроқ тушунча борми?! Ўзбекистон раҳбари инсон камолоти учун фикр тарбияси, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясидан улуғроқ саодат йўқлигини уқтирмоқда.
Замон эса қалқиб турибди. Не-не ақл-идроклар, куч-қувватлар, маблағлар манфаатлар йўлида совурилмоқда. Манфаатлар ғанимлик, душманлик уруғини беармон сочмоқда. Истеъмолчилик ортидан урчиётган худбинлик туйғуси аллақаердаги сунъий-ясама тушунчалар орқали ҳали шаклланиб улгурмаган онглар, тафаккурларни йўлдан оздирмоқда. Эркакнинг эркаклигига, аёлнинг аёллигига таҳдид солмоқда. Ўзбек учун энг муқаддас ҳисобланган “оила” тушунчасини ғорат қилмоқда. Аҳволнинг ташвишли, ҳатто таҳликали тус олиши шундаки, Президент жуда топиб айтганидек, маънавий таҳдидлар чегарани бузмай, эшикларимизни тақиллатмай, хонадон соҳибларини огоҳлантирмай-нетмай уйимизга, оиламизга, қалбимизга кириб, жойлашиб олмоқда.
Бу сингари бонг уришлар, огоҳликка даъватлар қулоқларга бот-бот чалинганини тан олмоқ адолатдан, албатта, бироқ нима сабабдан ўзимиз истаган натижа, самара кўринмаяпти, деган кўндаланг савол туғилмоқда. Президент жавобини берди бу саволларнинг: жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар илмий асосда ташкил этилмагани, таҳлил қилинмагани учун ҳам кутилган натижа кўринмаяпти. Шундан келиб чиқиб, Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Бу янги ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь кунидан илм-фанга изчил аҳамият бера бошлаган концептуал ёндашувнинг мантиқий давоми. Табиий, мажлисда ислоҳотларнинг натижасини таъмин этувчи молиявий асослар, чунончи, рақамлар белгиланди. Маънавият ишларини тизимли ташкил қилиш механизмини пухталаш, жумладан, мактабгача тарбия, мактаб, маҳалла ролини ошириш, шунингдек, тарихимизни миллий руҳиятимиздан келиб чиққан ҳолда ўрганиш, яратиш вазифалари қўйилди.
Мамлакатимизда маънавият масалалари билан бевосита шуғулланадиган марказлар, ташкилотлар, идоралар мавжуд, йиғилишда уларнинг иш фаолиятини тубдан ўзгартириш, янгилаш орқали яхлит тизим вужудга келтиришга доир вазифалар белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг айни ҳолатдан келиб чиққан ҳолда илгари сурган хулосаси миллий зеҳниятимизда ҳамиша барҳаёт бўлмиш боқий мағз-маънога ўзгача, янгича куч-қувват бағишлади.
Маънавият иши — ҳамманинг иши. Вужудида инсонлик мартабаси мавжуд деб ҳисоблайдиган ҳар бир ватандошимиз, миллатдошимиз маънавий-маърифий тарбия йўлида ўзини масъул ва бурчли ҳис этмоқликлари ҳам фарз, ҳам қарздир.
Озон қатлами ва зиёлилар
Бу мавзудаги йиғилишлар, анжуманларни, айниқса, биз, зиёлилар, қалам аҳли тугамаса, деймиз. Хусусан, тадбирнинг шахсан Президент раислигида ўтаётгани, у кишидаги янги фикр-мулоҳазаларга ташналик, фикр алмашишга бўлган иштиёқ, чорлов мажлис иштирокчилари шуурида, қалбида олам-олам таассурот уйғотганига шак-шубҳа йўқ. Айниқса, Ёзувчилар уюшмамиз раҳбариятига, фаолларига кўрсатилган эътибор, берилган далда ижод аҳлининг ғайратига ғайрат қўшгани муқаррар. Минбардан сўзлар айтилди, Президент “Яна кимда қандай таклифлар, истаклар бор, марҳамат”, дея илтифот кўрсатди. Шунга қарамай, истиҳола, ўнғайсизлик, қолаверса, мажлис аҳлининг қимматли фурсатларини олмаслик андишаси журъатни жиловлади. Ваҳоланки, Президентга, мажлис аҳлига айтар мулоҳазаларим бисёр эди...
Юзаки қараганда, маънавият кўзга кўринмас, мавҳум тушунчадек туюлади. Аслида эса маънавият ҳар қадамда, ҳар лаҳзада кўз ўнгимизда намоёндир. Инсон саҳар уйқудан уйғонган лаҳзалардан то оқшом боши ёстиққа теккунга қадар уни маънавий қадриятлар бирон лаҳза тарк этмайди. Оддий мулоқот чоғидаги муомала-муносабатда, бежирим иморат ёки шинам хиёбон қучоғида маънавият учқунлари, ёғдулари чарақлаб туради.
Буюк Ф. Достоевский асарларидан бирида шундай жумла келади: “Кўча шу даражада зимистон эдики, беихтиёр жиноятга қўл ургинг келади”. Маънавиятдан, назокатдан йироқ қалб эгасининг дили бамисоли зимистон кўча, шу боис у эзгуликдан кўра ёвузликка мойил. Маърифатчининг, ижодкор аҳлининг вазифаси, бурчи эса ана шундай одамлар қалбига чўғ ола кира билишда.
Мен эътиборингизни кўча ҳаракати маданиятига, яъни маънавиятига қаратмоқчи эдим. Турмуш тарзининг фаровонлашуви шарофати билан мамлакатимиз кўчаларида ҳаракат тиғизлиги кун сайин ташвишли ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Юз бераётган бахтсиз ҳодисалар, бевақт йўқотишлар ҳам ҳайдовчилар, ҳам пиёдаларга қаратилган “Кўча ҳаракати маданияти” йўналишида алоҳида тадбир ва дастурлар ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Эҳтимол, шунда кўплаб амалий самарага эришилган бўлар эди.
Президентимиз “атрофимиздаги барча сиёсий-ижтимоий жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан тилда етказиб берадиган таҳлилчи ва экспертларимиз жуда кам”лигини айтганида беихтиёр Ер юзидаги ҳаёт ҳамда яшовчанлик муҳитини таъмин этишда озон қатламининг ўрни қандайлиги ёдга тушди.
Тегишли фанлардан маълумки, нари борса 3 — 5 сантиметр қалинликдаги озон қатлами кислородни тўйинтиради ва Қуёшнинг зарарли таъсирларидан табиатни, жондорларни асрайди. Жамиятдаги зиёли қатламни ана ўша озон қатламига қиёслашади, яъни зиёли қатлам ниҳоятда юпқа ва нафис бўлади.
Савол туғилади: сони 35 миллиондан ошиб бораётган мамлакатимиз аҳолисини маънавият-маърифат деб аталувчи кислород билан таъмин этувчи “озон қатлами” — зиёли қатлам нечоғли пухта, нечоғли кифоя қилади? Мухтасар айтганда, бор имконият етарлими? Ёхуд бу қатламни янада кўпайтириш, унинг сифат даражасини ошириш устида бош қотиришимиз даркорми?
Улар йўқ эмас, бор, лекин, давлатимиз раҳбари айтганидек, жуда-жуда кам. Ваҳоланки, таъсирчан тарғиботчилик мутлақо хос соҳа, мутлақо нозик ва жиддий маҳорат талаб этувчи санъатдир.
2015 йил баҳорида рус халқининг севикли адиби Валентин Распутин вафот этди. Шунда Россия телевидениеси берган расмий ахборот қуйидагича бошланди: “Умер духовный губернатор Иркутска, писатель Валентин Распутин...”
Савол туғилади: мисол тариқасида айтсак, Фориш туманида “духовний губернатор” борми? Чироқчи ё Бувайданинг “маънавий ҳоким”и ким? Урганч ёки Тошкент шаҳрининг маънавий етакчиси бўлса, уларни ҳокимлар танийдиларми, аҳоли танийдими?
Кенг халқ оммаси, кези келганда, ана шундай маънавий фаоллар сўзига қулоқ солади, уларга ишонади, уларга эргашади. Шу нуқтаи назардан ҳам таҳлилчи ва экспертлар сафини ниҳоятда жиддий мустаҳкамлашимиз зарурлиги кўринади.
...Видеоанжуман ниҳоясига етди. Янгидан-янги фикрлар, мулоҳазалар тасаввурларимизда қайтадан кўз очди, бедорликка чорлади. Зеро, замон, давр ва ҳаёт синовлари биз замондошларни, айниқса, зиёлиларни турмушимизга теран назар-нигоҳ билан қарашга, мудом ва яна мудом уйғоқликка, ҳушёрликка ундамоқда.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
ёзувчи
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг