«Барселона»дан ғалаба, Англия клублари муваффақиятли юришини давом эттирди
Кеча, 21 январь куни Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг 7-тур ўйинлари давом эттирди. Кун доирасидан ўрин олган асосий баҳсларга тўхталиб ўтамиз.
Кечаги кунни очиб берган баҳсда Озарбайжон чемпиони «Қарабоғ» жамоаси ўз майдонида Германиянинг «Айнтрахт» клубини қабул қилди. Таъкидлаш жоизки, Озарбайжон чемпиони ушбу ўйинга тайёргарлик доирасида Ўзбекистон Суперлигаси ғолиби Фарғонанинг «Нефтчи» клуби билан ўртоқлик ўйини ўтказган ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Бу галги баҳс ҳам Гурбанов шогирдларининг ғалабаси билан якунланди. 3:2 ҳисобида якунланган ўйинда голларга ғолиблар сафидан Камило Дуран (2 та) ва Баҳлул Мустафазода муаллифлик қилди. Германия клубининг жавоб голлари эса Кан Узун ва Фареш Чаиби ҳисобига ёзилди.
Яна бир қизиқарли ўйинда Туркия чемпиони «Галатасарой» клуби ўз майдонида Испаниянинг «Атлетико Мадрид» жамоаси билан дуранг ўйнашга муваффақ бўлди.
Ўйинда ҳисоб 4-дақиқада «матрасчилар» аъзоси Жулиано Симеоне томонидан очилди. 20-дақиқада ҳисоб тенглашди. «Атлетико» футболчиси Маркос Льоренте ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Шу тариқа учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.
Испаниянинг яна бир клуби — «Барселона» ушбу тур доирасида Прага шаҳрида «Славия» жамоаси меҳмони бўлди. Ўйин Ханс Флик жамоасининг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувда киритилган голларга ғолиблар сафидан Фермин Лопес (2 та), Дани Олмо ва Роберт Левандовски муаллифлик қилди. «Славия Прага»нинг жавоб голига эса Васил Кушей муаллифлик қилди. Яна бир гол автогол сифатида Роберт Левандовски ҳисобига ёзилди.
Арне Слот бошчилигидаги «Ливерпуль» клуби тур доирасида Францияда «Марсель» жамоаси меҳмони бўлди. Ўйин «мерсисайдликлар»нинг йирик 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувда киритилган голларга Коди Гакпо ва Доминик Собослаи муаллифлик қилди. Яна бир гол автогол сифатида «Марсель» дарвозабони Жеронимо Рулли ҳисобига ёзилди.
Бу тур том маънода АПЛ жамоалари учун аталган дейиш мумкин. Бир кун олдин «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» ишончли ғалабага эришган бўлса, 21 январь куни «Ливерпуль» йирик ғалаба қайд этди. Англиянинг яна бир клуби — «Челси» ҳам бу турда ғалаба қозонди, аммо анча қийинчилик билан.
«Аристократлар» бу тур доирасида мусобақанинг яққол аутсайдерларидан бири бўлган Кипрнинг «Пафос» клубини қабул қилди. Учрашув 1:0 ҳисобида якунланди. Ўйинда киритилган ягона голни мухлислар 79 дақиқа кутди. Айнан шу дақиқада Моисес Кайседо «Челси»га ғалаба келтирган голни киритди.
Кун доирасида бўлиб ўтган бошқа ўйинларда қуйидаги натижалар қайд этилди:
«Атланта» (Италия) — 2:3 «Атлетик Бильбао» (Испания);
«Ньюкасл» (Англия) — 3:0 PSV (Нидерландия);
«Ювентус» (Италия) — 2:0 «Бенфика» (Португалия);
«Бавария» (Германия) — 2:0 USG (Бельгия).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг