Барча ислоҳотлар марказида – инсон

19:21 04 Декабрь 2025 Жамият
158 0

Конституция — давлатчиликнинг бош қонуни, жамият тараққиётини белгиловчи асосий мезон ва мустаҳкам пойдевордир. Жамият ҳаётини тартибга солувчи барча қонунлар aйнан шу Асосий Қонун асосида яратилади. “Конституция” атамаси лотинча “Constitution” сўзидан олинган бўлиб, “тузилиш”, “тузук” маъноларини англатади. Бу атама илк бор қадимги Римда император конституцияси номи билан қўллана бошлаган.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақил давлатчилигимиз шаклланиши ва жамият ривожи учун ҳақиқий ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилди. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз улкан тараққиёт босқичларини босиб ўтди. Бу жараёнда Конституциямиз ҳам замон талабларига мос равишда такомиллашиб борди. Шу туфайли 2023 йил 1 майига қадар амал қилган Конституция халқаро талаб ва стандартларга тўла мос келар эди.

Янги ривожланиш босқичига қадам қўйилиши натижасида айрим конституцион нормаларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш зарурати туғилди. 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда халқимиз юксак ҳуқуқий маданияти ва фаол фуқаролик позициясини намоён этиб, Конституциянинг янги таҳририни қабул қилди. Замонавий мезонлар асосида янгиланган Бош Қомус давлат бошқаруви, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва суд-ҳуқуқ тизимининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.

Энг муҳим янгиликлардан бири — “давлат – жамият – инсон” тамойили ўрнига “инсон – жамият – давлат” тартибининг жорий қилиниши бўлди. Бу эса инсон манфаатини бош қадрият сифатида белгилаб қўйди. Янгиланган Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга оширилди. Жумладан, эҳтиёжманд тоифаларни уй-жой билан таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини инсонга муносиб турмуш даражасини ҳисобга олган ҳолда белгилаш, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан тақдим этиш каби қоидалар аниқ белгиланди.

54-моддада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида белгилаб қўйилган бўлса, 20-моддада ушбу мақсадга эришишнинг муҳим асослари — инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблиги ва уларнинг мақсадга мувофиқлиги белгилаб берилган. Давлат органлари билан фуқаро ўртасидаги муносабатларда барча ҳуқуқий зиддият ва ноаниқликлар инсон манфаатига талқин қилиниши қонун даражасида мустаҳкамланди. Янги таҳрирда Конституция тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳуқуқий ҳужжат сифатида эътироф этилди. Демак, фуқаро амалдаги ҳаётда Конституция нормаларини қўллаши мумкин, тегишли қонун ёки қоидалар мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам Бош Қомус бевосита ишлайди.

Шунингдек, “хабеас корпус” институти янада кенгайтирилди: шахсни 48 соатдан ортиқ суд қарорига эга бўлмасдан ушлаб туриш мумкин эмас; телефон сўзлашувларини эшитиш ва тинтув ўтказиш фақат суд рухсати билан амалга оширилади. Жиноятда гумонланган шахсга унинг ҳуқуқлари — жумладан, сукут сақлаш ҳуқуқи — илк сонияларданоқ тушунтирилиши шартлиги, ҳеч ким ўзига ёки яқинларига қарши кўрсатма беришга мажбурланмаслиги каби “Миранда қоидалари” Конституция даражасида мустаҳкамланди. Бу нормалар инсонни асоссиз жиноий таъқибдан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам муҳим конституцион ислоҳотлар амалга оширилди. Судьянинг мустақиллиги таъминланиши, ҳисобдорликка тортилишининг чекланиши, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этишга асос бўлмаслиги каби қоидалар одил судловни мустаҳкамлайди. Конституциямизга киритилган барча янгиликларнинг марказида — инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ғояси ётади.

Фарҳод ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Самарқанд вилоят судининг судьяси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер