Барча илмларнинг макони ёки генерални лол қолдирган Мирза Салимбек ким эди?

19:41 13 Август 2024 Жамият
190 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро амирлигининг Тошкентдаги савдо вакили вазифасида ишлаган Мирза Салимбекни Туркистон генерал-губернатори Николай Гродековнинг уйига меҳмонга чақиришди. Казо-казолар тўпланган даврада генерал Константин Розгонов Мирза Салимбекка юзланиб, Европанинг қатор давлатларига саёҳат қилганини, Туркия, Эрон ва Хитойда ҳам бўлганини, кўплаб китоблар ўқиганини айтди. Қаерга бормасин, жуда нафис тайёрланган тилла ва заргарлик буюмларини кўрганини баён қилди.

— Бу санъат асарларининг қаердан олиб келинганини сўраганимда, Бухородан деб жавоб беришарди, — давом этди генерал. — Мен яна сизлар тайёрлаган маҳсулот қаерларда сотилади, дея сўраганимда, улардан «Кўпинча Бухорода» деган жавобни эшитдим. Билишимча, Бухоронинг майдони у қадар катта эмас. Бошқа давлатлардан келаётган маҳсулотлар қаерга сарфланяпти? Бошқа давлатларга сотилаётган мўъжизавий буюмларни қандай яратяпсизлар?

Бу саволдан сўнг даврада бир лаҳза сукунат чўкди. Ҳамма эътиборини Мирза Салимбекка қаратди.

— Сиз ўзингиз ўқиган китоблар ҳамда саёҳатлардан орттирган билим ва хотираларингизни эслаб қоласиза? — деди саволга жавобан Мирзо Салимбек. «Албатта» деган жавобни эшитгач, давом этди: — Ушбу маълумотлар танангизнинг қайси қисмида сақланади?

— Мен уларни қалбимда сақлайман, — жавоб қайтарди генерал.

— Қалбингизнинг ҳажми қанча? — сўрашда давом этди Мирзо Салимбек ва «Катта бармоғимча» деган жавобдан сўнг «»Қандай қилиб саёҳатлар натижасида орттирилган шунча билим кичик бир юракка жойлаша олади? Нега улар бошда ёки қоринда, ё белда жойлашмаган?», дея унга синчков назар ташлади.

Генерал ҳам анойилардан эмасди. У «Буюк Аллоҳ барча илмларнинг макони сифатида юракни белгилаган», деди. Шунда Мирзо Салимбек «Шифокорлар инсон танасини етти қисмдан иборат дейишади. Ер ҳам етти иқлимдан иборат. Бир нарса аниқки, Ер курраси инсониятнинг яшаш макони бўлиб, у ҳам инсон танасига монанд яратилган. Истанбул Ернинг боши, Москва бели, Европа қорни, Хитой оёқлари, Эрон қўллари, Бухоро эса унинг қалбидир», дея жавоб қайтарди.

Бу гапдан сўнг тўпланганларнинг барчаси ўринларидан туриб Мирзо Салимбекни олқишлашди. Хонадон соҳиби Гродеков эса жавондаги қутича ичида турган тилла соатни олиб, Салимбекка узатаркан «Ҳозирча менда бори шу, аммо сенинг жавобинг учун нимаики берсам камлик қилади», дея донишманд бу инсоннинг ҳурматини жойига қўйди.

Дарвоқе, Мирзо Салимбек ким эди? Бу ҳақда қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. 1850 – 1930 йилларда яшаб ўтган бу аждодимиз тарихчи, шоир, сиёсатчи, давлат арбоби саналади. У Бухоро амирлиги даврида Яккабоғ, Нурота, Бойсун, Шеробод, Шаҳрисабз ва Чоржўйда ҳоким бўлган. Амир Абдулаҳадхон 1885 йилда уни элчилар таркибида Петербургга жўнатган. Мирзо Салимбек Бухорода ўз маблағи ҳисобидан мадраса барпо этган. Масжид ва зиёратгоҳларни обод қилган, ариқлар қазиб, аҳолининг томорқа ерларини суғориши учун шарт-шароит яратган. У қатор тарихий ва бадиий китоблар муаллифи ҳам саналади. Айтмоқчи, биз юқорида тафсилотини келтирган воқеа Мирзо Салимбекнинг мозийшунослар алоҳида қадрлайдиган «Тарихи Салимий» китобида батафсил ёритилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер