Балиқ эмас, қармоқ беринг
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Баъзан олий маълумоти бўлмаса-да, оддий ҳунари орқали оиласини тўкис қилиб қўйганларга ҳавасимиз келади. Уйда туриб бир қарич томорқасидан хазина топаётганлар, бир қўли ёки оёғи бўлмаса-да, икки қўли бутун, икки оёғи соғлом одамлардан кўпроқ муваффақиятга эришганларни кўриб, тасанно айтамиз. Аммо шундай тоифа ҳам борки, давлат менга уй қуриб бериши, боқиши керак, деган даъво билан яшайди. Тўрт мучанг соппа-соғ бўлса, бирор касб-ҳунарнинг бошини тут, десангиз бошингиз балога қолади. Тўғри, тирикчиликнинг айби йўқ. Аммо андишанинг оти қўрқоқ эмас. Боқимандалик – тирикчилик манбаига айланиб қолмаслиги керак.
Фарғона вилоятида ҳам ҳали боқимандалик кайфиятида юрган, қаерда сайёр қабул бўлса, ўша ерда пайдо бўлиб ҳокимият вакилларидан уй-жой, озиқ-овқат, пул талаб қиладиганлар йўқ эмас. Қизиқ-да, баъзан чиндан мурувватга муҳтожлар ҳатто маҳалласидан бериладиган ёрдам пули ёки озиқ-овқат маҳсулотларини бориб олишга орланади. Маҳалла вакиллари хонадонига элтиб берганида ҳам минг андиша билан ёрдамни қабул қилади. Қанийди, кунора турли идораларга қатнаб, нимадир талаб қиладиганлар шулардан ўрнак олса!
Журналистик кузатувларим асосида шунга амин бўлдимки, кам таъминланган оилалар рўйхатига турганларнинг ҳаммаси ҳам ёрдамга муҳтожмас. Куни кеча ҳудудлардаги сайёр қабулда яна бир таниш чеҳрани учратдим. Тоғни талқон қиладиган бу эркак ҳар куни саҳардан ҳокимиятга келади. Шу тарзда ҳокимлик кўмаги билан барча қурилиш материалларини олиб, уй қурди. Лекин ҳали ҳамон боқимандалик кайфиятидан қутилгани йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси масъулларининг маълум қилишича, жорий йилнинг 11 ойида вилоятда сектор раҳбарлари иштирокида қарийб 4 мингта оммавий сайёр қабул ўтказилди. 25 мингдан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди. Уларнинг 16,7 мингтаси – 70 фоизи ижобий ҳал этилди. Албатта, ҳар бир мурожаат ортида инсон ҳаёти турибди.
Қува туманида истиқомат қилувчи М.М. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ ва Виртуал қабулхонасига 417 маротаба мурожаат йўллаган. Асосан компенсация ундириш, моддий ёрдам олиш ва уй-жойини таъмирлаш бўйича ёрдам сўраган. Сектор раҳбари бир неча марта қурувчиларни жалб этиб, ҳомийлик асосида уй-жойини таъмирлатиб берди. Яшаш хонадонининг бузилган қисми учун туман марказидан алоҳида ер майдони ажратилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан нақд пул кўринишида 100 миллион сўм компенсация берилди. Доимий равишда оиласи озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминланди. Саломатлигини тиклаш учун санаторийга йўлланма тақдим этилди. Лекин у доим ҳаммадан норози, ҳамиша ёрдамга муҳтож. Уйига битта мих етмаса ҳам бунга худди ҳокимият айбдордек раҳбарлар устидан юмалоқ хат ёзишдан тўхтамайди.
Қўштепа туманида яшовчи З.Э. ҳам шу кунгача Президентнинг Халқ қабулхонасига 120 дан зиёд мурожаат қилган. Мурожаатида асосан моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулоти, шифохонага ётиб даволаниши учун ёрдам сўрайди. Ҳар йили мурожаатига кўра, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ўртача 10-15 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилади. Бу йил ҳам унга 11 маротаба моддий ёрдам берилди. Бундан ҳам қониқмай, давлат идораларига яна мурожаат йўллашда давом этмоқда.
“Бетимнинг қаттиғи – жонимнинг ҳузури” дея ёрдам сўраб келганларга мутасадди раҳбарлар томонидан бир неча марта доимий ёки мавсумий иш ўринлари таклиф этилади. Аксарияти ойлик маоши камлигини рўкач қилса, баъзилари бошқа турли баҳона-ю карсоноларни ўйлаб топади. Хуллас, ишла деса ёқмайди. Текинхўрлик, боқимандалик қон-қонига сингиб кетган. Нима бўлганда ҳам, ҳамма нарсанинг чегараси бор. Бир мурожаатчига қайта-қайта берилаётган моддий ёрдам ёки озиқ-овқат маҳсулоти бошқа бир ҳамюртимиз, маҳалладошимиз, қўшнимизнинг ҳақи бўлиши мумкин.
Дунё тажрибасидан аёнки, ҳар бир жамиятда давлат кўмагига муҳтож маълум бир тоифа бўлади. Бундай инсонларга ҳар куни балиқ эмас, қармоқ берган маъқул. Бундан давлат ҳам, ўша инсоннинг ўзи ҳам бирдек манфаат кўради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг