Байрам дастурхонига бозордан ҳеч нарса сотиб олмаймиз...
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Томорқа ризқ-рўз, барака манбаи. Ердан унумли фойдалансангиз, ишнинг кўзини билиб меҳнат қилсангиз бир парча ердан ҳам яхшигина даромад олиш мумкин.
Қарши туманининг Ертепа маҳалласида яшовчи Самадулло Ҳусановнинг томорқачилик фаолияти билан танишиш асносида бунга яна бир бор амин бўлдик.
— Ҳовлимиздаги 6 сотих майдонда деҳқончилик қиламан, — дейди хонадон соҳиби. — Томорқачиликда ернинг кўплиги эмас, ундан унумли фойдаланиш муҳим. Бундан 10-15 йил аввал ҳам шу ерда деҳқончилик қилардик, бироқ самара кам эди. Бугун бу жойдан яхшигина даромад олаяпмиз.

Дарҳақиқат, ҳовли чети бўйлаб турли мевали дарахтлар шу қадар тартиб билан жойлаштирилганки, уларнинг ҳеч бири асосий томорқага халақит қилмайди. Томорқанинг кичик бир қисмида сабзи, шолғом, картошка, помидор каби асосий турдаги полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Ўртада тўрт сотихлик катта иссиқхона барпо этилган. Хонадон соҳиби бу иссиқхонани 4 йил аввал қурган. Икки йилдан буён бу ерда қулупнайнинг Жанубий Кореядан келтирилган “Солхянг” навини етиштиради. Айни пайтда иссиқхонада қулупнайлар ғарқ пишган. Маҳсулотнинг харидори кўп.
— Ҳар куни териб тайёрланган мева пешма-пеш равишда ҳудуддаги улгуржи харидорларга етказиб берилмоқда, — дейди у. — Ўтган йилги қулупнайдан олинган соф фойда 150 миллион сўм атрофида бўлганди. Бу йил янада кўпроғини мўлжаллаб турибмиз.
Бу ҳали оилага кириб келадиган йиллик даромаднинг ҳаммаси эмас, албатта. Оила бекаси Наргиза Ҳайдарова қиз-келинларини ёнига олиб, ўз хонадонида турли қандолатчилик маҳсулотлари тайёрлашни ҳам йўлга қўйган.
— Ҳозирги кунда тайёрлаётган маҳсулотларимиз тури 15 дан ошди, — дейди у. — Тўй ва маросимлар учун буюртма асосида турли пишириқлар тайёрлаб берамиз. Бундан ташқари, ҳудуддаги дўконларга ҳам маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйганмиз. Ўртача ҳисобда, бу фаолиятдан ҳам йилига 100 миллион сўмдан ошиқ фойда оляпмиз.

Эътиборлиси, оила аъзоларининг барчаси ўз хонадонларида иш билан банд. Бундан ташқари, яна 3 нафар кишини иш билан таъминлашга эришибди.
— Қорамол боқамиз, товуқ қиламиз, — дейди Самадулло Ҳусанов. — Хуллас, рўзғор учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг деярли барчаси ўзимиздан чиқади. Мева-сабзавотдан тортиб, сут, қатиқ, гўшт ва тухумгача... Турли қандолат маҳсулотлари, ширинликлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйганимизни ҳисобга олсангиз, яқинлашиб келаётган Янги йил байрамига бозордан деярли ҳеч нарса сотиб олмаймиз. Ҳаммаси ўзимизда бор. Кексаларимиз “Томорқадан еганинг татийди”, деган гапни бежиз айтмаган. Фақат ердан унумли фойдалансангиз, ҳар бир экинни ўз вақтида экиб, ўз вақтида парвариш қилишни билсангиз бўлгани.
Ҳа, ишлаган, изланган, ҳаракат қилган киши борки, бир парча ердан ҳам салмоқли даромад оляпти. Моддий имкониятларини яхшилаб, оиласи фаровонлигини таъминламоқда. Олти сотих майдонда деҳқончилик қилиб, миллионлаб даромад топаётган Самадулло Ҳусановнинг фаолияти ҳам бунга ёрқин мисол.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг