“Бадият олами”
Мамлакатимизда “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар силсиласида адабиётни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидорларни кашф этиш ва тарбиялашга қаратилган ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Зотан, инжа санъат халқнинг маънавий-руҳий озуқасидир. Бадиий сўз қудрати инсон қалбини нафақат поклайди, балки тафаккур оламини ёритади, орзу-умидлари рўёби сари қанот бўлади, уни янги-янги марралар сари рағбатлантиради.
www.xs.uz сайтимизда “Бадият олами” рукнининг ташкил этилишидан кўзланган эзгу мақсад-муддао ҳам шу. Ўқувчиларга ушбу рукн остида ёзувчи-шоирлар, адабиёт бўстонига энди қадам қўяётган ёш ижодкорлар асарларидан туҳфа этиб борамиз.
Муштарийларимизни халқимизнинг маънавий савиясини янада ошириш, дидини юксалтириш, уларни бадиий сўзнинг бепоён жилвасидан баҳраманд этиш, орзу-умидлари рўёби томон олға интилишга ундаш, руҳлантиришдек эзгу ишларга камарбаста бўлишга чорлаб қоламиз.

Азиз САИД
* * *
Уч тўртта қузғун-у битта ўлакса
Томоша беради беш кундан буён.
Ким гулхан ёқади, кимдир сангтарош,
Кимнингдир кафти қон, ким айтар азон?
Томошабин йўқ.
Беш кундир, тинмайди маст-у аластлик,
Кулади, йиғлайди – ёлғонми ростлик.
Беш кундир, кўр уста суяк жамлайди –
Терсам бас, йиғсам бас – битта қафаслик,
Томошабин йўқ.
Беш кундир, арранинг овози тинмас,
Беш кундир, тутатқи излар чироқчи,
Беш кундир, бармоғин санар саноқчи,
Беш кундир, карвонни пойлар қароқчи,
Томошабин йўқ.
Беш кундир, ойнасиз гардиш қўлимда,
Ёлғончи қуръатош ўнг-у сўлимда.
Қирқ тугун риштамдан дор ҳам тикилган,
Хазина қўрмаган илон бўйнимда,
Томошабин йўқ.
* * *
Сир ғорига қўйилган тош – ой
сурилганга ўхшайди.
Ялтур-юлтур юлдузми, изми –
кирилганга ўхшайди.
Тун куйлаги йиртиқ – қароқчи
тирилганга ўхшайди.
Сабр тортган қора камалак
узилганга ўхшайди.
Уфқда қон – қатлми ё зиёфат
тузилганга ўхшайди.
Муз ўймоқда кўзимизни, йўл
бурилганга ўхшайди...

Икром ОТАМУРОД
* * *
...Умрим –
Касбидан то Тошкентга қадар
фарсанг-фарсанг ғариб чўзилган йўлдир.
Бу йўлда тинмайин чопади қадар.
бу йўлда қатнайди армон тинмагур.
Йўлдошим –
чатнаган,
қақшаган умид,
чайир хаёлларим зирқираб оғрир.
Парчин дардларимни канглумга кўмиб,
надоматни ичга ютаман - тахир.
Поезд ўринлари тиқилинч расми,
учоқда топилмас бўш жой дафъатан.
Шошаман.
Соғинчим –
қадимий Касби,
бағримда муқаддас туфроғим,
зотан.
Султон Мирҳайдарнинг тошларин силаб,
бир оят ўқийман,
о, Тангрим,
инон!
Сукунат сабрига омонлик тилаб:
кўҳна руҳлар иймон,
соғинчлар иймон.
* * *
Сен дилингни очдинг, мен дилим очдим.
Дилин баён этиб, диллар учрашди.
Сен қайларда эдинг, мен қайда эдим,
Қайлардан келган бул йўллар учрашди?
Сен – бағри чок-у чок, мен – бағри чок-чок,
Ишқ уйин супурган қуллар учрашди.
Сен – ташнаи қувра, мен – ташна қувра,
Дашти Карбалода чўллар учрашди.
Сен – қадимий армон, мен – қадим армон,
Армонни йигирган йиллар учрашди.
Сен дилингни очдинг, мен дилим очдим,
Дилин баён этиб, диллар учрашди.

Жонтемир
САНЪАТ
Пианино чалади қўшним,
Тунги шаҳар оромин бузиб.
Қанотлари кесилган қушнинг
Хаёлида юраман сузиб.
Пианино чалади – Моцарт,
Гоҳ Шопенга айланиб, гоҳ Бах.
Юрак – меърож, туйғу ҳавоза,
Тамакимдан ҳаволайди бахт.
Пианино чалади... бетон
Деворларда ўрмалар оҳанг.
Мум тишлаган андуҳлар бетоб,
Қиз қучгандек кўнгилда роҳат.
Чайқаламан, чайқалар Тошкент,
Тебранади соме дарахтлар.
Ой ҳижжалар кечани сокин,
Булутларни бир-бир варақлаб...
Куй узилар тонг чоғи, ҳасрат
Тунни жойлар вақт идишига.
Мен ухлайман. Жўнайди Моцарт
Супургисин судраб ишига.
Пианино чалади қўшним.

Наргиза ОДИНАЕВА
* * *
Шамол тебратади августни,
Кўйлагини ечар саратон.
Рангпар бўлиб қолди ер усти,
Этагини тўлдир, куз, уйғон.
Тўлғоқ тутган шомни оралаб
Шошилади қушлар инига.
Кимдир шунда шамсни авайлаб
Солиб қўяр кўк хуржунига.
Минг йилларки дунё пойлоқчи,
Қувиб борар юлдуз юлдузни.
Қачонлардир етти қароқчи
Ўғирлаган пари бир қизни.
Этак тутар янги бугунлар,
“Алиф”, “бе”дан бошлар илмни.
Уйғонмаган ҳали бу тунлар
Танимайди менинг кўнглимни.
На баҳору, кузга киради,
Ҳатлаб кўрдим – умр бир қадам.
Юрагимни тошлаб юради,
Кунларига сиғмаган одам.
Августдаги тонгни ёқалаб,
Йўлга чиқдим пою-пиёда.
Бораяпман кузни орқалаб
Қаршимдаги сўнгсиз дунёга.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг