Аёлнинг қўли гул бўлса...

16:29 13 Декабрь 2024 Жамият
235 0

Ҳовлисида гул эккан аёлнинг қалби ҳам гўзал бўлади. Шу хонадонда туғилган болалар табиат мўъжизаларидан баҳра олиб улғаяди. Ўзим ҳам ёшлигимдан гулчиликка қизиқардим. Уйимизда боғимиз бўларди. Отамнинг ёнида туриб, боғдорчилик ишларига қарашардим. Ёзда ҳовлимизни, қишки гуллар уйимизни яшнатиб турарди.

Ерга меҳр берсанг, у сенга ортиғи билан қайтарди, деган нақлнинг ҳақиқатлигини ўз ҳаётимда кўрдим. Юртимизда тадбиркор хотин-қизларга қулай муҳит ва шарт-шароит яратиб берилгани мақсадларимни амалга оширишда туртки берди. Дастлаб кўп тармоқли фермер хўжалиги сифатида иш бошладим. Йиллар давомида фаолиятимни кенгайтириб “Гулчи опа томорқа хизмати” кластери МЧЖ ташкил этдим.

Томорқачиликни ривожлантириш мақсадида Шароф Рашидов тумани “Олмачи” маҳалласидаги хонадонларда кичик иссиқхоналар барпо этишга киришиб, гул кўчатлари, уруғлик бепул тарқатдик. Етиштирилган маҳсулотларни шу ернинг ўзида сотиб олишни бошладик. Кластер қошида бир қанча иссиқхоналар, гомус ўғит тайёрлаб бериш, альюмин ва пластик эшик ромлари тайёрлаш цехи, бир нечта овқатланиш ва бошқа маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини йўлга қўйдик. Айни пайтда 114 нафар доимий, 250 дан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратилди.

Ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошлашим билан “Олмачи” МФЙдаги аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида “Агробанк” АТБ филиали ҳамкорлигида ўқув курси ташкил қилдик. Мазкур ўқув курсида анъанавий сабзавот ва кўкат, гул етиштиришдан тортиб, қулупнай, қўзиқорин каби сердаромад саналган ўнлаб йўналишларда билим ва кўникмалар бериш йўлга қўйилди. Машғулотларни тажрибали тадбиркорлар олиб борди. Мазкур ўқув марказида билим ва кўникмага эга хотин-қизларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар тақдим этилди. Келгусида ўқув курсимизни ривожлантириб, шароитларни янада яхшилаш ниятимиз бор.

Албатта, оиламнинг қўллаб-қувватлаши, турмуш ўртоғимнинг кўмаги, фарзандларимнинг тиргаги билан шунча муваффақиятларга эришдим. Энди халқ депутатлари Шароф Рашидов тумани Кенгаши депутати сифатида ҳам аҳолининг оғирини енгил қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қиладиган ишларим кўп. Сидқи дилдан меҳнат қилган одам қадр топади. Тадбиркорлик орқасида “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим. 2022 йилда OʻzLiDePнинг “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб бўлдим. Жорий йилда республикада биринчи бўлиб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” дея эътироф этилганим зиммамдаги масъулиятни янада оширди.

Инсоннинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Аёл тадбиркор бўлса, оиласи тўкин, маҳалласидаги қанча хотин-қизлар иш билан таъминланади. Илоҳим, юртимизда ишбилармон, тадбиркор аёллар кўпайсин.

Шарофат НОРИЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?