Аёллар саломатлиги доимо эътиборда

15:50 04 Декабрь 2024 Жамият
250 0

Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш баробарида уларнинг саломатликларини мустаҳкамлашга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 ноябрда қабул қилинган “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Мен тиббиёт вакили, онкология соҳасида чорак асрлик тажрибага эга онколог сифатида ушбу қарорнинг нафақат тиббий аҳамияти, балки ижтимоий, психологик ва инсонпарварлик жиҳатларини таъкидлаб ўтмоқчиман. Яқин тарихимизда республикамизда хавфли ўсма касалликлари билан оғриган беморларни даволаш имкониятлари ачинарли ҳолатда эди. Шифокорларнинг имкониятлари тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар етишмовчилиги туфайли кескин чегараланганди. Хоразм вилояти мисолида айтадиган бўлсам, йилига ўрта ҳисобда кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони билан касалланган 500 нафар аёллар чет эл клиникаларида даволаниш учун кетишга мажбур бўлишарди. Кўкрак бези саратонига вақтида ташхис қўйиш учун маммограф, бачадон бўйни саратонига ташхис қўйишга кольпоскоп, даволаш учун нур, иммуногистокимёвий жиҳозлар етишмас эди. Дори таъминоти кўпи билан 15 фоиздан ортмас, беморларнинг 5 йиллик яшовчанлиги атиги 30-35 фоизни ташкил қиларди. Ушбу касаллик асоратлари натижасида кўплаб аёллар ҳаётдан кўз юмишар эди.

2020 йилда Президентимиз онкология муассасасига шахсан ташриф буюриб, соҳадаги муаммолар билан яқиндан танишгач, соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилган бир қатор қарорлари ҳолатнинг тубдан яхшиланишига имкон берди. Дори таъминоти онкология муассасаларида 90-95 фоизга етказилди, Ислом тараққиёт банки томонидан 100 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилиб, барча онкология муассасалари замонавий тиббий ускуналар билан янгидан жиҳозланди. Ҳар йили юзлаб онколог мутахассислар хориждаги етакчи клиникларда ўз малакаларини ошириб келишмоқда.

Янги қабул қилинган қарор билан аёллар орасида онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш

ва даволаш тизимини такомиллаштириш, замонавий скрининг усулларини амалиётга кенг жорий этиш, ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш ҳамда мутахассисларнинг билимларини ошириш, кўникмаларини ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди. 2025 – 2030 йилларга мўлжалланган бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури тасдиқланди. 30-65 ёшдаги аёллар тиббиёт ходимлари томонидан ҳар 2 йилда бир маротаба бирламчи саралаш, 45 ёшгача бўлган аёлларда кўкрак безини ультратовуш текшируви усулида, 45-65 ёшдаги аёллар маммография орқали кўрикдан ўтказилади.

Қарорнинг ижроси таъминланиши натижасида касалликни дастлабки босқичларда аниқлаш 85-90 фоизга эришилади, натижада онкологик касалликлар билан оғриган аёлларнинг умр кўриш давомийлиги ошади. Яна бир муҳим масала касалликларни эрта аниқлаш натижасида тиббиётда катта иқтисодий самарадорликка эришилади.

Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида ўтказилган илмий тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, кўкрак бези саратонини сўнгги босқичларда даволаш учун ҳар бир беморга 81 млн сўм сарфланса, эрта босқичларда аниқланган ҳолатларда бу кўрсаткич 5 млн сўмни, яъни 16 марта камроқ маблағни ташкил этади. Худди шундай самарага бошқа онкологик касалликларда ҳам эришилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор ижроси аёлларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлашга, онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилади.

Тоҳиржон ПОЛВОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер