Аёл – миллат тарбиячиси

17:47 17 Ноябрь 2025 Жамият
283 0

Сунъий интеллект

Аёлга эҳтиром жамиятда адолат устуворлиги, оилада тотувлик, рўзғорда саранжом-саришталик гарови. Шу боис кейинги йилларда қонунчилигимизда ҳам аёлларнинг бандлигини таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликларнинг барча кўринишларига барҳам беришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада Навоий вилоятида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ ҳамон баъзи оилаларда аёллар зўравонлик ва камситишларга учраб, моддий ва маиший қийинчиликлар, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйганидан азият чекмоқда.

— Беш-олти йил бурун ҳар йили вилоят бўйича 1000 нафарга яқин аёллар маиший зўравонликлардан жабр кўрарди, — дейди Аёлларни реаблитация қилиш ва мослаштириш Навоий вилояти ҳудудий маркази директори Наргиза Эрмаматова. — Бу рақам реалликда бундан анча юқори бўлган. Ҳамма аёллар ҳам уйдаги гап кўчага чиқишини ор билиб, тазйиққа учраётганини очиқ айтолмаган.

Узоққа бормайлик, марказга чекка ҳудуддан Карманага келин бўлиб тушган 4 нафар фарзанди бор Меҳринисо (исм ўзгартирилди) онаси билан келиб, турмуш ўртоғи томонидан руҳий зўравонликка учрагани, 4 нафар боласини олиб қолиб, қайнонаси ва турмуш ўртоғи хиёнатда айблаб, уйдан чиқариб юборганини айтиб мурожаат қилади.

— Аёлга психологик ёрдам берилиб, вазиятни тинглаганимизда унинг ҳуқуқлари йиллар давомида топталиб келинган. Уйдан чиқиши, телефон ишлатиши, онасиникига бориши, қариндошларининг меҳмонга келиши қатъий ман қилинган, — дейди Н. Эрмаматова. – Ушбу оилага бориб ўрганилганида 4 нафар бола ҳам жисман соғлом бўлишига қарамасдан, зўравонлик оқибатида руҳан ногиронга айланган. Афсуски, бунга нафақат болалар уларнинг амакилари, амма-ю холалари, қўни-қўшнилар ҳам ўрганган кўринади, пичоқ суякка етгунча сукут сақлашган.

Зўравон эр, унинг ота-онаси қилмишларидан пушаймон бўлиб кечирим сўрашди. Улар бундан кейин ҳолат такрорланса, мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йилнинг 11 апрелида имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра жарима, ҳатто 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Шу ўринда рақамларга мурожаат этсак, жорий йилнинг 14 ноябрига қадар Аёлларни реаблитация қилиш ва мослаштириш Навоий вилояти ҳудудий бўлимига 5033 нафар аёл ёрдам сўраб мурожаат қилиб, ҳимоя ордерлари олганини кузатиш мумкин. 2023 йилда бу рақам 1818 нафар, 2024 йилда эса 2406 нафарни ташкил этгани, хотин-қизлар ўз ҳуқуқларини англаб етаётганлиги ифодасими ёки оилада тазйиқ ва зўравонликлар хуружи пасаймаётганлиги кўрсаткичими?

Мазкур кўрсаткичлар энг аввало аёлларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларни англаб, улар таъминланишини талаб этаётганини кўрсатади, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Темур Байбиков. — Биргина жорий йилнинг сўнгги уч ойида аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши тарғибот мақсадида 28 та репортаж ва видеоролик тайёрланиб, улар асосан ижтимоий тармоқларда ҳамда маҳаллий телевидение каналларида намойиш этилди. Босма ва электрон нашрларда 12 та мақола ва материал эълон қилиниб, аҳоли орасида хабардорлик ва гендер зўравонликка нисбатан муросасизлик оширилди.

Оилада зўравонликка учраган аёлларга ёрдам кўрсатилиши ҳақидаги роликларни ижтимоий тармоқлар саҳифасида икки йил олдин кўргандим, — дейди Қизилтепадан Бухорога келин бўлган Соҳиба Умарова (исми шарифи ўзгартирилди). – Аввалига актёрлар роль ўйнаган деб эътибор қаратмадим. Қолаверса, мен ҳам мурожаат этсам, оилам бузилиб кетса, тўрт фарзандим билан қаерга бораман, деб чидадим.

Оилавий можаролар туфайли минг бир машаққатни бошдан кечирган аёл ҳушдан кетган ҳолда шифохонага келтирилади. Бухоролик мутасаддилар Навоий вилоятидаги зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази мутахассисларига боғланиб, кучли руҳий зўриқишдаги аёл билан боғлиқ вазиятдан хабардор қилади.

– Бир ҳафтада кўзим тушган ижтимоий тармоқлар саҳифаларида аёлнинг эр, эрнинг турмуш ўртоғи олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини баён этилган постларни таҳлил этдим, — дейди Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Навоий вилоят ҳудудий маркази психологи Маъмура Шукурова. —Албатта, ушбу саҳифаларни оила бошлиғи ҳам унинг бекаси ҳам ўқийди, кузатади. Демоқчиманки, жамиятда ҳамон аёлни эрга нисбатан ҳурматда бўлишдан кўра тобе сақлаш позицияси сақланиб қолмоқда. Яқинда бир оилавий можарони ечишга тўғри келди. Унда эр ўз турмуш ўртоғини ҳижобга киришга мажбурлагани оқибатида оиладаги муҳит бузилади. Эр билан суҳбатлашганимизда у оилавий тазйиқ ва зўравонликларга амалдаги қонунчилигимизда жазо мавжудлигини билмаслиги аён бўлди. Лекин қонунни билмаслик, жавобгарликни истисно этмайди.

Бугун марказимизда аёлнинг мурожаат этишга мажбур этган ҳолатларни баратараф этишга асосий эътибор қаратилмоқда, — давом этади Н. Эрмаматова. — Руҳий ва ҳуқуқий ёрдамдан ташқари марказда хотин қизларга паззандачилик, компьютер саводхонлиги, болалар массажи, тикувчилик сирлари ўргатилиб, Бандлик бошқармаси билан ҳамкорликда уларнинг бандлиги, моддий мустақилликка эришиши таъминланмоқда. Табиийки, ушбу аёллар доимий мониторинг қилиниб. уларнинг қайта зўравонликка учрамаслиги назоратга олинган.

Чинданам аёл жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли фуқароси саналса-да, узоқ йиллар давом этган ижтимоий-иқтисодий муаммолар туфайли, баъзан эса шунчаки лоқайдлик сабаб, ҳаётнинг барча оғирликларини нозик елкасига олиб келди. Фарзанд дунёга келтириш, бола парвариши, рўзғорнинг кундалик ташвиш ва эҳтиёжлари шундоғам уларнинг имкониятларини чеклаб, бугун аёлнинг муаммоларига пешвоз чиқмоқликни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бунга амин бўлмоқ учун исталган ҳудуддаги сайёр қабулларнинг бирида қатнашмоқ кифоя. Қабул кутаётганларнинг саксон фоизга яқинини аёллар ташкил этади. Турмуш ўртоғининг саломатлигини тиклашга кўмак, ўғли ёки қизини ишга, боғчага жойлаштириш, ўқишини кўчиришга ёрдам, сўраб юрганларнинг ҳам аксарияти аёллар.

Холбуки, мамлакатимиз раҳбарининг фармонида хотин-қизлар учун 42 турдаги имтиёзлар белгиланиб, ҳар бири опа-сингилларимиз ҳаётининг фаровонлиги, оилада хотиржамлик, эртанги кунга мустаҳкам ишончни таъминлашга қаратилган. Зеро, аёлни эъзозлаш шарқона қадриятларимизнинг улуғларидан бири. Бугун жамиятда аёл улуғланар экан, у миллатнинг маънавий ва маданий даражасини ифода этади. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, “Эркакни эркак, оилани оила қиладиган, умуман ҳаётимизга маъно мазмун бағишлайдиган, бизни одамийликка, мардлик ва олижаноб, ҳақиқий инсон бўлишга чорлайдиган аёлнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди”. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг фаровонлиги ва маънавий камолотининг асосий мезони аввало оиланинг аҳиллиги, ундаги фарзандларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида намоён бўлиб, уни оила бекаларисиз тасаввур этиш мушкул.

Темур ЭШБОЕВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер