Аввал қуёшингга ўргандим Ватан, сарин саболаринг уйғотишига

11:52 24 Октябр 2020 Маданият
276 0

"Халқ сўзи" газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти "Маданият" рукни остида "Ёш ижодкорлар гурунги"ни ташкил этган эди.

Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб боришда давом этамиз.

Навбатдаги меҳмонимиз ёш ижодкорлар, истеъдодли шоира Гулнор.

У 2003 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Сергели туманида истиқомат қилади, шу тумандаги 303-сонли мактабни тамомлаган. Ёшлигидан ижодга, классик мусиқаларга ва пианино чалишга қизиқиши баланд. Ҳозирда олий таълим юртига кириш остонасида. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кўплаб ижодий тўгараклари фаол аъзоси. Шеърлари қатор адабий сайтларда, "Назм силсиласи" ёшлар баёзида, матбуотда эълон қилинган. Ҳозирда туман, шаҳар, вилоят, республика нашрларида, сайтларида чоп этиб келинмоқда. Қуйида ёш шоира ижод маҳсулларидан эътиборингизга ҳавола этамиз.
 

* * *
Аввал қуёшингга ўргандим Ватан,
Сарин саболаринг уйғотишига.
Башарни демайман чумолиларнинг,
Шодлик ато этгин азиз бошига.

Тўлдиргин, Аллоҳим, қалбимга сиёҳ,
Жисмимга бардавом сўз бер, қалам бер!
Қуёш уфқ пинжида ухлаган пайти
Энди мени фақат уйғотади шеър,

Энди мени фақат уйғотади шеър...
 

ТА ЖEН ШEН
(ҳаётий воқеа асосида)

Мушдеккина тилчи йигитнинг —
Асл исми эди Та Жен Шен.
Хитой халқин Шинжой томирин
Қони эди, юрак уриши.

Хитой тилин жондан севсада,
Ўзбек тили кўркамроқ дерди.
Ва ахири Ўзбекистоннинг —
Машҳур билим юртига келди.

Ўзбек тили олийгоҳида —
Дўстлар билан танишди дилдан.
Кўплаб мақол қўшиб сўзларди
Адабий тил, ўзбек тилида.

Одобию ахлоқи билан
Ўзбекларга мос эди жисми,
Талабалар қувонсин дея —
Тожиддин деб қўйдилар исмин.

Олийгоҳга, азиз дўстларга 
Эт-тирноқдай уйқаш бўлди у.
«Тожиддин» деб чорласалар гар
Дунёдайин кучга тўлди у.

Тилимизда шаффоф сўзларди,
Мақолларни қўшар, лек равон.
Наҳот русча сўзларсиз удек
Сўзлолмаса биздайин авом?

Наҳот Та Жен айтгандек юксак —
Ўзбек тили талатўп бўлса,
Ўз бағридан сўзлар йўқолиб,
Ажнабий сўзларга тўлса?!

«Йўқ, бу ҳодиса этмайди давом
Бунга йўл йўқ!» такрорлар дилим.
Сенинг юзинг онамдайин соф
Унга доғлар тушмайди тилим!

Сен Навоий томирларидан 
Юрагимга томган қон тилим!
Кўксим узра мушкин таратган
Икки дунё кечмас жон тилим!

 

* * *

Недандир бўғзимдан олар бир ғашлик,

Кимлардур тўсади тақдир йўлимни...

Бир ҳамроҳ истасам, ҳамроз истасам

ўйноқи шамоллар тутар қўлимни.

Сокинлик, шаддодлик сингган қонимга,

Сочим хазон каби тушар тановар.

Лабларим қуруқшаб бошласа ногоҳ

кўксимда шу дамда қайнар самовар...

Ҳамроҳим шамолнинг мушовирила

атлас кўйлагимдан сочилур ранглар!

Юзимга салқинлик югурган сайин,

Кўзларимга тошиб чиқадур англам.

Барча қулфларни парчалагудек,

Калитлар – қалбимнинг зинапояси.

Нигоҳларимдан ҳам кучлироқ не бор?!

Сочилиб кетади уста понаси...

Қулфлар, калитлар бизлар учун ёт!

Не керак бир касга совириб дардни.

Айтингчи қалб учун топиш мумкинми

Ўзидан ишончли бирор ҳамдардни..?

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?