«Атлетико Мадрид» чорак финалда, «Интер» мусобақани тарк этди

09:59 25 Февраль 2026 Спорт
392 0

Кеча, 24 февраль куни Европа чемпионлар лигаси плей-офф босқичи баҳслари давом эттирилди. Тур доирасидаги дастлабки учрашувда «Атлетико Мадрид» ўз майдонида Бельгиянинг «Брюгге» жамоасини қабул қилди.

Жамоалар ўртасидаги биринчи ўйин 3:3 ҳисобидаги дуранг билан якунланган эди ва чорак финал йўлланмаси айнан шу баҳсда ҳал этилди. Натижада йўлланма «матрасчилар»га насиб этди.

Учрашув Диего Симеоне бошқарувидаги жамоанинг 4:1 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди. Голларга ғолиблар сафида Александр Сёрлот (3 та) ва Жонни Кардосо муаллифлик қилди. «Брюгге»нинг ягона жавоб голи эса Жоэль Ордоньес ҳисобида қайд этилди.

Навбатдаги баҳсда Англиянинг «Ньюкасл» жамоаси ўз майдонида Озарбайжоннинг «Қорабоғ» клубини қабул қилди. Дастлабки ўйинда АПЛ вакили 6:1 ҳисобида ғалаба қозонгани боис жавоб учрашуви унчалик кескин кечмади.

Шундай бўлса-да, баҳс «қоралар»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади. Голларга Жоэлинтон, Сандро Тонали ва Свен Ботман муаллифлик қилди. «Қорабоғ»нинг жавоб голлари эса Камил Дюран ва Элвин Жафаргулиев ҳисобида қайд этилди.

Мусобақанинг амалдаги вице-чемпиони «Интер» эса турнирни ушбу босқичда тарк этди. Италия клуби илк ўйинда «Буде-Глимт»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлган ва Миландаги жавоб баҳсида вазиятни ўзгартириши кутилган эди. Бироқ Норвегия жамоаси иккинчи ўйинда ҳам ғалаба қозонди.

Голларга Йенс Петтер ва Ҳокон Евьен муаллифлик қилди. «Интер»нинг ягона жавоб голи эса Алессандро Бастони ҳисобида қайд этилди.

Германияда бўлиб ўтган «Байер Леверкузен» — «Олимпиакос» учрашувида ҳисоб очилмади. Шу тариқа биринчи ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган «Байер Леверкузен» кейинги босқичга йўл олди.

Маълумот учун, бугун ҳам плей-офф босқичи баҳслари давом эттирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?