Асрларни бўйлаган Бобур

11:27 15 Январь 2020 Маданият
11286 0

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон МАШРАБОВ билан суҳбат.

– Жаҳонгир бобомиз ижодий меросини халқаро миқёсда ўрганиш мақсадида Бобур номидаги халқаро экспедицияга асос солинди. Дунё китоб жамғармалари ва музейларида сақланаётган, айни пайтда ўзимизга қандай бебаҳо қўлёзмалари қайтарилди?

– Бобур номли халқаро фонд ва илмий экспедицияси ўз фаолиятини бошлаганига 28 йил бўлди. Биринчи халқаро сафаримизни 1992 йил май ойида бошлаган эдик. Ва бугунгача Бобур ва бобурийлар қадами етган юртларга йигирма беш мартадан кўпроқ экспедициялар уюштирилиб, Африка қитъасидан Ҳинди – Хитой ярим ороли, Европа – Америка давлатларигача 375 минг километрдан ортиқ масофа автомашинада босиб ўтилди. Илмий экспедиция сафарлари давомида кўҳна тарихимизга оид ҳамда буюк аждодларимиз қолдирган 500 дан зиёд ноёб асарларнинг асл ва фотонусхалари мамлакатимизга келтирилиб, фонд қошидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида мужассамлаштирилди ва илмий истеъмолга киритилмоқда. Улар асосида 30 дан ортиқ илмий-бадиий китоблар чоп этилди. “Бобур девони” Кобул нашрига такмила, “Ғарибинг Андижонийдур” девони, “Бобурнома” миниатюралари, “Бобур ва Юлий Цезарь”, “Бобур ҳақида ўйлар”, “Асрларни бўйлаган Бобур”, “Бобурийнома”, “Буюклар изидан”, “Бобурийлардан бири”, “Ҳинд сориға”, “Андижондан Даккагача”, “Андижондан Бағдодгача”, “Хорижда бобуршунослик”, “Бобурнома учун қисқача изоҳли луғат”, “Марказий Осиё ва Ҳиндистон тарихида бобурийлар даври”, “Таворихи Мусиқиюн”, Вилям Рашбрукнинг “Ўн олтинчи аср бунёдкори”, Румер Годеннинг “Гулбадан”, Ҳаролд Лембнинг “Андижон шаҳзодаси”, Хондамирнинг “Буюклик хислати”, (“Ҳабиб-ус сияр”), “Буюк Соҳибқирон ўтган йўлларда”, “Бобур ва бобурийлар библиографияси”, “Бобурийлардан бири”,”Бобур йўлбарс” ва бошқа китоблар нашр этилди. Фонд ташкил этилгандан буён биргина, “Бобурнома”нинг ўзи уч марта қайтадан нашр эттирилди. Бугунги ёшларга тушунарли бўлсин деган ниятда “Бобурнома”нинг крилл ва лотин алифболарида табдили яратилди.

Бобурнинг бўласи Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихий Рашидий” асари дунё тарихчилиги ва адабиётшунослигида иккинчи “Бобурнома” ҳисобланади. Ана шу йирик мемуар асар форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди.

Ўтган вақт ичидаги бу катта ютуқлар Ўзбекистонни дунё бобуршунослигининг марказига айланишига хизмат қилди. Бобур ҳаёти ва ижоди билан халқимизга маънан яқинлашди. Барча бажарилган ишларнинг солномаси сифатида мамлакатимизда илк бор шахсга нисбатан қомус, яъни “Бобур энциклопедияси” яратилди. 64 босма тобоқли бу улкан энциклопедияни яратишда ўзбек бобуршунос олимлари қаторида Япония, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон ва европалик олимлар ҳам фаол иштирок этишди. Бобур ижодини қирқ йилдан бери ўрганиб келаётган япониялик бобуршунос олим Эйжи Мано энциклопедияга “бутун дунё бобуршунослари учун муҳим қўлланма бўлади” дея баҳо берди. Яна бир ноёб қўлланмани, яъни Россия Фанлар Академиясининг Тиллар институти билан ҳамкорликда “Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриди. Библиография” китобини ҳам нашр этдик. Бунгача биз библиография чиқариш тажрибасини ўзлаштириб улгургандик. Дунё бўйлаб топиб келган қўлёзмалар ҳақида “Бобур ва жаҳон маданияти” музейидаги адабиётлар рўйхати тўпламини яратдик. “Бобур ва бобурийлар библиографияси”нинг иккита китобини чоп этдик. Шу ўринда бир нарсани афсус билан айтиб ўтмоқчиман. Ўзбекистонда буюк алломаларимизнинг қўлёзмалари асосида бирорта ҳам библиография қилинмаган. Худди шунингдек, жаҳон бўйича ҳам. Бу жуда зарур, чунки халқимиз ва айниқса, ёшларимиз учун қайси аждодимизнинг қайси қўлёзмаси ёки у ҳақдаги манбалар қаерларда борлиги ҳақида маълумот берувчи манба бу библиографиядир. Адабиётшуносларимиз бу ҳақда тезроқ амалий ишга ўтишлари керак.

– “Бобурнома” ўзбек ва умумтуркий адабиётининг дунёга маълум ва машҳур қомусий асари. Бу мемуарда Ўзбекистон, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларининг маданияти, қадриятлари, ўзига хос хусусиятларидан тортиб, табиати, географияси, ҳайвонот ва наботот олами тўғрисида бебаҳо маълумотлар мавжуд. Бу нодир манбанинг турли тилларга таржима қилинган нашрларини қўя турайлик, ўзимизда мумтоз асарлари юзасидан тузилган мукаммал изоҳли луғатлар ҳам камчиликдан холи эмас. Бугун “Бобурнома”ни нозик жиҳатларигача теран англаб, тадқиқ эта оладиган бобуршунослар борлигига аминмисиз?

– Ҳақиқатан ҳам буюк қомусий олим Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари бебаҳо қўлланма. У нафақат Марказий Осиё давлатлари ва ёки сиз санаган юртлар, балки Эрон, Туркия, Бангладеш, Покистон ва яна қатор давлатларнинг маданияти, тарихи, урф-одатлари, қадриятларини ўзида акс эттиргани билан қимматлидир. Япониялик йирик бобуршунос Эйжи Мано “Бобурнома”ни “маълумотлар хазинаси” дея атаган бўлса, англиялик бобуршунос Бевериж хоним “бутун тарихда яратилган ёзма ёдгорликларнинг энг бебаҳосидир”, дейди. Германиялик бобуршунос Клаус Шонинг эса “Бобурнома”га баҳо бериб, “мукаммал тизимдаги халқ тилида ёзилган энг катта ҳажмдаги асардир”, дея таъкидлайди. Хуллас,”Бобурнома” баҳоси йўқ асар. Бу мемуар асар ҳали кўплаб бобуршунослар учун янги мавзу бўлади. Шу маънода асарнинг нозик жиҳатларини янада теран англаб, янгича қараш ва ёндашувлар билан унинг асосида луғатлар, янги қўлланмалар яратилса, биз бундан фақат хурсанд бўламиз. Зеро, бугун Ўзбекистон бобуршунослик марказига айланиб улгурди. Бу баҳога ўтган йиллар давомида ўзбек бобуршунослари томонидан амалга оширилган изланишлар натижасида эришдик. Тўғри, бобуршуносликдаги барча изланишларни мукаммал дейишдан йироқмиз. Бобур ва бобурийлар ижоди, фаолияти ҳақида нашр эттирилаётган айрим китоблар, қўлланмаларда чалкашликлар бор. Аслида иш бор жойда камчиликлар кузатилади, бир фикр иккинчисидан фарқланади. Бироқ бу Бобур асарларининг аслиятига таъсир этмаслиги шарт. Чунки оддий ўқувчи аслиятни ўқиши керак. Мен бобуршуносларимизни янада синчковлик ва зийракликка чақирган бўлардим.

– Бобур билан Навоий ҳаётлик чоғларида юзма-юз учрашмаган. Мирзо Бобур “Вақоеъ”да Навоий қиёфасини шу қадар аниқ тасвирлайдики, икки улуғ зот азалдан қалин дўст бўлган, деб ўйлайсиз. Аммо ана шу саҳифалар асарнинг хорижий тиллардаги барча вариантларида тўғри акс этган, деб бўлмайди. Масалан, инглизча таржималарда Бобурнинг Навоий ижодига берган баҳоси ўзгача талқин қилинган. Умуман, она тилимизда битилган тарихий асарларнинг хорижий тилга таржималарини диққат билан ўрганиб, бу борада балки алоҳида тадқиқотлар уюштириш лозиммикан, деган мулоҳазаларга борасан, киши. Дейлик, “Бобурнома”нинг инглиз тилига қилинган таржималаридаги шу каби нохолисликлар бу икки улуғ зотни яхши билмаган, асарларини ўқимаган миллионлаб инглиз забон китобхонларни чалғитиши мумкин.

– Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да ҳазрат Алишер Навоий ва унинг ижодига тўхталиб, ўз баҳосини берган. Ва бу баҳо холис, буюк Навоийнинг иқтидоридан ҳайратланиш ва ундан фахрланиш эканини ҳам илғаш қийин эмас. Аммо инглиз тилидаги таржимаси хусусидаги фикрингизга қўшиламан. Ўзбек бобуршунослари тадқиқотлар олиб борса, фойдадан холи бўлмасди. Шу ўринда, инглизлар ҳалигача Бобур ва бобурийларни “буюк мўғуллар” деб аташи айнан, шу таржима ёки европача қарашнинг нотўғри шаклланганининг таъсиридир. Биз ҳар сафар хорижлик суҳбатдошларимиз билан шу мавзуда фикрлашамиз, Бобурмирзо буюк ўзбек эканини қайта-қайта таъкидлаймиз. Афсуски, узоқ йиллар давомида уларнинг онгига сингиб кетган “буюк мўғул” тушунчасини бутунлай чиқариб юбориш қийин. Бу ҳам ўша сиз айтган нотўғри талқиннинг натижаси.

Саволингизда назарда тутаётган, Бобур фонди ҳомийлигида инглизчадан таржима қилиниб чоп этилган Ҳаролд Лембнинг “Бобур йўлбарс” китобига келсак, матбуотда бу китобдаги аксарият воқеалар тўқима, шарқона қарашлардан узоқда, деган фикрлар бериляпти. Аслият ёки таржима тўғри, нотўғри дейишдан йироқман, ижодий баҳони, менимча, мутахассислар бергани маъқул. Аммо тан олишимиз керакки, ҳали биз Бобур ва бобурийлар ҳаётини ўрганиш, Бобур ижодидан баҳраманд бўлиш имкониятидан йироқ пайтимиздаёқ Ғарбда у ҳақда тарихий, илмий, бадиий асарлар яратиб бўлинган. Бу буюк аждодимизнинг шахсияти ўша даврдаёқ бутун дунёни ҳайратга солиб, у ҳақда изланишлар олиб боришга даъват қилганидан дарак. Шу маънода, Ҳаролд Лембнинг ўз дунёқарашидан ва изланишидан келиб чиқиб ёзган “Бобур йўлбарс” асарида чалкашликлар бўлиши табиий. Менимча, таржима вариантини қайта кўриб чиқиш керак.

– Ҳумоюн Мирзо оғир бетоб бўлганда, уни азоб чекаётганига чидолмаган отаси жон таслим қилаётган шаҳзода атрофида айланиб, унинг тузалиб кетиши учун ҳатто умрини бағишлаши бизни ҳам ҳайратлантиради, ҳам алланечук қайғуга солади. Бобур Мирзонинг фарзандларига ёзган мактублари ҳам ҳануз Европа шарқшуносларининг диққатини тортмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари нимада?

– Ўзига хос сабаби – Бобурмирзо ОТА! Шарқда оталар ҳамиша фарзандлари олдидаги масъулиятини чуқур ҳис қилган. Бобурмирзо ҳаётлик чоғидаёқ тахтни ўғлига топширган дунёдаги яккаю ягона ШОҲ. Назаримизда, у ота сифатида Ҳумоюннинг салтанатни қандай бошқаришини кўришни, унга бу борада яқин кўмакчи, маслаҳатчи бўлишни истаган. Бобурмирзонинг бебаҳо инсоний фазилатлари ичида оила аъзоларига, қариндош-уруғлари, дўстларига меҳру оқибат кўрсатиши, садоқати асарларида айниқса, “Бобурнома”да яққол намоён бўлади. Бу меҳрибонлиги фарзандларига алоҳида эди. Ўғиллар тарбиясида ўзига хос қоидалари ва ёндашувлари бор эдики, мана шу жиҳатлар ҳали-ҳануз башариятни лол қилиб келмоқда. Бобурмирзо қаерда бўлишидан қатъи назар, фарзандлари ҳақида ҳар доим қайғурган, уларнинг бир-бирига меҳрибон, оқибатли, дўст бўлишини истаган. Буни фарзандларига ёзган қатор мактубларида кўриш мумкин.

Ҳумоюнмирзога ёзган хатини эслайлик: “Укаларингга меҳрибон бўл, хато қилса кечир, асло ўзингдан узоқлаштирма”, дейди. Шунинг учун ҳам Ҳумоюн Комрон билан Ҳиндол Мирзолар тахт талашиб, уни қаттиқ хафа қилганида ҳам уларни кечиради. Чунки буни Отаси васият қилган.

Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида Бобурмирзо томонидан қурдирилган Чилзина, яъни қирқ зина тарихий обидаси бор. Тоғнинг ичига ғор қилинган. Қирқ зинани босиб чиққанингизда ўша ғор деворларига”Қуръони Карим”дан оятлар билан бирга, ўғиллари Ҳумоюн ва Комрон Мирзога ёзган панду насиҳатлари ҳам акс этган. Демак, у ҳамиша фарзандлари ҳақида қайғурган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, нафақат Европа шарқшунослари, сизу биз ҳам Бобурмирзонинг бу фазилатлари олдида ҳамиша ҳайратдамиз.

– Кейинги пайтда интернет сайтлари орқали бобомиз Абу Райҳон Беруний турбатлари ҳақида ҳар хил хабарлар ўқидик. Баъзилар у жойнинг ҳалиям хароб аҳволда эканини айтиб бонг урса, “Йўқ, биродарлар, бундай эмас! Яратганга шукрки, буюк аждодимиз турбатлари обод этилган!” қабилида кўнгилни хотиржам қиладиган муждалар ҳам янгради. Бугунги Афғон заминида Берунийдан тортиб, Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб каби улуғ боболаримиз мангу макон топгандир. Сиз раҳбарлигингиздаги Фонд аъзолари бу ерда бир неча бор бўлиб, уларнинг бир нечтасини ободонлаштиришнинг уддасидан чиққанларингиз ҳақида матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали хабардормиз.

– Бобур номли халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси Бобур ва бобурийлар изидан юриб, нафақат бобурийлар, балки юртимиздан етишиб чиқиб, тақдир тақозоси билан хорижда мангу макон топган бошқа ўнлаб буюк аждодларимизнинг қабрларини излаб топиб зиёрат қилдик. Ҳақиқатан, Афғонистонда машҳур Мусалло майдонида ҳазрат Алишер Навоийнинг, Султон Ҳусайн, Гавҳаршодбегим ва темурийларнинг бошқа авлодларининг, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг қабрлари анчагина хароб аҳволда эди. Ишкамишда Бобораҳим Машрабнинг, Ғазнада буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг қабри йўқолиб кетиш арафасида. Уларни кўрганимизда, ич-ичимиздан ачиндик, тезроқ обод қилиш керак, деган қатъий фикрга келдик ва амалий ҳаракатни бошладик. Экспедиция аъзолари билан Ҳирот шаҳрига бориб, ҳазрат Алишер Навоийнинг мақбарасини обод қилиш юзасидан тадқиқотлар олиб бордик, унинг асосида лойиҳа яратдик. Афсуски, ўша вақтда Афғонистонда ҳукм сурган уруш ҳолати ишимизни давом эттиришга имкон бермади.

Афғонистонга навбатдаги сафаримизда мумтоз адабиётимизнинг таниқли намояндаси мавлоно Лутфийнинг Ҳирот шаҳри яқинидаги Дашти Қанор қишлоғида хароба аҳволдаги қабрини излаб топдик. Бу жойни мутахассисларимиз билан яхшилаб ўрганиб келиб, Андижонда лойиҳа тайёрланди. Лойиҳа асосида сағана ва мақбара юртимиздаги моҳир усталар иштирокида тайёрланиб, махсус автомашинада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳирот вилоятининг Нангобод қишлоғига олиб борилди. Ва у ерда мавлоно Лутфийнинг номига муносиб янгидан қабр-мақбара бунёд қилинди.

Афғонистон давлатига навбатдаги илмий сафар уюштирилди. Сафар давомида буюк аллома Алишер Навоийнинг Ҳирот шаҳрида жойлашган абадий оромгоҳига Ўзбекистонда шарқона, темурийлар даврига хос тарзда тайёрланган қабр сағана тоши ва мақбара эшиги олиб бориб ўрнатилди. Шу сафаримиз давомида Ҳирот шаҳридан уч километр узоқликдаги мозоротда мангу макон топган Навоийнинг шогирди, мусаввир Камолиддин Беҳзод мақбараси учун лойиҳа тайёрлаб қайтдик. Бу ишимизнинг давоми сифатида Ўзбекистондан 1150 туп манзарали кўчат олиб бордик. Ҳирот шаҳридан яна 1000 туп кўчат сотиб олдик. Ва Ҳиротнинг тарихий Мусалло майдонида ҳазрат Алишер Навоийнинг мақбараси атрофида 2 гектарлик шинам боғ яратдик. Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод мақбарасини бутунлай янгидан бунёд этдик. Фонд томонидан янгидан барпо қилинган мавлоно Лутфийнинг мақбарасини қайтадан таъмирладик. Ҳамюртимиз Худоёрхоннинг ўғирлаб кетилган қабр тоши ўрнига янгисини ўрнатдик. Бу ишларимизни бутун Ҳирот жамоатчилиги, ЮНЕСКО ташкилотининг Ҳиротдаги вакили ва ҳиротлик зиёлилар кузатиб турдилар. Якунида “бутун дунёга ибрат нурини сочиб, аждодлар руҳини шод қилиб кетаяпсизлар” дея Ўзбекистон халқига миннатдорчиликлар билдирди.

Бу хайрли ишларимиз давом этмоқда. Лекин ҳали яна кўплаб буюк аждодларимизнинг қабрларини обод қилиш керак. Яъни Ҳиндистоннинг Кашмир вилоятида Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг, Истанбулда эса буюк олим Али Қушчининг қабрлари қаровсиз ётибди. Келгусида уларни ҳам обод қилиш ниятимиз бор.

 

Адиба УМИРОВА,

(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер