Асоссиз қўйилган барча тақиқловчи белгилар олиб ташланади

16:36 09 Июль 2025 Сиёсат
228 0

Иллюстратив фото

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида жамоат транспортини қулай ва хавфсиз қилиш бўйича ҳудудларда яхши инновацион тажрибалар бошлангани қайд этилди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида 200 километр йўл, 4 та кўприкни таъмирлаш учун Хитойдан 300 миллион доллар инвестиция жалб қилинмоқда.

Шунингдек, пойтахтдаги тирбандликларни камайтириш мақсадида «Intelлектуал транспорт» ахборот тизими ишга тушади.

Ушбу тизимга Тошкент шаҳридаги 700 дан зиёд чорраҳа ва улардаги барча светофор, фото ва видеокузатув мосламалари уланади.

Транспорт оқимига қараб светофорларни масофадан бошқариш ҳисобига тирбандликлар 25-30 фоизга камайиши мумкин.

Президентимиз яна бир масалага эътибор қаратди.

Айрим вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг маъмурий биноси жойлашган кўчалар ёпиб қўйилганидан, шусиз ҳам тирбанд кўчаларда уларнинг ходимлари йўлни 2-3 қаторини «парковка» қилиб олганидан аҳоли норози.

Президент топшириғига кўра, 15 минг нафар ҳайдовчилар ўртасида сўров ўтказилди. Пойтахтда ҳам, йирик шаҳарларда ҳам қонуний «парковкалар» етишмагани учун улар машинасини йўл бўйига қўйишга мажбурлигини билдирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Умуман, оддий ҳайдовчилар дардини эшитадиган одам, мулоқот платформаси йўқ», деди Президент.

Мутасаддиларга барча ташкилот ва маҳаллалардаги асоссиз қўйилган тақиқловчи белгиларни олиб ташлаш топширилди.

Вазирлик ва идоралар ходимлари аҳолига ноқулайлик яратиб, «парковка» қилиб олган ҳудудларда фото ва видео камералар ўрнатиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Давлат хизматчилари жамоат транспортида юриш бўйича намуна бўлиши кераклиги қайд этилди. Эндиликда Ҳукумат қарори билан тасдиқланган рўйхатдан ташқари раҳбарларнинг хизмат машинасига йўлларда устунлик берилмаслиги белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?