Мақсадга етаклаган жасорат

16:25 24 Июнь 2025 Жамият
120 0

Ўн беш ёшимда кўриш қобилиятимни йўқотгач, бир муддат жуда оғир ҳолатга тушиб қолдим. Ота-онам мени тушкунликдан чиқариш мақсадида спортга олиб боришди. 2015 йилдан шаҳримиздаги спорт тўгаракларидан бирида пара атлетика билан шуғуллана бошладим. Худди шу йили Тошкент шаҳрида ўтган мусобақада югуриш спорт тури бўйича ўз имкониятларимни синаб кўрдим. Бу ҳаётимдаги биринчи йирик турнир эканига қарамай, ғолибликни қўлга киритдим. Шу мусобақа менга курашиш, ғолиб чиқиш кайфиятини ҳис этишимга имкон берди. Қалбимда катта мусобақалар, жаҳон ареналарига чиқиш орзуси, курашиш, олдинга ҳаракат қилиш мақсади пайдо бўлди.

Дадам билан маслаҳатлашиб, пара-енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сардор Абдухолиқовнинг ёнига бордик. Мақсадим қатъий эканини кўрган мураббий мени Тошкентда олиб қолди. У кишининг тавсияси асосида пара атлетиканинг узоқликка сакраш тури билан шуғуллана бошладим. Тинимсиз машғулотлар, катта мусобақаларга тайёргарлик бошланиб кетди.

2016 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган мусобақада учта йўналиш бўйича учта олтин медални қўлга киритдим. Шундан сўнг «Токио-2020» ёзги Паралимпия ўйинларида совриндор бўлдим. Жаҳон чемпионлигига эришдим. 2022 йилда «Ханчжоу — 2022» Параосиё ўйинлари ғолибига айландим. Шу йили Осиё қитъасининг «Энг яхши аёл пара атлети» деб топилдим.

Ўтган йил ҳаётимда бутунлай янги саҳифа очди. Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХВИИ ёзги Паралимпия ўйинларида 5.24 метр натижа қайд этган ҳолда олтин медални қўлга киритдим. Бу натижам билан 28 йил давомида сақланиб келган Паралимпия рекордини янгилашга муваффақ бўлдим. Президентимиз телефон қилиб, шахсан табриклаганларида қандай ҳолатга тушганимни сўз билан таъриф этиб бера олмайман.

Давлатимиз раҳбарига 2028 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Паралимпия ўйинларида ҳам юртимиз байроғини энг баландга кўтаришга ваъда берганман. Ҳозир бунинг учун қаттиқ тайёргарлик кўряпман.

Бугун юртимизда спортга юксак эътибор қаратилмоқда. Биз ёшларнинг спорт билан шуғулланишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бугун эришаётган барча ютуқларимиз замирида ана шу имкониятлар ҳосиласи мужассам.

Асила МИРЗАЁРОВА,

Пара атлетика бўйича Ўзбекистон терма

жамоаси аъзоси, паралимпия ўйинлари чемпиони.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?