Арзон иссиқхоналардан экспортга маҳсулот чиқарилмоқда

17:31 19 Август 2025 Жамият
197 0

Пешку туманидаги Абу Али ибн Сино қишлоғида 176 та хонадон бўлса, шунинг 170 тасида иссиқхона борлигига қойилмисиз? Бу аҳолининг аксарияти томорқасини гуллатиб қўйганидан далолат беради. Демак, кимдир помидор, бодринг, кимдир булғор қалампири, резавор кўкатлар, яна кимдир лимон етиштириш билан банд. Бу гўшада иш излаб, олис ва совуқ ўлкаларга кетаман, деганни кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз.

—Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан Бухоро вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги лойиҳалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги қўшимча имкониятлар ҳақида алоҳида сўз юритилди,— дейди шу қишлоқда яшовчи “Шуҳрат” медали соҳиби Нусрат Саидов. – Туманимизда арзон иссиқхоналар қурилди ва экспортбоп экинлар етиштириш йўлга қўйилди. Бу тажрибани оммалаштиришга давлатимиз раҳбари томонидан эътибор қаратилаётгани бизни жуда қувонтирмоқда. Эътибор беринг, “ерни ардоқлаган, ундан оқилона фойдаланган киши ҳеч қачон кам бўлмайди” деган тушунчани бугун ҳар бир хонадон вакили юракдан ҳис қилмоқда.

Лимончилик билан шуғулланиб элда обрў-эътибор топган Нусрат ака ҳақ. Миришкор деҳқон жорий йилда гумусли тувакчаларда эртанги помидор ва ошқовоқ кўчатлари етиштиришни йўлга қўйди. Унинг фикрича, аҳолининг экин ерларидан омилкорлик билан фойдаланиш борасидаги билимини ошириш орқали бозорни тўкин қилиш, кўплаб оилаларни камбағалликдан чиқариш мумкин.

—Вилоятимиз бўйича қўшимча 5 минг хонадонда шундай иссиқхоналар қуриб бериш вазифаси қўйилгани айни муддао,— дейди яна бир суҳбатдошимиз, “Садир” маҳалласида яшовчи Жаҳонгир Муродов.— Негаки, ердан йилига уч марта ҳосил олиш афзаллигини биз ўз фаолиятимиз мисолида кўряпмиз. 2 сотих ерда барпо этилган иссиқхонамиздан ярим тонна картошка жамғардик. Энди эса помидор билан бодринг етиштиряпмиз. Йўлини топганга ернинг турган битгани хазина.

Диққатга молик жиҳати шундаки, пешкулик миришкорлар томонидан мавсумий юмушларга аҳоли нисбатан тиғиз яшовчи қўшни туманлардан ишчи кучини жалб қилиняпти. Бу ерда помидор, бодринг, булғор қалампири, сабзи, картошка, лимон, апельсин, кўкатлар, шунингдек, кўчатчилик билан шуғулланишга ихтисослашган бутун бошли оилаларни учратиш мумкин.

Дарвоқе, давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда саноат, туризм каби катта йўналишлар қаторида янги боғ-роғлар барпо этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шофиркон, Ғиждувон, Пешку ҳамда Бухоро туманларида 10 минг гектар майдонда узумзор, шунингдек, 5 минг гектар ерда ўрик, гилос, анжир каби экспортбоп мева боғларини барпо этиш вазифаси қўйилди. Бу албатта, бозорларимизни янада тўкин қилиш, янги иш ўринлари очиш, шунингдек, шириндан шакар меваларни экспортга чиқариш кўламини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?