АҚШлик ватандошимиз Жон Тошматов: IT-соҳасида дастур тилини билсангиз, исталган жойда ишлай оласиз

08:21 30 Апрель 2020 Жамият
3864 0

Хорижда яшайдиган ватандошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти кўпчилик учун қизиқ. Суҳбатдошимиз, ўз соҳасида муваффақиятларга эришган,  асли фарғоналик бўлган Жон Тошматов бугунги кунда АҚШда яшайди.  Ватандошимизнинг IT соҳасидаги муваффақият сирларини билиш учун у билан боғландик.  

• Қаҳрамонимиз 1976 йил Фарғона вилояти Фурқат туманининг Навбаҳор шаҳарчасида туғилган.

• 1983 йилдан 1994 йилгача Навбаҳорнинг 14-ўрта мактабида таълим олган.

“IT-соҳаси чегара билмайди”

– Аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз,  IT соҳасини ўрганиш учун қайси даргоҳларда таълим олгансиз?

– Мактабни битирганимдан сўнг, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетига ҳужжат топширганман, лекин афсуски, балларим етмади ва ўқишга кира олмадим. Кейинги йил Фарғона политехника университетига ўқишга кириш насиб этди.  У ерда 1998 йилгача ўқиб, сўнг АҚШнинг ўқиш ва малака ошириш дастури бўйича Калифорния политехника университетига ўқишга кирдим. Дастурни муваффақиятли якунлаганимдан сўнг Айова штатидаги Кларк университети компьютер технологиялари  йўналишида бакалавр тизимини битирганман ва сўнгра Флорида штатининг Seynt-Liyo университетида магистр тизимида ҳам ўқидим. 

– Мактабда қайси фанларга қизиққансиз? Устозларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

– Мактабнинг бошланғич даврида ижтимоий ва гуманитар фанларга қизиқишим кўпроқ эди. Кейинчалик табиий фанларга,  математика, алгебра, алгоритм, эҳтимоллик назарияси ва физика каби фанларга қизиқа бошладим. Ўрта мактаб келажакда илм олиш йўлимдаги режаларимга пойдевор бўлган дея оламан. Бунда ўқитувчиларимизнинг роли жуда катта. Шу сабаб ҳалигача ўқитувчиларимни жуда яхши хотиралар билан ёдга оламан. Асосий қизиқиб шуғулланадиган фанларим: география, математика физика ва инглиз тиллари бўлган. Ўқитувчиларим Саида Султоновна – математика ва алгебра, Сарофат Қуловна – география ва тарих, Нина Сергеевна  – инглиз тили, Рашид Каркаев – физика фанларидан сабоқ бериб, шахсий тараққиётимда жуда катта таъсир кўрсатишган. 

Ўқитувчиларимдан Саида Султоновна математикадан нафақат фундаментал билим берардилар, балки математиканинг дунё ривожига қўшган ҳиссасини ҳам ўргатардилар. Юнон буюк математик ва физиклари, жумладан, Аристотель, Архимед, Гераклит ва албатта, буюк математик-астроном, алгоритм қироли бўлмиш бобокалонимиз Ал Хоразмийлар тарихини ҳам ўрганардик.

 Ҳозирги кундаги математика, алгоритм ва қолаверса, ахборот технологиялари тизимининг ривожланишида уларнинг катта ҳиссаси бор. Математика ва алгебра фанларида мен кўпроқ эътиборимни шу асосий функциялар ва теориялар ёрдамида, ҳақиқий мукаммал процессларни ечишга қаратганман. Кейинчалик чизиқли алгебра функцияларини, тригонометрик функцияларни ҳам мукаммал ўрганиш насиб эган. Хотирамда қолган энг қизиқ мавзулардан бири бу қандай қилиб матрицада детомини ва Фибоначчи сонларини ечиш мавзуси эди. Чунки ҳозирги кунга қадар шу функциалардан ўз касбимда фойдаланиб келмоқдаман. Биз ўша даврда Ал Хоразмий китобларини ҳавас билан ўқирдик. Кейинчалик АҚШга келганимда Ал Хоразмийнинг “Kitab Al Jabr va Muqabala ” китобини ўқиш насиб этди. География фани ўқитувчим Сарофат Қуловна ҳам жуда яхши инсон эдилар. География фани дунё қарашимни ҳар томонлама ўзгартирган. Дунё харитасига бир қараб, қайси давлат қайси қитъада жойлашган ва уларнинг пойтахтлари, географик рельеф ва сиёсий давлат структураларигача айтиб бера олардим. Қуёш тизимини, сайёралар, галактикалар, метеор ва астероидлар ҳақида ҳам билимга эга бўлганмиз. 

Физика ва кимё фанлари ўқитувчимга келадиган бўлсак, Капкаев Умар Рашидович дарсларни жуда қизиқтириб ўтардилар. Физикадан кўпроқ классик механика ҳаракатлари қонунини, электромагнетизм, ёруғлик ва термодинамикага кўпроқ эътибор берганлар. Айнан ўрта мактабдан бошланган қизиқишим, ҳозирга қадар хотирамда қолган.  Кимё дарсида шу ўқитувчимнинг бир жуда муҳим қиёслаш мисоли ёдимдан сира чиқмайди. Имтиҳон жараёнида ўқитувчим мендан “Тошматов, қани, айтинг-чи, нега сув маълум бир даражага келганда қайнашни бошлайди?” деб сўради. Мен дарс жараёнида ўрганган формулаларни келтириб, “қайнаётган сув иситиш тизимида максимал ҳароратга етганидан сўнг у ўз ҳароратини бошқа кўтармаслиги сабаб қайнайди”, деб жавоб бердим.  “Келинг, мен сизга осонроқ қилиб тушунтириб бераман. Тасаввур қилинг, кострюлга сув тўлдирдингиз. Сув нималардан иборат? Сув – молекула ва атомлардан иборат. Энди қаранг, молекула ва атомларни биз юмолоқ шаклда деб ҳисоблайдиган бўлсак, сувда уларнинг сони миллиондан кўп бўлади. Агар сиз кострюлни сув билан тўлдирсангиз, демак, ичида қаторма-қатор молекулалар устма-уст тахланиб туради дегани. Шу ҳолда кострюль тагидан олов ёқилганда, метал қизишни бошлайди ва маълум бир ҳароратга келганда, энг пастки қатордаги молекулаларнинг оёқлари қизийди ва улар сакрашни бошлайдилар. Натижада елкалари билан тепада турган молекулаларни турткилайди. Шундай қилиб биз сув қайнаш эффектини томоша қилишимиз мумкин”, дедилар. Ўқитувчимиз шунақа ажойиб мисоллар билан дарс ўтардилар Шу сабаб мактаб даври кўплаб қизиқ ва эсда қоладиган тажрибага бой бўлган. 

– Болаликдан қайси касб эгаси бўлишни орзу қилгансиз? Бу орзунгиз кейинчалик ўзгардими?

– Ҳар бир инсон ёшлигидан жуда кўп касбларни орзу қилади, шу жумладан мен ҳам. Масалан, бир пайтлар астронавт бўлишни орзу қилганман, кейинчалик футболчи бўламан деганман, бундан ташқари, актёрликка ҳам қизиқиб, ҳатто шу йўналиш бўйича ўқишга ҳам кирмоқчи бўлганман. Охирги йилларда дунёнинг иқтисодий ва сиёсий хариталари ўзгариши сабаб, кўпроқ халқаро иқтисодий алоқаларга қизиқа бошладим. Лекин барибир математика ва физикага бўлган қизиқишим устунлик қилиб, технология, яъни техника ва компьютер йўналишини танлаганман.  

– АҚШга нима мақсадда боргансиз? Ҳозирда кўпчилик ҳавас қиладиган натижаларга эришдингиз, муваффақиятингиз сири нимада деб ўйлайсиз?

– АҚШга ўқиш ва тажриба орттириш ниятида келганман. Билмадим, ҳамма ҳавас қиладиган даражага етдимми ёки йўқ, лекин АҚШда мен нуфузли университет ва ўқув марказларида таҳсил олишга муваффақ бўлдим. Катта-катта компанияларда ишлаб, тажриба орттирдим, ҳозирда эса Нью-Йорк шаҳрида ўз ватандошларимга информацион технологиялар бўйича таълим бериб келмоқдаман. Америка имкониятларга бой давлат бўлиши билан бирга, ўзига хос рақобат кучига ҳам эга. Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда ҳозирда иш юритиш бўйича ўзига хос услубга эгаман. 

Феълимда таслим бўлмаслик бор. Ҳар бир қилаётган ишингизда, албатта, тўсиқлар учрайди, бошида ўхшамаслиги мумкин, лекин одам таслим бўлмасдан йўлида давом этса, менимча ҳамма нарсага эришса бўлади. Кейинчалик ўз тажрибангизга эга бўлганиздан сўнг, оғир меҳнат ақлий меҳнатга ўтади, ўшанда сиз ўз ишингиз устасига айланиб бораётганингизни тушунасиз. 

– Бугунги бизнес фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. У нималардан иборат? 

– Бугунги кунда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ватандошларимиз сони кўпайиб бормоқда. Барчамизга маълум, АҚШда ватандошларимиз ўзлари танлаган касбларини давом эттиришлари жуда қийин. Бунинг учун тилни мукаммал билиш ва 4-5 йиллик бакалавр тизимида ўқиш лозим. Шунинг учун мен қисқа муддатли, яъни 6-9 ой оралиғида ўқиш мумкин бўлган IT-курсларини очганман. Ватандошларимга IT соҳасида керакли бўладиган билимларни ўргатаман. IT соҳаси жуда кенг қамровли, тиббиёт, журналистика, спорт, ҳайдовчилик, бизнес юритиш ва яна кўплаб касбларни ўз ичига олади. Кўплаб ватандошларимиз тиббиёт соҳасига қизиққан ҳолда ўзлари танлаган йўналиш бўйича IT-технологияларни ўрганиб, ишлаб келишмоқда. 

– АҚШда бизнес очиш анча осон дейишади. Бироқ рақобатнинг кучи натижасида аксарият компаниялар таназзулга юз тутар экан. Айнан рақобат муҳити ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик. 

– АҚШда бизнес очиш баъзи бир мамлакатларга қараганда осону, лекин ўзига яраша мураккаб рўйхатдан ўтиш тартиблари бор. АҚШ ҳукумати ҳар бир тадбиркорга имконият беради, имкон беришга ҳаракат қилади. Тадбиркор авваламбор, бизнес очишдан олдин ўз маҳсулоти ёки сервисининг бозорини ва рақиблари фаолиятини ўрганиши зарур. Рақобат борки, такомиллашиш бор. Бу эркин бозорнинг ривожланишига йўл очади. Муваффақиятга эришиш учун корхона, албатта, қуйидаги асосий тамойилларга эътибор бериши зарур деб ўйлайман: мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, маҳсулот ёки хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартлар бўйича олиб бориш, инновация ва келажак технологияларига сармоя қилиш, мижозлар билан алоқа қиладиган воситалар ёки порталларни қуриб бориш, ишга олиш тартибини энг юқори  даражасини йўлга қўйиш ва ҳар бир номзодга ишга олиш жараёни ва иш давомида ёрдам бериш. Бундан ташқари ишчилар йиллик синов ва суҳбатлардан ўтиши лозим. Иш жойларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари ёки кўрсатмалари бўлиши зарур. Ҳар бир дам олиш ёки ошхона ҳамда иш жойида меҳнат вазирлигининг янгиликлари илинган бўлиши керак. Бошқарув ходимлари ва ишчилари билан тез-тез мулоқотда бўлиб, ойлик ёки ҳафталик мажлисларини ўтказиб туриш ҳам фойдали деб ўйлайман.

– Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга борганда ватандошларимиз билан учрашганди, ўша учрашувда сиз ҳам қатнашганмидингиз?

–   Ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташриф буюрганида мен бошқа штатда хизмат сафарида эдим. Афсуски, шу сабаб кўришиш насиб этмади. 

– Ўзбекистонда ҳам бизнес очиш ниятингиз борми ва у қайси соҳада бўлади? 

–  Ўзбекистонда бизнес очиш ниятим бор. IT-ўқув марказини очмоқчиман. Унда малакали дастурчиларни тайёрлаб, дунёнинг барча ривожланган малакатларидан мижозлар топиб, Ўзбекистон дастурчиларини иш билан таъминлаш ва Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.

– Оилангиз, ота-онангиз ва фарзандларингиз ҳақида гапириб берсангиз. Фарзандларингиз ўзбек тилини билишадими?

– Отам Ҳалимжон Тошматов 2012 йилда оламдан ўтган. Онам Сабохон Тошматова бизнинг бахтимизга соғ-омонлар. Оилада бош фарзандман, учта синглим ва битта укам бор.  Ўзимнинг тўрт нафар фарзандим бор, катта қизларим Эвелина ва Камила Айова штатида яшашади. Кичик қизларим Лола ва Солиҳа. Улар ўзбек тилида бемалол гаплаша олишади.    

– Ватан соғинчи қийнайдими?  Ўзбекистон деганда кўз олдингизга биринчи бўлиб нима ёки ким келади? 

–  Тўғрисини айтсам, бошида соғинч бўлади, ота-онани, уйни, туғилиб ўсган кўчалар ва мактабимни қаттиқ соғинардим. Лекин вақт ўтиб, одамзод ҳамма жойга ва ҳар хил шароитга кўникар экан. Ўзбекистонимизнинг тўйларини, байрамларини ва халқимизнинг меҳрини соғинаман. Ўзбекистон деганда кўз олдимга авваламбор киндик қоним тўкилган она тупроғим келади. Ҳар бир юртидан узоқда бўлган инсон она ватан  соғинчи билан яшайди. Шу сабаб мен ҳам ҳамма нарсани ва ҳар кимни соғиниб яшайман.   

– Ўзбекистонлик ёшлар жуда ҳаракатчан, бу интервью уларни илҳомлантириши, шубҳасиз. Сиз каби муваффақиятга эришган инсонлар маслаҳати уларга жуда асқатади ва мотивация беради. Уларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз? 

– Ўзим ҳам ёшлигимдан жуда интилувчан ва ҳаракатчан бўлганман,  айнан шу хислатим эришган муваффақиятларимга сабаб бўлган дея оламан.  Ёшларимизга ҳар доим илм йўлида ҳаракат қилинг ва замонавий билимлари ўрганинг, деган бўлардим. Ҳеч қачон хато қилишдан қўрқманг. Кўплаб ютуқлар хатолар эвазига келади. Ўзим доим риоя қиладиган бир шиор бор:  “Ақлли одам ўз хатолардан сабоқ олади, ақллироқ одам эса бошқаларнинг хатосидан сабоқ олади, аммо доно одам бошқаларнинг муваффақиятидан ўрганади”. Ҳеч қачон эришган даражангизда тўхтаб қолманг, ҳар доим янада баландроққа кўтарилишга интилинг. Келажакка қандайдир мерос қолдиришга интилиб яшаш керак.

– “My IT Education” компаниясининг келажагини қандай кўраяпсиз? Сир бўлмаса, компаниянинг асосий жиҳатлари нимадан иборат? Ҳақиқатдан ҳам тўрт йиллик ўқиш давомида олинадиган билим ва кўникмаларни олти ойда ўрганиш мумкунми? Шу пайтга қадар нечта шогирд чиқардингиз ва улар қаерларда фаолият кўрсатишяпти? Ўзбекистондан туриб ҳам  ўқув марказингизда онлайн таълим олса бўладими? 

 – “My IT Education”нинг олдига қўйган асосий мақсади, бу АҚШдаги ватандошларга IT соҳасининг фундаментал билимини ўргатиш ва уларга шу соҳа бўйича иш топиш малакасини тушунтириш. Ҳозирги “My IT Education” марказида таълим олганлардан бештаси Zend Sertifikat Muhandisi унвонига эга бўлди ва бир нечтаси шу соҳада ишлаб келмоқда. Фаолиятимизни яқинда бошлаганимиз сабабли, ҳали натижаларимиз у даражада катта эмас. Агар тўрт йиллик бакалавр  тизимини ўқиб битириш учун  ўртача 120 та кредит керак бўлса, ўшанинг ярмидан кўпи таълимнинг умумий дарслари ҳисобланади, яъни тарих, инглиз тили ва шу каби гуманитар фанлар киритилади. “My IT Education” да биз фақат компьютер соҳасига керакли бўлган фанларга эътиборимизни қаратамиз ва кўпроқ ҳақиқий лойиҳалар устида ишлаш бўйича тажриба оширамиз. Ҳозирда биз:  HTML, CSS, JavaScript, JQuery, Angular, Bootstrap, PHP, SQL, AWS va yana ko’plab dasturlash darsliklari bilan vatandoshlarimizga ta’lim berayapmiz.  Ва дастур охирида талабаларга резюмелар ёзиш ва иш суҳбатларига тайёрланишда кўмаклашамиз. Ўзбекистондагилар ҳам албатта, бизнинг курсларда онлайн равишда таълим олиши мумкин, бунга фақат компьютер ва интернет бўлса бас. 

– Ҳозир бутун дунё карантинда, ёшларга карантин пайтида нималар билан машғул бўлишни тавсия этган бўлардингиз?

– COVID-19 дунёга келган бир бало бўлди деб ўйлайман. Карантин пайтида уйда ўтириш жуда ҳам муҳим чоралардан бири. Бу вируснинг тарқалишини олдини олиш билан бирга тўхтатади ҳам. Уйда ўтиргандан фойдаланиб, ёшларимиз илм олишлари мумкин. Олдин қурган режаларини амалга ошириш мақсадида ўзлари хоҳлаган лойиҳалари устида ишлари, IT-соҳалари бўйича онлайн тизимда сабоқ олишлари мумкин. Дастурлашни ўрганиб олишса, Ўзбекистондан туриб катта-катта компаниялар билан ишлашлари мумкин. Агар сиз IT-соҳасида дастур тилини билсангиз, хоҳлаган жойда ишлашиз мумкин. Қаердан бўлишингиздан қатъи назар. Чунки бу соҳа чегара танламайди. Сиз технология тилларини яхши билсангиз бўлди. 

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Дилфуза Собирова суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?