Англия тўрт йил олдинги натижани қайтара оладими?

16:21 10 Июль 2024 Спорт
488 0

Бугун футбол бўйича Германияда давом этаётган Европа чемпионатининг Нидерландия ва Англия терма жамоалари ўртасидаги иккинчи ярим финал учрашуви ўтказилади.

Бу Англия учун қитъа биринчиликларида тўртинчи ярим финал. Жамоа охирги бор «Евро-2020»нинг финалига чиқиб, Италияга ютқазиб қўйганди.

Нидерландия учун эса бу «евро»лардаги олтинчи ярим финал ҳисобланади. «Учар голландлар»нинг ушбу босқичдаги ягона муваффақияти 1988 йилга тўғри келган. Ўшанда жамоа финалга чиқиб, чемпионликни қўлга киритганди.

Ҳозиргача Англия ва Нидерландия 22 бор ўзаро тўқнаш келган. Уларнинг 7 тасида Нидерландия, 6 тасида Англия ғалабага эришган. Голлар нисбати 29/31 инглизлар фойдасига.

Жамоалар бунгача Европа чемпионатининг финал босқичида икки бор тўқнаш келган. Жумладан, 1988 йилда ўтказилган мусобақанинг гуруҳ босқичида Нидерландия Англияни 3:1 ҳисобида енгган. 1996 йилги қитъа биринчилигининг гуруҳ босқичида инглизлар ўша мағлубият учун «учар голландлар»да уч олган: Англия — Нидерландия 4:1.

Жамоалар охирги марта 2019 йил 6 июнь куни тўқнаш келишган. УЕФА Миллатлар лигаси доирасидаги баҳсда «учар голландлар» қўшимча бўлимларда ғалабани илиб кетганди: Нидерландия — Англия 3:1.

Хўш, Англия тўрт йил олдинги натижасини қайтара оладими? Нидерландия ўзи учун янги тарих яратадими?

Ушбу саволларга бугун Дортмунддаги «Сигнал Идуна Парк» стадионида жавоб оламиз.

Қайд этиш жоизки, ушбу ўйингоҳ Англия жамоаси юлдузларидан бири, ҳозирда «Олтин тўп» учун асосий даъвогар Жуд Беллингем тўп сурган «Борруссия Дортмунд»га тегишли ҳисобланади. Шу боисдан, уни бу шаҳарда жуда яхши кўришади.

Кеча бўлиб ўтган «Евро-2024»нинг биринчи ярим финалида Испания Францияни 2:1 ҳисобида ютиб, финалга йўл олганди.

Ўйин Тошкент вақти билан соат 00:00да бошланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?