Англия премьер-лигасига қизиқиш нега бу қадар юқори? Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери сабаб айрим мулоҳазалар

11:48 21 Январь 2025 Жамият
202 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Футбол ҳақида сўз очилганида соҳа мутахассислари “Кучли бешлик” деган иборани тез-тез ишлатишади. Бунда улар Англия, Франция, Италия, Испания ва Германия миллий чемпионатларини назарда тутишади, албатта. Гап шундаки, бешала давлат чемпионатларида баҳслар кучли рақобат остида ўтади, томошабинни кучли ҳаяжон остида ушлаб туради. Суюмли жамоасининг ғалабаси эса минглаб, балки миллионлаб фанатларга бир олам завқу шавқ улашади. Шу жиҳатдан футболни ўзига хос спектаклга ўхшатиш мумкин.

Кучли бешлик орасида кейинги йилларда шак-шубҳасиз Англия премьер-лигаси анча илгарилаб кетди. У шу ном остида 1992 йилда ташкил этилган. Умуман эса инглиз Футбол лигасига 1888 йилда асос солинган. Орадан 104 йил ўтиб биринчи дивизионнинг энг бой ва йирик клублари кўпроқ даромад кўриш мақсадида премьер-лига атрофида бирлашишган. Шундан буён премьер-лига дунёнинг энг сердаромад чемпионатига айланди. Дейлик, Sky ва BT Group телевизион компаниялари билан тузилган шартномага кўра, премьер-лига ўйинлар трансляциясидан 5 миллиард фунт фойда кўради. 2029 йилга бориб бу компаниялар тўлови 6,7 миллиард фунтга етиши кутиляпти. Биз ҳали ўйинларни намойиш этиш ҳуқуқини хорижий компанияларга сотиш эвазига кўриладиган фойда ҳақида тўхталганимизча йўқ.

Англия премьер-лигаси ўйинларини дунёнинг 212 та мамлакатида томоша қилишади. Уни кўрадиганларнинг телевизион аудиторияси маълумотларга қараганда, 4,7 миллиард кишини ташкил этади. Ўйинларни стадиондан туриб томоша қилиш борасида премьер-лига фақат Германия Бундеслигасидан бироз орқада. 2023/2024 йилги мавсумда стадионларга ўртача 38 минг 375 киши тушган. Германияда эса бу кўрсатгич 39 минг 467 томошабинни ташкил этган. Аммо шиддаткорлиги, кучсиз жамоанинг амалда йўқлиги, кураш суръати сўнгги дақиқаларгача сусаймаслиги, майдонда ранг-баранг ўйин услуби ва тактикаларнинг қўлланиши, футболчиларнинг индивидуал маҳорати жиҳатидан премьер-лигага етари йўқ. Бу ерда дунёнинг футбол оламига донғи кетган Италия, Испания, Германия, Бразилия, Аргентина, Нидерландия сингари давлатлар футболчилари ва мураббийларини ҳам, бизу сизга у қадар таниш бўлмаган Гибралтар, Кения, Суринам, Гвинея Бисау каби давлатлар вакилларини ҳам учратиш мумкин. Умуман, Англия премьер-лигаси тарихида дунёнинг 100 дан зиёд мамлакати футболчилари тўп суришган. Эндиликда улар сафига Ўзбекистон вакили ҳам қўшилди. Абдуқодир Ҳусанов нафақат юртимиз, балки Ўрта Осиёдан илк бор премьер-лигада ўйнайдиган футболчи сифатида ҳам тарихга кирмоқда. Боз устига у гранд жамоалардан бири, премьер-лигада 8 бор ғолибликка эришган “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилади.

Шу ўринда ўзбек футболчиларига илгари Англия премьер-лигаси вакилига қарши тўп суриш насиб этганмикан, деган савол ҳам туғилади. Ҳа, бу рўй берган. Футболимиз афсоналаридан бири Миржалол Қосимов “Спартак – Алания” клуби шарафини ҳимоя қилган пайтида УЕФА Европа Лигасининг 1995/96 йилги мавсуми доирасида “Ливерпул”га қарши майдонда тўп сурган. Владикавказда кечган бу ўйиннинг биринчи бўлимида стадионни ларзага келтирган гол муаллифи айнан Миржалол Қосимов бўлганди. Тўғри, ўшанда инглизлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. Аммо учрашувдан сўнг “Ливерпул”нинг ўша пайтдаги устози Рой Эванс “Очиғини айтсам, мен бу ерда футболни шу қадар ажойиб ўйнашларини кутмагандим. Рақиб бизга етарли даражада муаммолар туғдирди. Натижани мантиқан тўғри дея олмайман. Уни ҳимоядаги яхши ўйинимиз учун туҳфа деб ҳисоблайман”, деган сўзларни айтганди.

Абдуқодир Ҳусановга эса премьер-лигада омад тилаб қоламиз, албатта!

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер