Андижонда Янги кун «Хон тоғ» кенгликларидан бошланди

Андижон вилоятида Наврўз тантаналари республикамизнинг энг чекка ҳудуди бўлмиш, денгиз сатҳидан 750-800 метр баландликда, Қорадарёнинг ўнг соҳилида жойлашган Хонобод шаҳридаги табиати сўлим, хушманзара «Хон тоғ» адирликларида бўлиб ўтди. Бу кун тонг карнай-сурнай садолари билан бошланди. Бободеҳқон ва Наврўзойлар миллий либосдаги жарчилар иштирокида шаҳар бўйлаб айланар эканлар, вилоят аҳли ва меҳмонларини байрам билан қутлаб, халқ сайлига чорладилар. «Хон тоғ» кенгликларидаги очиқ табиат майдонида ҳар бир шаҳар, туман аҳолиси ва корхона, ташкилот ходимлари, ўқув юрти талабалари ўзлари учун ажратилган махсус жойларда дошқозонларда сумалак қайнатиб, кўклам таомларини тайёрлашди. Куйлар лапарга, лапарлар эса рақсларга уланди.
— Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи чоғида Хонобод шаҳрини сайёҳлик марказига айлантириш, бунинг учун энг аввало, ҳудудларни комплекс ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар бериб, «Хонобод яқин йилларда ҳам республикамизнинг энг гўзал масканларидан бири эди. Энди у ўзининг аввалги шуҳратини қайтариши лозим», — деган эди, — дейди Хонобод шаҳар ҳокими Машъалбек Тожибоев. — Шундан сўнг шаҳарда бунёдкорлик ишлари бошланди. Умумий лойиҳа қиймати 120 миллиард сўм бўлган «Хонобод» сиҳатгоҳи ишга тушди. Шаҳарнинг энг юқори нуқтаси — «Хон тоғ»да янги чархпалак ўрнатилди, бир километрлик осма йўл (канатная дорога) таъмирланиб, янгича қиёфа касб этди. Шунингдек, 3 минг нафар сайёҳга мўлжалланган 1 мингдан ортиқ дам олиш уйлари, қатор меҳмонхоналар, савдо, хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш иншоотлари барпо этилди. Йилига 500 минг киши ҳордиқ чиқариши учун турли кўнгилочар ва дам олиш масканларини барпо этиш бўйича ишлар кетмоқда. Бундан ташқари, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи капитал таъмирланди, янги-янги аттракционлар ўрнатилди, турли кўнгилочар ва дам олиш объектлари қурилди. Бир сўз билан айтганда, шаҳримиз нафақат, Наврўз байрамига, балки сайёҳлар ва юртимиз аҳолиси дам оладиган гўзал масканга айланди.
Наврўз сайли тадбирида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, ҳар бир жамоанинг байрам кўргазмалари билан танишиб чиқди, уларни Навбаҳор фасли шодиёнаси билан қутлади.
Бу каби байрам тадбирлари вилоятнинг ҳар бир маҳалласида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда давом этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг