Андижонда кир ювиш кукуни каби қадоқланган 45 кг «ажал оғуси» фош этилди

Фото: Ҳусан Тангриев / Telegram
Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан «Дўстлик» чегара божхона пости, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги кучли таъсир қилувчи моддаларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилишининг олди олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси раисининг матбуот котиби Ҳусан Тангриев хабар берди.
Маълум қилинишича, «Дўстлик» чегара божхона пости орқали мунтазам равишда тижорат мақсадидаги товарларини гўёки шахсий эҳтиёж учун олиб ўтишни ўзига касб қилиб олган 3 нафар фуқаро бу гал наркокурьерларнинг «тузоғи»га илинган.
Улар моддий манфаат эвазига 9 кг оғирликдаги 3 дона «Ариэл» кир ювиш кукунини чегара божхона постидан олиб ўтаётган вақтида тўхтатилиб, мазкур товарлар божхона кўригидан ўтказилган. Натижада, кир ювиш кукуни қадоғи муқаддам очилгани ва унинг ичига аслида «прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси жойлангани аниқланган.
Шу куннинг ўзида тезкор тадбир давом эттирилиб, «прегабалин»ни қабул қилиб олувчи шахсга етказаётган йўловчи ҳам Оҳангарон туманида қўлга олинган. Унинг ёнидан ҳам 27 кг оғирликдаги 9 дона «кир ювиш кукуни» топилган.

«Калаванинг учи тезкор ходимларни пойтахтимизнинг Учтепа туманига етаклади. Боиси юқоридаги барча кучли таъсир қилувчи моддалар айнан ушбу тумандаги хонадонлардан бирига келтирилиши керак эди.
Шубҳа остига олинган шахснинг ушбу туманда ижарада яшаб келаётган хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида бу ерда яширин нарколабаратория ташкил этишга ҳозирлик кўрилаётгани фош бўлди.
Хусусан, кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва тақсимлаш мақсадида турли жиҳозлар, хом ашё ва бўш капсулалар борлиги аниқланди», деб ёзади Божхона қўмитаси матбуот котиби.
Шунингдек, олиб борилган тезкор қидирув тадбирларидан сўнг, эртасига «Дўстлик» чегара божхона постида айнан ушбу лабораторияга етказилиши керак бўлган, 20 кг оғирликдаги 2 номдаги кир ювиш кукуни қадоқларига жойланган кучли таъсир қилувчи моддаларнинг навбатдаги партияси ҳам қўлга олинган.

Шундай қилиб, кўп босқичли тезкор тадбирлар якунида қонунбузар шахслардан жами оғирлиги 56 кг бўлган 16 дона кир ювиш кукуни қадоқларига солинган кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилган.
Марказий божхона лабораторияси томонидан ўтказилган экспертиза натижаларига кўра фош этилган моддаларнинг 45 килограммини «прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси ташкил этган.
Ҳозирда ушбу оғирликдаги кучли таъсир қилувчи модда далилий ашё сифатида олиниб, божхона органлари томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
«1 кг «прегабалин» моддасини 33 минг капсулага тақсимлаш мумкин. Демак, юқоридаги ҳолатда салкам 1,5 млн дона капсулага етарли кучли таъсир қилувчи моддалар тарқаб кетилишининг олди олинди. Бу эса қанчадан қанча ёшларнинг саломатлигига зиён етказиши ва турли жиноятларга етаклаши муқаррар эди», дейди Ҳусан Тангриев.
Унинг қўшимча қилишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қора бозордаги нархи 40 млрд сўмни ташкил қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг