«Андижон турмаси» шаҳар чеккасига кўчирилади

13:50 16 Апрель 2025 Сиёсат
173 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Андижон шаҳри марказидаги «Андижон турмаси» номи билан танилган 3-сон тергов ҳибсхонаси кўчирилади. Бу ҳақда вилоятда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда қурилиш ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинар экан, Хонобод-Андижон магистраль сув қувурининг 1-тармоғидан сув оқими камлиги сабабли 6 та тумандаги 510 минг аҳолига сув етказиб беришда муаммолар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу боис, ушбу қувурнинг 2-тармоғини қуриш зарурлиги таъкидланди ва мутасаддиларга тегишли ишларни тезроқ бошлаш топширилди. Андижон сув таъминоти корхонаси ҳудудида 18 мегаваттли қуёш панеллари ва 98 та энергия тежамкор насослар ўрнатилади.

«Хонобод» чегара ўтказиш пункти тиклангани ҳисобига, «Бишкек – Душанбе – Термиз» халқаро йўлидаги транспорт оқими 2-3 карра кўпайди. Лекин Хонободдан ўтувчи Қорадарё устидаги 150 метрли кўприк носозлиги учун машиналар унинг бир қисмидан ҳаракатланмоқда, тирбандликлар ҳосил бўлаяпти.

Мутасаддиларга бир ойда ушбу кўприкни реконструкция қилиш дастурини тасдиқлаш ва 25 миллиард сўм ажратиш топширилди. Мазкур кўприк келгуси йилда тўлиқ ишга тушиши шартлиги қайд этилди.

Янги Андижон массивини Андижон шаҳри ва бошқа ҳудудлар билан боғлаш учун 56 километрлик ҳалқа йўли қуриш зарурлиги қайд этилди. Бу йил ушбу йўлнинг 5 километрини битказиш ҳисобига Андижон шаҳрига келиш анча қисқаради. Бу йўлда 200 та савдо ва сервис объекти барпо этилиб, 1 минг нафар аҳоли ишли бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Андижон шаҳрини вилоятнинг 8 та ҳудуди билан боғловчи жамоат транспорти мавжуд эмаслиги оқибатида кунига 80 минг аҳоли вилоят марказига 20 мингга яқин енгил транспортда келишга мажбур.

Тиғиз пайтда Андижон шаҳридаги тирбандлик 7-8 баллга чиқиб кетмоқда. Ваҳоланки, 1 та кичик автобус кунига камида 400 нафар аҳолига хизмат кўрсатиб, 25 та енгил машинани ўрнини босади.

Мутасаддиларга тадбиркорлар билан учрашиб, янги маршрутлар ва вилоят шароитига мос автобус русумларини аниқлаб, таклиф бериш топширилди.

Давлатимиз раҳбари Андижон шаҳри бўйича муҳим бир ташаббусни айтди. Шаҳар марказида «Андижон турмаси» номи билан танилган 3-сон тергов ҳибсхонаси жойлашган. Кундан-кунга шаҳар кўркига кўрк қўшилиб турган вақтда 100 йил олдин қурилган бундай «совуқ» бинонинг марказда бўлиши нотўғри экани қайд этилди.

Шу боис бу объект шаҳар чеккасига кўчирилиши, ўрнида замонавий кўнгилочар савдо ва сервис маркази барпо этилиши белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?