Aмир Темур ўғлонлари беллашдилар

12:57 27 Декабрь 2022 Жамият
516 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган шаҳридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказида “Aмир Темур ўғлонлари» шиори остида ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари соврини учун мусобақа ташкил этилди. Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик доирасида ўтказилган беллашувда ёшлар ўзларининг ҳарбий билим ва тушунчалари ҳамда жисмоний қобилиятларини намойиш этдилар.

Мусобақа олдидан куч тузилмалар томонидан қурол-аслаҳа, жанговар техникалар намойиши уюштирилди, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали қўл жанги чиқишлари, санъаткорлар ва ҳарбий оркестр жамоасининг ватанпарварлик мавзусидаги куй- қўшиқлари иштирокчилар қалбида ватанга бўлган садоқат туйғуларини мустаҳкамлади.

Беллашув баҳсларида Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳарбий қисмлардаги муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг терма жамоалари майдонга тушди. Улар вақт бўйича AК-74 автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, биатлон, пневматик қуролдан ўқ отиш йўналишидаги спорт турлари, шунингдек, буюк саркарда Aмир Темур ҳаёти ва жанговар фаолиятига бағишланган интеллектуал танловларда куч синашдилар. Мусобақа шартлари якунига кўра, Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмнинг «Сардорлар» жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Ички ишлар вазирлиги ҳарбий қисмининг «Лочинлар», Мудофаа вазирлигининг «Баҳодирлар» жамоаларига эса кейинги фахрли ўринлар насиб этди.

Тадбир сўнгида барча ғолиб ва фаол иштирок этган жамоалар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва дипломлари, қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?