Амир Темур даврида ўрнатилган алоқалар бугун янада мустаҳкамланмоқда

15:10 13 Март 2025 Жамият
179 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон – Франция ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида 1998 йилда Самарқанд ва Лион шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Бугунги кунда Самарқанд вилоятида Франция компанияларининг капитали иштирокида 2 та қўшма корхона ва 1 та хорижий корхона меҳмонхона, савдо хизмати ва қайта тикланувчи энергия йўналишида фаолият юритиб келмоқда.

Вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси берган маълумотларга кўра, 2024 йил якуни билан Самарқанд ҳамда Франция ўртасида товар айланмаси 15,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган (экспорт 487,5 минг АҚШ доллари ва импорт 14,9 миллион доллар).

Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг 2023 йил 1-2 ноябрь кунлари юртимизга расмий ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрида Француз альянсининг филиали очилган эди. Ҳозирги кунда Самарқанд ва Франциянинг Ницца шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг Францияга давлат ташрифи олдидан Париж шаҳрида ўтказилган «Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги» мавзусидаги қўшма конференцияда икки мамлакатнинг 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм-фан ва таълим соҳасидаги етакчи мутахассислар иштирок этди.

Анжуман доирасида Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Франциянинг француз тилини ўқитиш инновацион методик маркази ўртасида ҳамкорликда фаолият олиб бориш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш, таълим сифатини янада ривожлантиришда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Б.Холиқовнинг қайд этишича, мазкур шартнома институтда айни пайтда мавжуд француз тили бўйича мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларни бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш ҳамда халқаро даражадаги кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Франциянинг Пол Валери номидаги Монпелье университети ректори, профессор Анне Фраиссе хоним ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар ректори Баҳодир Холиқов ўртасида илм-фан ва таълим соҳасини янада ривожлантириш юзасидан музокара олиб борилди. Анне Фраиссе хоним СамДЧТИ ушбу университетнинг Ўзбекистондаги биринчи ҳамкори эканлигини билдириб, икки таълим муассасасининг соҳани ривожлантиришга бўлган қизиқишлари ўзаро мутаносиб эканлигини таъкидлади.

Музокаралар якунида имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури Key Action 1 гранти ёрдамида 2027 йилгача бўлган муддатда икки олий таълим муассасаси ўртасида жами 7 нафар талаба ҳамда 6 нафар профессор-ўқитувчининг академик мобиллиги амалга оширилиши белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?