Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда давлат назорати такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикасида алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилмоқда. 2025 йил 20 февралда қабул қилинган «Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун (ЎРҚ-1034-сон) ушбу соҳада давлат назоратини янада кучайтиришга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, «Давлат божи тўғрисида»ги ва «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Уларга асосан, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензиялаш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомилларини амалга оширади. Шу билан бирга, мазкур инспекция ушбу фаолият турларида белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилувчи ваколатли давлат органи сифатида белгилаб қўйилди.
Қонунга асосан, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунда истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг улгуржи савдоси бўйича берилган лицензия учун йиллик давлат божини тўлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, навбатдаги йиллик тўлов лицензиядан фойдаланишнинг кейинги йили бошланишидан камида 30 кун олдин амалга оширилиши шарт. Агар белгиланган муддатда тўлов тўланмаса, лицензиянинг амал қилиши вақтинча тўхтатиб турилади. Бу талаб фаолият юритувчи корхоналарнинг молиявий интизомини мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунга ҳам қўшимчалар киритилди. Энди пиво ва пиво ичимликларининг улгуржи савдоси, шунингдек тамаки маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолият бошлаш истагида бўлган тадбиркорлар ваколатли давлат органига хабарнома юбориши лозим бўлади. Бу талаб бозорда шаффофликни таъминлаш ва назоратни кучайтириш мақсадида жорий этилди.
Ушбу қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг савдоси соҳасидаги ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бозор иштирокчилари учун аниқ ва ошкора қоидаларни белгилаш орқали фаолият юритиш жараёнини тартибга солиш мақсад қилинган. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириб, мазкур соҳада давлат назоратини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 5 йилда 103 фоизга ошди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг