Алишер Навоий — ҳуқуқшунос

09:54 09 Февраль 2021 Маданият
951 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси томонидан буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Таъкидланганидек, бутун турк дунёси ҳазрат Алишер Навоийни «шамс ул-миллат», яъни «миллат қуёши» деб эъзозлаб келади. Буюк бобокалонимиз умрини туркий тил мавқейини кўтариш, адабиёт имкониятларини дунёга танитиш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган.

Тадбирда сўзга чиққанлар мутафаккир бобомизнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки дунё адабиёти ривожида алоҳида ўрин тутишини, асарларида юксак умуминсоний ғоялар, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, миллионлаб китобхонлар қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаб келаётганини таъкидладилар.

Қайд этиш лозим, сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, ўлмас асарларини юртимиз ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори билан бу борада амалга оширилаётган ишларимиз янада фаоллашди. Хусусан, бобомиз туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ташкил қилинмоқда.

Шу ўринда, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, мамлакатимиз ҳамда бир қатор хорижий давлатларда ҳайкаллари ўрнатилгани, асарлар тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилгани, пойтахтимиз марказидаги улуғ бобомизнинг муаззам меъморий ёдгорлигига мутаносиб равишда Адиблар хиёбони барпо этилгани маданий ҳаётимиздаги улкан воқеаларга айланганини қайд этиш лозим.

Таъкидланганидек, улуғ мутафаккир бобомиз давлат арбоби, темурийлар саройининг донгдор вакили, ўз жамиятининг илғор вакили, давлат ишларининг жонкуяри, ҳалол ҳуқуқшунос ва қонун ижодкори сифатида ҳам фаолият юритган. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини, ҳуқуқ ва адолатнинг маъно-моҳиятини Алишер Навоийдек теран ифода этган ижодкор жаҳон адабиёти тарихида кам топилади. Ҳазрат Навоийнинг тарих ва башарият олдидаги улуғ хизматларидан бири шундаки, ул зот адолат туйғусини ҳар бир инсон, ҳар қайси халқ ва миллат интилиб яшайдиган олий мезон даражасига кўтарган ҳамда одамзодни ҳаётда адолатни қарор топтиришга, уни асраб-авайлашга чорлаб ўтади.

Тадбирда сўзга чиққан навоийшунос олимлар буюк давлат арбобининг мазкур жиҳатларига эътибор қаратдилар. Жумладан, Алишер Навоийнинг давлат ишларидаги фаолиятида адолат ва қонуний жамиятга доир қарашлари алоҳида ажралиб турган. Илмий-бадиий асарларида доимо давлатнинг ҳалол, виждонли кишилари, обрў-эътиборга лойиқ уламолар, арбоблари улуғланиб келинган. Сиёсат адолат асосига қурилгандагина давлат мустаҳкамланиши, мазлумлар ҳимоя қилинса, ёмонлар жазоланса, бу бошқаларга ибрат бўлишини таъкидлаб келганлар.

Навоий ўзининг «Хамса»сида давлатчилик асослари, тараққиётга юз тутган жамият муаммолари, инсон ҳуқуқи масалаларига ҳам чуқур муносабат билдирган. «Хамса»нинг биринчи достони – «Ҳайрат ул-аброр»да жамият фаровон, ҳукумат адолатли, инсон бахтли бўлмоғи учун нималар лозим экани хусусида фикр юритиб, бахтли яшашни истаган инсон учун зарур бўлган фазилатлар баён қилинган.

Навоий бобомиз таъкидлаганларидек, адолат нафақат шоҳлар, балки оддий кишиларнинг ҳам зийнатидир. Адолатни шиор қилган шоҳга бошқа бирон бир шоҳ тенглаша олмайди. Яъни, ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси – барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминланишига устувор вазифа сифатида эътибор қаратганидир.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни маънавий камол топтиришда Навоийнинг миллий давлатчиликка оид қарашлари катта аҳамиятга эга. Зеро, бугунги ёшларимиз келажакда давлат хизматчилари, Ватаннинг чинакам ворислари бўлади. Навоийнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ҳаётий-фалсафий асарлари эса бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Шу маънода, Ватанимиз «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври пойдеворини яратаётган бугунги кунда мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?