Акбарободда деҳқончилик маҳалланинг асосий даромад манбаига айланмоқда

12:39 08 Январь 2026 Жамият
256 0

Қува туманидаги «Акбаробод» маҳалла фуқаролар йиғини аҳли вилоятда картошка етиштириш борасида энг миришкорлардан ҳисобланади. Шу боис Фарғона водийси бозорларида Акбаробод картошкаси доимо харидоргир.

Айни пайтда маҳалладаги кўплаб хонадонларда ташкил этилган иссиқхоналарда йилига 3–4 мартагача ҳосил олиш тажрибаси шаклланган. Томорқалардаги очиқ ер майдонларидан ҳам унумли фойдаланилиб, турли сабзавот, полиз ва мевалар етиштирилмоқда.

Шу маҳалладаги миришкор оилалардан бири — Ойбек Аъзамовлар хонадонда 10 сотих ер майдонида иссиқхона барпо этган. Иссиқхонада йилнинг барча фаслларида экин экилиб, узлуксиз даромад олинади. Айни қиш чилласида редиска ҳосили пишиб етилди ва маҳсулот пешма-пеш ички бозорга етказиб берилмоқда.

— Ҳаммаси хоҳиш, интилиш ва меҳнатга боғлиқ, — дейди хонадон соҳиби. — Бунинг самарасини маҳалладаги ҳар бир оиланинг яшаш шароити яхшиланиб бораётганида яққол кўриш мумкин.

Унинг айтишича, дастлаб маҳалладошларининг иссиқхоналарида етиштирилаётган редиска, қулупнай, бодринг, қалампир, помидор ва картошкани кўриб, ҳавас қилган. Бугун эса ўзлари етиштирган маҳсулотлар, жумладан редиска ҳам бозор расталарини тўлдирмоқда. Ҳозирда бир боғ редиска томорқанинг ўзида ўртача 2 минг сўмдан сотилмоқда. Қиш мавсуми давомида редискадан 30 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш режалаштирилган. Кейинчалик унинг ўрнига булғор қалампири экилади ва шу тарзда деҳқончилик ишлари йил бўйи узлуксиз давом этади.

Айтиш жоизки, 4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган маҳалланинг асосий иқтисодий драйвери деҳқончилик ҳисобланади. Жорий йилда деҳқончилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Муҳиддин Комилов кўмагида 50 та микролойиҳа ишлаб чиқилди. Истиқболли лойиҳалар доирасида замонавий иссиқхоналар ҳамда музлатгичли омборхоналар барпо этиш режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер