Айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади
2025 йил 16 май куни қабул қилинган «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга (ЎРҚ-1063-сон) мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига бир қатор солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Ушбу ўзгартиришлар пиво ва тамаки маҳсулотлари савдоси, паррандачилик соҳаси ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларига тегишли.
Қонунга кўра, эндиликда пиво ва пиво ичимликлари, шунингдек тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар белгиланди. Бу турдаги савдони бошлаганлик тўғрисида ваколатли давлат органини хабардор қилганини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу йиғимларни тўловчи сифатида эътироф этилади.
Шунингдек, паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари 2030 йил 1 январгача юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод этилди. Бу чоралар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 январгача Касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳам бир нечта солиқ тўловларидан озод этилади. Хусусан, бундай оромгоҳлар бинолар ва ер участкаларини ижара асосида беришдан олинган даромадлари учун фойда солиғидан, ижара асосида фойдаланилаётган мулк ва ер майдонлари бўйича мол-мулк ва ер солиғидан озод қилинади.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради. Ушбу имтиёзлар орқали тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, ижтимоий муассасаларнинг молиявий юкини енгиллаштириш ва солиққа оид тартиботни такомиллаштириш мақсад қилинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Саида Мирзиёева Брюсселда Европа Иттифоқи комиссари билан учрашди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг