Айдаркўл — саҳро марвариди
Рустам Нурматов/«Халқ сўзи». Айдаркўл она табиатимизнинг бетакрор мўъжизаси. Бир тарафда Қизилқум, бошқа тарафда кўм-кўк кенг кўл, унинг ортидан тоғ тизмалари кўриниб туради. Бу гўзал манзилга шаҳар шовқини ва беҳаловатлигидан чарчаб келганлар табиат сукунатига чўкиб, кўл бўйида мароқли дам олади. Тадбиркорлар учун эса катта имконият эшигини очади.

Бахтли маҳалласидаги Наврўз қўрғонидан то Айдар – Арнасой кўлигача бўлган 4 километрлик масофада тоза ичимлик суви, 10 кВлик электр тармоқлари тортилмоқда. Йўллар ёруғ ва равон бўлиши учун таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Айдар – Арнасой соҳилида барпо этилаётган «Айдаркўл тиббиёт маркази» – соғлом туризмнинг юксак намунаси. 4,76 гектар майдонда қад кўтараётган санаторий нафақат тиббий хизматлар, балки шинам дам олиш, руҳий озодлик ва табиий шифо билан ҳам сайёҳларни ўзига ром этади. Замонавий ускуналар, шифобахш балчиқ билан табиий даволаш усуллари, энг муҳими – тинчлик ва табиат бағрида шифо топиш имконияти кўплаб сайёҳларни ўзига чорламоқда. 4,17 гектар майдонда қурилаётган замонавий меҳмонхонада ҳар бир саёҳатчи ўзини эркин тутади. Бундан ташқари, 128 ўринли овқатланиш зали, миллий анъаналар билан уйғунлашган замонавий дизайн – буларнинг барчаси туризм соҳасининг янги қиёфасидир.

Айдар – Арнасой ҳудудида қурилиши режалаштирилаётган аэродром – бу нафақат техник ютуқ, балки стратегик бурилиш нуқтасидир. Энди мазкур ҳудудга ҳаво орқали осон етиб бориш мумкин бўлади. 2,4 гектар майдонда барпо этиладиган бу лойиҳа сайёҳлар учун қулайлик, маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларини яратади. Соҳил бўйлаб қурилаётган кемпинглар, миллий услубдаги ўтовлар, арзон хостеллар, сув транспорти, савдо дўконлари, спорт майдонлари ва болалар учун майдончалар – буларнинг ҳар бири Айдар – Арнасойнинг имкониятларини кенгайтирмоқда. Айдаркўл фақат дам олиш эмас, балки иқтисодий имконият маскани ҳамдир. Кўлда балиқ овлаш ва садок усулида балиқ етиштириш кенг йўлга қўйилган. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар учун янги даромад манбаи, мамлакат иқтисоди учун тараққиёт йўлидир.

Айдар – Арнасой ҳудудида олиб борилаётган ишлар инсон ва табиат уйғунлигининг ҳаётбахш намунаси. Сайёҳлик орқали иқтисодиётни юксалтириш, соғлом турмуш тарзига интилиш ва миллий бойликлардан оқилона фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. Келажакда бу маскан нафақат юртимиз, балки дунё бўйлаб сайёҳларнинг ҳам севимли йўналишига айланиши муқаррар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг