Аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатилади

17:15 25 Октябр 2024 Жамият
208 0

Саид ДОНИШЕВ/«Халқ сўзи». Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг ангиография бўлими 700 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағи эвазига реконструкция қилиниб, фуқароларга биринчи сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий шароитлар яратилди.

Ушбу бўлимда коронорография, юрак тож-томирларини стентлаш ва тромбларни олиб ташлаш, электрокардиостимулятор ўрнатиш, бош мия қон томирларини стентлаш ва тромбларни олиш, буйрак артерияларини стентлаш, оёқ қон томирларини стентлаш ва кенгайтириш, бачадон миомасини эмболизация қилиш каби тиббий амалиётлар олиб борилади.

— Бугунги кунда вилоятда 50 ёшдан ошган аҳолининг 25-30 фоизи юрак ишемик касаллиги билан диспансер назоратида туради, — дейди ангиография бўлими бошлиғи Шаҳзод Асқаров. — Одатда, марказга юрак ишемик касаллиги туфайли биринчи ёрдам олиш мақсадида мурожаат қилинади. 2023 йил мобайнида юрак хуружи билан тушган 116 нафар беморнинг 37 нафарида эрта диагностика қилинмаганлиги сабабли миокард инфаркти ташхиси қўйилган. 201 нафар бемор ушбу касаллик билан мурожаат қилган бўлса, уларнинг 57 нафарида биологик ўлим қайд этилган. Келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олди олинишига умид қиламиз.

Бўлимга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 550 000 АҚШ доллари ҳисобига ангиография тиббий ускунаси келтириб ўрнатилди. Мазкур ускунадан самарали фойдаланиш мақсадида 1 нафар тажрибали интервенцион кардиолог шифокор жалб қилинди, Марказнинг 2 нафар шифокори махсус курсда ўқитилди, 3 нафар ўрта тиббий ходими Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ангиография бўлимида малака ошириб келди.

Мазкур бўлим фаолияти натижасида бир йилда 100 дан ортиқ миокард инфаркти ўз вақтида, 300 дан зиёд инфарктолди ва инфаркдан кейинги ҳолатдаги беморлар ҳамда 100 дан ортиқ ишемик инсультлар билан оғриган беморларга юқори технологик ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади. Шунингдек, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги соҳа мутахассислари билан телемедицина йўлга қўйилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?