Аҳиллик, ободлик ва яратувчанлик рамзи

14:21 13 Февраль 2025 Жамият
122 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Эрта кўкламда олис қишлоқлар, маҳаллаларда, тарихий-маданий обидалар, зиёратгоҳ ва қабристонларда ҳашар уюштириб, ҳар бир ҳудудни озода сақлашга ўз ҳиссасини қўшаётган юртдошларимизни кўриб кўзимиз қувонади.

— Фарғона вилоятида айни пайтда «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» тамойили асосида 1 минг 62 та маҳалла фуқаролар йиғинида оммавий ҳашарлар уюштирилмоқда, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нафисахон Элчиева. — Маҳалла кўчалари, истироҳат боғлар, қабристонлар саранжом-саришта қилинмоқда. Хусусан, «Азимобод» маҳалла фуқаролар йиғинида ички кўчаларга бетон ариқлар ётқизилди. Ҳудуддаги боғчада кенг қамровли бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

— Жорий йилда ҳашарлар орқали маҳалламиз ҳудудида 17 минг тупдан зиёд мевали дарахтлар экилди, — дейди Олтиариқ туманидаги «Жўрак» МФЙ раиси Қобилжон Ҳошимов. — Ҳозирда ҳашарларни давом эттириб, ички кўчалар ва йўлларда кенг қамровли ободонлаштириш ишларини давом эттиряпмиз. Шу мақсадда маҳалла бюджети ҳам шакллантирилган. Маҳалла нуронийлари, фаоллар ва тадбиркорларимиз бундай эзгу юмушларда астойдил камарбаста бўлмоқда.

Аммо ҳашарга муносабат борасида кайфиятни бузадиган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Бугун орамизда ҳашар дейилса етти кўча наридан ўтишга ҳаракат қиладиган, уйида бекор ўтирсада, баҳоли-қудрат ўз ҳовлиси, кўчасини тозалашга чиқишни истамайдиганлар ҳам топилади. Меҳнат жамоалари ёки ижтимоий соҳа муассасаларида ҳашар уюштирилса, уни тезда мажбурий меҳнат сифатида талқин этишга уринувчилар ҳам бор.

— Илгари маҳалла аҳли ҳашар йўли билан янги уйлар қуриб, эскисини таъмирлашда иштирок этган, — дейди Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Абдухалил Бобожонов. — Тўғри, ҳозир айнан, уй-жой масаласида ҳашарларга эҳтиёж йўқ. Истаганда қурилиш материаллари топилади. Шахсан мен уйимни пишиқ-пухта лойиҳа асосида профессионал қурувчилар бунёд этишини хоҳлайман. Аммо маҳалла ободлиги, яшил майдонлар ва хиёбонларни кенгайтириш, ариқлар тозалиги хусусида гап кетганда, албатта, ҳашарлар керак.

«Ободлик кўнгилдан бошланади» деган қадим ҳикматнинг исботини бугун маҳаллалардаги ободлик ва яратувчанликда ҳам кўриш мумкин. Ўзбек деган ном бор экан, ҳашар тушунчаси ҳам аҳиллик рамзи бўлиб қолаверади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?