2026 йилдан «Ўзбекистон мероси меҳмонхоналари» дастури бошланади
Фото: Президент матбуот хизмати
Жорий йилнинг ўзида хизматлар ҳажми қарийб 15 фоизга ўсиб, 82 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида айтиб ўтди.
Хизматларга бўлган талабни рағбатлантириш учун 2026 йилда соҳага 85 триллион сўм кредит, 9 триллион сўм субсидия ажратилади. Хусусан, таълим хизматлари учун бюджетдан 7 триллион сўм берилади.
Кейинги беш йилда хорижий туристлар сонини 2 карра ошириш, туризм хизматлари ҳажмини эса 20 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олинмоқда. Шу мақсадда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Самарқандда Бибихоним, Регистон мажмуалари, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ва Афросиёб музейини бир-бири билан боғлайдиган замонавий йўлак ва кўприклар барпо этилади.
Шаҳрисабзда Ғелон йирик туристик мажмуасининг биринчи босқичи ишга туширилади. Поп туманида Арашан тоғ дам олиш туристик зонаси ташкил этилади.
Хивадаги Ичанқалъа иммерсив, яъни жонли ва «ақлли» музей-шаҳарга айлантирилади.
Хоразм ва Қорақалпоғистондаги археологик ёдгорликлар бўйлаб йирик туризм ҳалқаси ташкил этилади.
Шунингдек, янги йилда тадбиркорлар томонидан 4 миллиард долларлик 3,5 мингдан зиёд янги сервис объектлари ишга туширилади.
Туризм масканларини ташкил қилиш учун келгуси уч йилда 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади.
Бундан ташқари, 2026 йилдан «Ўзбекистон мероси меҳмонхоналари» дастури бошланади.
Маданий мерос объектларида хусусий шериклик асосида «бутик меҳмонхона» ташкил қилиш учун нуфузли меҳмонхона тармоқлари олиб келинади. Дастур иштирокчиларига ер, мулк, фойда солиқлари ва божхона тўловидан имтиёз берилади.
Мана шу ишлар ҳисобига 2026 йилда хизматлар бозори 100 миллиард доллардан оширилади.
Туристлар оқими тобора ошаётгани авиация ва темир йўлда йўловчи ташиш қувватини 2 баробар кўпайтиришни тақозо этмоқда. Шу боис, 2026 йилда авиапаркдаги ҳаво кемаларининг сони 120 тага етказилади.
Маҳаллий авиақатновларни ошириш учун субсидиялашнинг янги тизими жорий этилади. Энди нархидан қатъи назар, сотилган ҳар бир чипта учун аниқ миқдорда субсидия ажратилади. Бу чипта нархини пасайтириш ва талабни оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, янги самолётлар учун учувчилар, уларга техник хизмат кўрсатувчилар, аэропортлар учун сервис ва бошқарув соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Фуқаро авиацияси университети ташкил этилади.
Ички темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш учун 2026 йилдан яна 500 километр темир йўл қурилиши бошланади.
Келгуси йили 110 километр темир йўл тармоғи қурилиб, Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ҳамда Нурафшон шаҳри пойтахт билан боғланади. «Тошкент – Самарқанд» йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездлар учун янги темир йўл линиясини қуриш бошланади.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Навоийдаги вокзаллар ҳам хусусий шериклик учун берилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- Она тили ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия этилган бадиий асарлар рўйхати эълон қилинди
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг