18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги “CAFA кубоги“ мусобақаси бошланиш арафасида

18:52 21 Ноябрь 2025 Спорт
230 0

Жорий йилнинг 22–29 ноябрь кунлари Тошкентда жойлашган “Дўстлик“ стадионида 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги “CAFA кубоги“ мусобақаси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон термасидан ташқари Қирғиз Республикаси, Эрон, Тожикистон ва Туркманистон U-18 терма жамоалари иштирок этади.

Бугун ушбу мусобақа олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Мазкур анжуманда мусобақада иштирок этувчи 5 та терма жамоанинг бош мураббийлари — Антонио Лопес Меса, Виктория Сирота, Парванеҳ Каронхосрави, Борис Боровик ва Фарход Холбеков иштирок этишди.

Анжуманда “Халқ сўзи“ нашри мухбири ҳам иштирок этди ва Ўзбекистон U-18 терма жамоаси бош мураббийлар билан мулоқот ўтказилди. Қуйида ушбу савол-жавобни тақдим этамиз:

— Виктория хоним, U-17 терма жамоамизнинг Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олмагани ҳақида нима дея оласиз?

“Ҳа, бу жуда ҳам ёмон бўлди, биз мусобақага чиқишни жуда хоҳлаган эдик. Аммо 2 та ўйинда ҳам мағлубиятга учрадик. Бунга 3 омил сабаб бўлди, дея оламан. Аввало, ҳимояда кўп хатоларга йўл қўйдик. Ҳужумларда ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Футболчиларимизнинг мослашуви ҳам кўнгилдагидек ўтмади. Ушбу мусобақада саралашдаги хатоларимизни такрорламасликка ҳаракат қиламиз“.

— Таркибда Ўзбекистон U-20 терма жамоасига аъзо 2008 йилда туғилган футболчилар жалб этилган. Уларни ўз жамоасида қолдириб, фақат U-17 терма жамоамиз билан ушбу турнирда қатнашиш ҳар икки жамоа учун тўғри бўлмасмиди?

“Менимча йўқ. Сабаби ноябр ойида U-20 терма жамоаси фақатгина ўртоқлик ўйини ўтказади. Биз эса расмий мусобақада иштирок этамиз. Албатта, бу мусобақа кўпроқ фойдали бўлади, деб ўйлайман. Ундан ташқари, биз олдимизга “CAFA кубоги“да шунчаки иштирок этишни эмас, чемпион бўлишни ният қилганмиз. Шу сабабдан таркиб максимал даражада тўлиқ йиғилган“.

— Осиё чемпионати саралашида Қирғиз Республикаси терма жамоасига мағлуб бўлган эдик. Ушбу турнирда 27 ноябрь куни ушбу юрт терма жамоасига қарши яна бир бор ўйнаймиз. Футболчиларда реванш кайфияти борми?

“Албатта. Ушбу мағлубият барчамизга оғир ботган эди. Биз ҳали буни унутганимиз йўқ. Қизлар ушбу ўйинда реванш олиш учун бор имкониятларини ишга солишларига ишонаман“.

Шунингдек, чемпионликка асосий номзодлардан бири Эрон терма жамоаси устози Парване Каронхосрави билан ҳам кичик суҳбат уюштирилди:

— Парванеҳ хоним, ушбу турнир ҳақида нималар дея оласиз?

“Ҳаммага ассалому алайкум. Ўзбекистонда эканимдан хурсандман. “CAFA кубоги“ турнири доимо жуда қизиқ ўтган. Бу гал ҳам шундай ўтишига ишонаман. Ушбу мусобақада ғолиб бўлишни ният қилганмиз“.

— Мусобақадаги рақибларингиз ҳақида нималар дея оласиз?

“Турнирда жуда яхши жамоаларга қарши ўйнаймиз. Барча жамоалар ҳақида етарли маълумотга эгамиз. Айниқса, мусобақа мезбони — Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига қарши ўйин осон ўтмайди. Уни устига Қирғиз Республикаси қандай кучга эга эканини кўрдик. Хуллас, бизни ушбу жамоаларга қарши қизиқарли ўйинлар кутмоқда, дейишим мумкин“.

— Айни вақтда “Бам Хотун“ жамоаси Осиё чемпионлар лигасида иштирок этмоқда. Бу жамоада сизнинг терма жамоангизда ўйнаши мумкин бўлган футболчилар йўқмиди?

“Йўқ, бу жамоада асосан терма жамоа футболчилари ўйнашади. Умумий қилиб айтганда ҳам таркиб бўйича муаммомиз йўқ“.

Маълумот учун, “CAFA кубоги“ мусобақаси 22 ноябрь куни старт олади. Ўзбекистон U-18 терма жамоаси дастлабки ўйинини 23 ноябрь куни Тожикистон ўсмирлар терма жамоасига қарши ўтказади. Ўйин 12:00 да бошланиши режалаштирилган.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер