Тендер савдоси ғолиблиги учун ўзи билан ўзи “курашган” тадбиркор фош қилинди
Иллюстратив фото
Яқинда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорнинг ўзига хос устамонлигини фош этувчи антиқа ҳолат аниқланди.
Маълум бўлишича, Фарғона йўл қурилиш-таъмирлаш унитар корхонаси томонидан 2023 йил 29 март кун бошланғич қиймати қарийиб 170 миллион сўм бўлган тендерда бир шахсга тегишли бўлган 2 та корхона ўзаро рақобатлашган. Бу тендер савдосининг объекти “қурилиш ишлари учун қум-шағал аралашмаси етказиб бериш” бўлиб, савдо якуни бўйича “Барчаси қурилиш учун” МЧЖ савдо ғолиби, "Дамкўл Азия" хусусий корхонаси савдонинг захирадаги ғолиби деб топилган.
Статистика агентлиги маълумотига кўра, савдо ғолиби бўлган “Барчаси қурилиш учун” МЧЖнинг раҳбари Р. М. ҳисобланади. Шунингдек, савдонинг иккинчи иштирокчиси “Дамкўл Азия” хусусий корхонасининг ягона таъсисчиси ва раҳбари ҳам айнан юқорида исми зикр этилган Р. М. дир. Икки корхонанинг ҳам юридик манзили Фарғона вилоятининг Фарғона тумани сифатида кўрсатилган.
- Ўрганишлар давомида буюртмачи - Фарғона йўл қурилиш-таъмирлаш унитар корхонаси томонидан энг яхши таклифларни танлаш савдосида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги аниқланди,-дейди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нодира Раҳмонқулова. – Натижада давлат харидлари соҳасида қонунбузилиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва уни бартараф этиш бўйича белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб, ҳудудий бошқарма томонидан Фарғона йўл қурилиш-таъмирлаш унитар корхонаси ўтказган ушбу энг яхши таклифларни танлаш савдоси ихтиёрий равишда бекор қилинишига эришилди.
Шунингдек, буюртмачи ташкилот раҳбари ва давлат харидларини амалга оширишга масъул бўлган ҳодимларига “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг талаблари ва унинг бузилиши оқибатида юзага келадиган ҳуқуқий жавобгарлик тўғрисида қатъий тушунтиришлар берилди.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг