Кузда экилган кўчатларнинг 3,9 млн. тупида доимий суғориш тизими мавжуд эмас

17:40 14 Декабрь 2022 Жамият
896 0

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда бошқа масъулларнинг ахборотлари эшитилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахтлар ва буталарни муҳофаза қилиш, яшил зоналарни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси 80-мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йил камида 200 миллион туп дарахт экиш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларнинг экологик аҳволини яхшилаш вазифаси белгиланган.

Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, жорий йил баҳор мавсумида юртимизда 126,8 млн. туп, шунингдек, кузги кўчат экиш “Долзарб 40 кунлик” доирасида 75,9 млн. туп дарахт ва бута кўчатлари экилган ҳамда “Яшил макон” электрон платформасига киритилган. Кўчат экиш ишларининг бажарилишида иқлим-шароитга мос сувсизлик ва қурғоқчиликка чидамли кўчатлар турларини экишга алоҳида эътибор қаратилган.

Қайд этилганидек, кузги мавсумда кўчат экиш ишларини тўғри ташкил этиш мақсадида ҳудудларда штаблар фаолияти йўлга қўйилиб, олимлар ва тажрибали мутахассислардан иборат эксперт гуруҳлари томонидан амалий кўмак ва назорат-таҳлил ишлари олиб борилган. Экиш ишларини ташкил этиш бўйича тажрибали агроном, олим ва боғбонлар иштирокида 700 дан ортиқ амалий семинарлар ўтказилган.

Мавсум давомида туман ва шаҳарларда 450 га яқин кўчат ярмаркалари ва савдо нуқталари ташкил этилиб, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича тарғибот тадбирлари олиб борилган.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан йил давомида 312 гектар майдонда янги кўчатхоналар ташкил этилган, ўрмон хўжаликлари томонидан кузги мавсум давомида 13,5 млн. туп кўчатлар етказиб берилган. Ўрмон фондининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида 2,2 минг гектарда ёнғоқ-мевали плантациялар ташкил этилган. Зомин туманининг тоғолди ҳудудларида деградацияни олдини олиш мақсадида 232 гектар майдонда 57 минг туп шарқ туяси, 24 минг туп бодом, минг туп ўрик кўчатлари экилиб, маданий ўрмонзорлар барпо этилган.

Маҳалла гузарлари, кўчалар ва аҳоли хонадонлари атрофида жами 19,3 млн. туп дарахтлар ва буталар кўчатлари экилган.

Иштирокчилар томонидан қайд этилганидек, амалга оширилган кенг кўламли ишлар билан бир қаторда лойиҳани амалга оширишда камчиликларга ҳам йўл қўйилган.

Жумладан, суғориш тизимлари ҳолати юзасидан “Яшил макон” электрон платформаси маълумотлари таҳлили кузда экилган кўчатларнинг 3,9 млн. тупида доимий суғориш тизими мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, айрим ҳудудларда кўчатларни парвариш қилиш, суғориш, чорва моллари томонидан пайҳон қилинишининг олдини олиш мақсадида масъуллар бириктирилмаган. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кам таъминланган 500 минг хонадонга 10 тупдан жами 5 млн. туп мевали дарахт кўчатлари бепул тарқатиш ишлари тўлақонли бажарилмаган. Бу борада 2,2 млн. туп кўчат бепул тарқатилган бўлиб, вазифа 44 фоизга бажарилган холос. Айрим ҳудудларда кам таъминланган хонадонларга кўчат тарқатиш ишлари умуман ташкил этилмаган.

Эшитувда Андижон вилояти Хўжаобод тумани А-373 автомагистрали ёқасида 10 км масофада экилган 2,5 минг туп кўчатларни томчилатиб суғориш тизими, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 24 минг туп кўчатларни томчилатиб суғориш тизими ижобий тажриба сифатида бошқа ҳудудларда ҳам қўллаш тавсия этилди.

Шунингдек, йиғилишда кўчат экилган майдонларда суғориш тизимларини хатловдан ўтказиш, кўчатларни кўкарувчанлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кўчатларни парваришлаш, хусусан, суғориш, маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, зараркунанда ва касалликларга қарши тадбирларни ўз вақтида ва доимий амалга ошириб бориш, ишсиз фуқароларни мазкур тадбирларга ҳақ эвазига ишга жалб этиш, 2023 йил баҳорги мавсум учун кўчатлар захирасини тайёрлаш ишларини жонлантириш каби масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Йиғилиш якунида масъулларга камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилиб, ушбу йўналишдаги ишлар юзасидан қатъий парламент назорати давом эттирилиши маълум қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Олий Мажлис палаталари қўмиталарининг Қўшма қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер