Депутатга ёрдамчи керак(ми?)

Бугунги кунда вакиллик органларининг ролини янада кучайтириш борасидаги ислоҳотлар депутатларнинг ўз сайлов округларида сайловчилар билан тизимли мулоқотини кучайтиришни, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, тезкорлик билан бартараф этишни тақозо этмоқда. Бу масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилда сиёсий партиялар фаоллари билан ўтказган учрашувида кўтарилиб, давлат раҳбари томонидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Қонунчилик палатаси депутати билан сайловчилар ўртасидаги узвий алоқани янада мустаҳкамлаш мақсадида депутат ёрдамчиси институтини жорий этиш ва унинг мақомини қонунчиликда белгилаш шундай вазифалар сирасига киради.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Қонунчилик палатасининг депутатлари сайлов округида ўз вакилига эга. Лекин улар партиянинг тегишли ҳудудий бўлими ходимлари орасидан жамоатчилик асосида тайинланиб, фаолият юритиши сабабли улар асосан сиёсий партия ишлари билан банд бўлиб қолмоқда ва бунинг натижасида депутатлар фаолиятига кўмаклашиш имконияти чекланмоқда. Бундан ташқари, депутат вакили институтининг фаолияти ўрганилганда, қонун ҳужжатларида унинг ҳуқуқий мақоми, унга қўйиладиган талаблар, уни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартиби, депутат вакили фаолиятини молиялаштириш масалалари аниқ белгиланмаганлиги маълум бўлди.
Бу борадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари – Зафар Худайбердиев, Ўктам Исламов ва Одинахон Отахонова томонидан қонунчилик ташаббуси асосида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасида «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 142-моддасига ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7- ҳамда 18-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Жумладан, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 142-моддасида депутат ёрдамчиси бўлиш учун қўйиладиган талаблар, уларнинг вазифалари, депутат ёрдамчисини ишга қабул қилиш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ нормалар баён этилмоқда.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасида депутат бир нафар депутат ёрдамчисига эга бўлиши мумкинлиги, 18-моддасида эса депутатларни ахборотга оид ва маълумотнома материаллари, мутахассисларнинг маслаҳатлари билан таъминлашни ташкил этиш депутатларнинг тегишли ёрдамчилари томонидан ҳам амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шу ўринда Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган асосий қоидаларга эътиборингизни қаратмоқчимиз:
биринчидан, амалдаги қонунчиликда белгиланган Қонунчилик палатаси депутатининг вакили ўрнига сайлов округида (партияларнинг ҳудудий бўлимларида) доимий асосда фаолият юритувчи Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда (бунда, 150 та депутат 1 нафардан ёрдамчига эга бўлади);
иккинчидан, депутат ёрдамчисига қўйиладиган талаблар, жумладан унинг 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, депутат билан қариндошлик алоқалари ҳамда судланганлик ҳолати бўлмаслиги назар тутилмоқда;
учинчидан, депутат ёрдамчисининг функциялари сифатида тугатилаётган депутат вакилининг функцияларига қўшимча вазифалар белгиланмоқда, жумладан, округ сайловчиларини Қонунчилик палатаси депутатнинг фаолияти тўғрисида хабардор қилиш, сайлов округида депутатга жисмоний ва юридик шахслардан қилинган мурожаатларда баён этилган масалаларни ўрганиш, депутатни сайлов округи ҳудудида юз бераётган воқеалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида хабардор қилиш, депутатнинг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш шулар жумласига киради;
тўртинчидан, депутат ёрдамчисини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартиби белгиланмоқда, яъни меҳнат шартномаси депутат билан келишилган ҳолда депутат ёрдамчиси ва партия раҳбари ўртасида депутатнинг ваколат муддатига тузилади, депутат ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда мазкур шартнома тугатилади;
бешинчидан, депутат ёрдамчисининг фаолиятини молиялаштириш партиянинг амалдаги штат бирликларига ажратилаётган давлат бюджети маблағлари доирасида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда АҚШ, Буюк Британия, Россия Федерацияси, Беларус, Финляндия мамлакатларининг бу борадаги қонунчилиги ўрганилди ва уларнинг айрим жиҳатлари миллий қонунчилигимизга имплементация қилинмоқда.
Ушбу Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши депутатларнинг ўз сайловчилари ва партия электорати билан ўзаро алоқаларининг янада кучайишига, депутат округдаги вазият, электорат кайфиятидан доимий равишда хабардор бўлиб туришига хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 15 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси кун тартибига киритиш юзасидан сиёсий партияларнинг фракцияларида ўтказилган муҳокамаларда депутат ёрдамчисининг ёш цензи, маълумоти, унинг ҳуқуқлари билан боғлиқ ва бошқа таклифлар билдирилди. Шу ўринда депутатларимиз томонидан билдирилган таклифларни ушбу Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида муҳокама этиб, қонун лойиҳасини такомилига етказишда албатта фойдаланишимизни айтиб ўтишни жоиз деб биламан.
Зафар ХУДАЙБEРДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг