Бухоролик 102 ёшли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисини қачонгача алдашади?

Аҳмад Ғуломов 1939 йилда армия сафига жўнаганида эндигина 18 ёшга кирганди. Ўшанда уни йўлга кузатаркан отаси дуога қўл очиб, «Ўғлим, пешонанг тошдан бўлсин», деди.
Фаришталар яхши гапга «Омин» дейди. Аҳмаднинг пешонаси чиндан ҳам тошдан экан. У Финляндия билан кечган урушда қатнашди. Фашистлар Германиясига қарши аёвсиз жангларда иштирок этди. Япон уруши қатнашчиси бўлди. Тақдирнинг инояти билан соғ-омон қолди. Етти йиллик айрилиқдан сўнг, 1946 йилда Ўзбекистонга, она-юрти Бухорога қайтиб келди.
Эл қатори ишлади. Турмуш ўртоғи Муҳиба Самиева билан беш фарзандни оқ ювиб оқ таради. Тақдир экан, жуфти ҳалолини, кейин эса тўнғич фарзандини тупроққа топширди.
— Ҳукуматимизга, раҳбарларимизга раҳмат, — дейди ҳали-ҳануз хотираси тетик отахон. — Биз, уруш қатнашчилари доимо эъзоздамиз. 2019 йилда Президент совғаси сифатида менга «Дамас» русумли автомашина берилди. Ҳар йили 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати маҳалла, турли партиялар фаоллари, мутасаддилар, ҳарбийлар, савобталаб инсонлар, ёшлар совға-салом билан ҳовлимизга келиб байрам билан қутлашади. Кўнглим тоғдай кўтарилади.
Отахон шу сўзларни айтаркан, ўғли, 69 ёшли Маҳмуд ака кўмагида костюмини кийишга чоғланади. "Енгини ўнг қўлдан киргазгин", дея унга енгилгина танбеҳ ҳам бериб қўяди.
— Ўғлимнинг оиласи билан шу ҳовлида яшайман, — давом этади Аҳмад бобо. — Ҳаммом ва ҳожатхона ҳовлининг чеккасида жойлашган. Ҳар кеча зарурат юзасидан 3-4 марта чиқишимга тўғри келади.Қийналаман. Яшаб турган уйимнинг аҳволини эса кўриб турибсиз. Ўғлим ҳам пенсионер. Нафақага яшайди. Бу уйни қайтадан қуришга қурби етмайди.
Аҳмад ака яшаб турган уйга разм соламиз. У ўтган асрнинг 50- йилларида хом ғиштдан тикланган. Йиллар ўтиб, уй пойдевори йўл (кўча)дан чамаси бир-бир ярим метрча пастда қолган. Зах. Деворлар нураган. Чакки ўтади. Ҳатто икки-уч йилча муқаддам уйга ёндош даҳлизнинг болори синди. У ҳали-ҳануз шундоқлигича турибди.
— Шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилмадингларми? — сўраймиз меҳнат фахрийси Маҳмуд Ғуломовдан.
— Бир эмас, кўп бор мурожаат қилдик, — дея хўрсинади у. — Вилоятимиз раҳбари, раҳматли Ўктам Барноев байрам муносабати билан уйимизга келганларида масъулларга тегишли топшириқларни берди. Ҳатто қўшнимизнинг мана бу ҳолатдаги ҳовлисини кўриб, бу оилага ҳам кўмаклашиш кераклигини айтди. Биласиз, байрам баҳонасида уйимизга катта-кичик меҳмонлар келади. Сизга ёлғон, бизга чин, ҳар йил 9 май арафасида қўшни ҳовлидаги ёнғин асоратлари кўринмасин, деб бу ерни кўча томондан тўсиб қўйишади.
Маълум бўлишича, Маҳмуд ака назарда тутаётган қўшни ҳовлида ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшаган. У вафот этгач, нима сабабдандир бу уйда ёнғин содир бўлган. Ёнғинни бир амаллаб ўчиришган. Аммо орадан уч-тўрт йил ўтса-да асорати шундоқ турибди. Айтишларича, уйни бузиб қайта қуришга оиланинг қўли калталик қилади. Маҳалла фаоллари-чи? Наҳотки, улар ўтган йиллар давомида марҳум уруш қатнашчисининг уйини эпақага келтириш ҳақида ўйлашмади?! Наҳотки, бутун бошли шаҳарда шу хонадонга ёрдам қўлини чўзадиган киши топилмади? Ахир, ўтганларнинг руҳини шод этиш керак эмасми?
Келинг, яна мавзуга қайтайлик.
Қўлимизда Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Ў. Жумаевнинг( ҳозир у шаҳар ҳокими) Турсуной кўчаси 12-уйда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳмад Ғуломовга юборган жавоб хати. 2020 йилнинг 28 февралида йўлланган бу хатни ҳеч бир ўзгаришсиз тўлиғича келтиришни лозим топдик:
«Сизнинг ёшингиз 101 да эканлиги, пенсионер ўғлингиз ҳовлисида истиқомат қилиб келаётганлигингиз, уй-жойдаги ҳожатхона узоқроқда жойлашганлиги сабабли қийналаётганлигингиз боис шароитлар яратиб беришни сўраб ёзган аризангиз шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилиб, Сизнинг Улуғ Ватан уруши қатнашчиси эканлигингиз, улуғ ёшда —101 ёшга кирганлигингиз, шунингдек, яшаб келаётган шароитингизни инобатга олиб, уй-жойингизга шароит яратиб беришни сўраб ёзган аризангизни ўрганиб чиқилиб, қуйидагиларни билдирамиз.
Аризангиз тегишли соҳа мутахассислари томонидан жойида ўрганиб чиқилиб, уйдаги шароитлар ўрганиб чиқилди. Сизнинг ёшингиз ва уйдаги шароитлардан келиб чиқиб ҳомий ташкилот аниқланганлиги (20-трестига қарашли «АРТ Проф билдинг»МЧЖ) ва 2020 йилнинг апрель ойида амалий ёрдам бериш режалаштирилганлигини маълум қиламиз.
Сиз мазкур аризангиз бўйича олинган жавобдан қониқмаган тақдирда, юқори турувчи ҳокимлик ёки суд органларига мурожаат қилишингиз мумкинлигини билдирамиз».
Тўмтоқ, саводсизларча ёзилган жавоб хатини ўқиб беихтиёр ёдимизга машҳур кинофильмдаги лавҳа ёдга тушади. Эсласангиз, ўша эпизодда ўқитувчи имтиҳон топширгани келган, билими ўта саёз талабанинг сўзлаш оҳангига мослаб «Баҳонгиз нникки», дея жавоб беради.
Лоақал она тилимизни ҳурмат қилишни ўрганайлик!
Яна мавзуга қайтамиз. Табиийки, ҳомий ташкилот бириктирилганидан хабар топган Аҳмад ота ва унинг уйидагилар юрагида умид пайдо бўлди. Аммо баҳор ўтиб, ёз, кейин эса куз келди. Амалий ёрдамдан дарак бўлмади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси нима қилсин?Ҳокимликдан келган жавоб хатида айтилганидек, суд органларига мурожаат этсинми? Ташқарига яқинларининг кўмагида бир амаллаб кириб-чиқадиган юз ёшдан ошган қариянинг судма-суд юришини бир тасаввур қилинг-а?
Чиқмаган жондан умид, деганларидай, Аҳмад ота яна шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди. 2020 йилнинг 23 сентябри санаси билан келган жавоб хатида шаҳар ҳокими ўринбосари С. Шарипов «Уйингизни таъмирлаб бериш мақсадида қурувчи ҳомий ташкилот танланмоқда. Ташаббускор ҳомий ташкилот ҳомийлик ташаббусини билдирганида уйингизни таъмирлаш учун қурилиш материаллари олиб берилишини билдирамиз», деб ёзди.
Афсуски, «танлов» чўзилиб кетди. Кутавериб тоқати тоқ бўлган уруш қатнашчиси яқинда яна бир бор шаҳар ҳокимига ёзма мурожаат қилди. Жавоб ҳам келди. С. Шарипов имзоси билан йўлланган хатда ариза жойида ўрганилгани, ҳомий ташкилот аниқланганидан сўнг 2021 йилнинг май, июнь ойларида уй таъмирига амалий ёрдам берилиши айтилади.
Ўрганишдан чарчамаган барака топгурлар, мабодо, ҳомий ташкилот аниқланмаса-чи, унда уй таъмирига амалий ёрдам берилмайдими? Қачонгача «Алдагани бола яхши» қабилида иш тутилади?!
— Мурожаатга жўяли бир жавоб олармиканмиз, деб шаҳар ҳокимига учрашдик, — дейди отахоннинг жияни, 65 ёшли Рауф Нарзиев. — Ҳоким қурилиш бўйича масъуллардан бири Собиров Азимга «Бу отахоннинг масаласини биринчи навбатда ҳал этинглар», дея топшириқ берди. У эса «Бунинг учун қурилиш фирмаси топишимиз» керак қабилидаги важларни рўкач қилди. Алдайди. Бу ҳам камлик қилганидай, «Набиралар, абиралар бор, бобога бир қаранглар-да» деганини айтмайсизми? Қорнимгамас, қадримга йиғлайман, деганлари шу бўлса керак-да. Ахир, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари орамизда жуда кам қолишди. Уларни ҳар қанча эъзозласак арзийди.
Чиндан ҳам уруш фахрийлари ҳар қанча эъзозга лойиқ. Ҳаёт эса бешафқат. Вақт ўз ҳукмини ўтказаяпти. Шу ўринда бир далил. Иккинчи жаҳон урушига Бухородан 73 688 нафар киши жўнаб кетган. Уларнинг 30 минг нафардан зиёдроғига она-юртга қайтиш насиб этган, холос. Ғалабадан сўнг 76 йил ўтди. Урушдан тирик қайтганлар бармоқ билан санарли даражада оз қолишди. Фитрат маҳалласининг ўнқир- чўнқир йўлдан иборат Турсуной кўчасидаги 12-уйдан ортга қайтарканмиз, ана шу ҳақда ўйладик.
Буёғи масъулларнинг виждонига ҳавола.
Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг