Туркий давлатлар космос сари бирлашмоқда

19:07 30 Март 2026 Жамият
268 0

Бугун космик соҳадаги ислоҳотлар глобал рақобат ва технологик ривожланиш суръатлари билан уйғун тарзда кечиб, сифат ўзгаришларининг янги босқичига кирди. Глобал космик иқтисодиёт ҳажми 500 миллиард АҚШ долларидан ошгани, 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткич 1 триллион долларга етиши кутилаётгани фикримиз тасдиғидир.

“Space Technology Conference – 2026” халқаро анжумани доирасида пойтахтимиздаги “InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар космик агентликлари ҳамда ваколатли идоралари раҳбарларининг 5-йиғилишида қайд этилганидек, космик технологияларни ривожлантириш, кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш стратегик вазифалардан бирига айланган. Зеро, айни пайтда ташкилотга аъзо давлатлар 170 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олгани ва кенг ҳудудга эга эканлиги космик хизматлар бозорида катта имкониятларни тақдим этади.

Чиндан ҳам, сўнгги йилларда ТДТ мамлакатлари космик соҳада сезиларли натижаларга эришмоқда. Масалан, Туркия ва Қозоғистон ер кузатуви сунъий йўлдошларини орбитага чиқарган бўлса, Озарбайжон телекоммуникация йўлдошлари орқали халқаро хизмат кўрсатиляпти. Ўзбекистонда эса космик мониторинг асосида ер ва сув ресурсларини бошқариш, экология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

— Мазкур тадбир агентлигимиз томонидан иккинчи бор ўтказилмоқда. Бу, албатта, Ўзбекистоннинг космос соҳасида халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради, — дейди Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг халқаро ҳамкорлик бўлими бош мутахассиси Беҳруз Мирзаев. — Бугунги тадбир кун тартибидан бир қатор долзарб масалалар ўрин олган. Шу жумладан, ТДТ доирасида биргаликда ишлаб чиқилаётган ва учирилиши кутилаётган кичик ҳажмдаги сунъий йўлдош лойиҳаси бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Йиғилишда қўшма технологик сунъий йўлдошни яратиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу лойиҳа орқали технология алмашинуви, илмий салоҳиятни бирлаштириш ва ёш мутахассисларни тайёрлаш мақсад қилинган. Шунингдек, ер кузатуви сунъий йўлдошлари маълумотларидан қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари ва экологик мониторингда фойдаланиш, фавқулодда вазиятларни эрта аниқлаш, геоинформацион тизимлар ва катта маълумотлар асосида таҳлилий платформаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

— Ҳозирги кунда технологиялар жуда тез ривожланмоқда. Космик соҳа эса бу тараққиётнинг асосий йўналишларидан биридир. Бирор давлат ўзида барча янгиликларни бир вақтнинг ўзида кузатиб бориши қийин. Шу билан бирга, ривожланаётган давлатларда ҳам хабардорлик даражаси ошиб бормоқда, — дейди Осиё-Тинч океани космик ҳамкорлик ташкилотининг Ташқи алоқалар ва ҳуқуқий масалалар департаменти бош директори доктор Айҳан Инжиржи. — Агарда бу йўналишда етарли илмий малака ва билим бўлмаса, глобал жараёнларга мослашиш жуда мураккаб кечади. Шунинг учун бундай кўп томонлама халқаро конференцияларда иштирок этиш жуда муҳим. Бу дунёнинг бошқа ҳудудларида нималар бўлаётганини кўриш, кузатиш ва ўрганиш имконини беради, натижада билимлар кенгаяди.

Ушбу йиғилиш ТДТ доирасида космик сиёсатни мувофиқлаштириш, қўшма инфратузилмаларни шакллантириш ва минтақавий космик экотизим яратиш йўлида муҳим қадам бўлди. У амалий лойиҳаларни илгари суриш ва ўзаро ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер