Сўзбўямачилик ёхуд баъзи ташкилотларнинг халқ мурожаатларига панжа орасидан қараётгани хусусида
Архив фото
Аччиқ, аммо очиқ гаплар
Ўтган йили Навоий вилояти аҳолисидан Президентнинг Халқ қабулхоналарига 40 426 та мурожаат келиб тушган. Рақамларга қараганда, 2024 йилдагига нисбатан мурожаатлар қарийб 30 фоизга камайган. Илк қарашда бу ижобийдек туюлади. Аммо савол туғилади: муаммолар камайдими ёки одамлар мурожаат қилишдан умид уздими?
Бу рақам эса “камайиш” ортидаги ҳақиқий манзарани очиб беради: 13 930 та мурожаатга идоралар фақат тушунтириш бериш билан чекланган. Улар қоғозда буни “асосланган жавоб” деб расмийлаштирган, аммо амалда — бу масъулиятдан қочиш ва муаммони қоғозда “йўқ қилиш” усулидир. Масалан, Кармана туманидаги “Кўҳна Қўрғон” МФЙда яшовчи фуқаро Маржона Қурбонова 2025 йил 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб, ижтимоий шароити оғирлиги, 3 нафар фарзанди борлиги, фарзандларига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат этади. Бунга жавобан Кармана тумани адлия бўлими муаммони ҳал қилиш ўрнига “тушунтириш” билан чекланган. Натижада қоғозда “иш бажарилди”, аммо амалда бир она дарди билан якка қолдирилган.
Нурота туманидаги “Янги ҳаёт” МФЙда яшовчи фуқаро Х. Рўзибоев ҳам 2025 йил 26 ноябрда “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб, уйидаги суюлтирилган газ баллонини 2 ой аввал туман газ идораси ходимлари тўлдириш учун олиб кетгани, аммо шу кунгача тўлдириб бермаганидан норози бўлиб мурожаат этади. Бунга жавобан Нурота тумани газ таъминоти бўлимидагилар фуқаро Х. Рўзибоевнинг номидан сохта ташаккурнома хати ёзиб, газ баллон ёнида бошқа бир фуқаро, яъни Амир Темур номидаги МФЙда яшовчи 1979 йилда туғилган Алишер Бозоровнинг суратини қўйиб, муаммо ижобий ҳал қилинди, деб кўзбўямачилик билан мурожаатни “ёпишади”.
— Мазкур ҳолат юзасидан “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали директори М. Нормаматов номига айбдорларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритдик, — дейди вилоят Халқ қабулхонаси бош мутахассиси Лазиз Абдуллаев. — Улар эса “Нуротатумангаз” газ таъминоти филиалининг суюлтирилган газ бўйича хизмат бошлиғи А. Сайфиддинов ўтган йили ўз аризасига биноан ишдан бўшатилганини маълум қилди.
Айни чоғда, таҳририятимиз ўнлаб нуроталикларнинг суюлтирилган газ баллонларини ололмай сарсон бўлиб юргани, туманда бир неча юз дона суюлтирилган газ баллони талон-торож этилгани ҳақида тасдиқланмаган маълумотларга эга. Албатта, мазкур ҳолатга мутасадди идоралар ўз хулосасини билдиришади, биз эса бу каби муаммога дуч келган нуроталикларни таҳририятимизга мурожаат қилишини сўраймиз.
Фуқаролар мурожаатларининг рад этилишини таҳлил қиларканмиз, иш билан таъминлаш масаласида 31, ҳунармандчилик (асбоб-ускуналар) учун кредитга тавсиянома олиш юзасидан 42, болалар нафақаси бўйича 32, муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам сўралган 26, даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун моддий кўмак масаласида эса аризаларнинг 18 фоизи ижобий ечим топмаганига дуч келдик.
Фуқаро Г. Бузрукова 2025 йил 12 сентябрь куни жазони ижро этиш муассасасидан озодликка чиқарилган. Фуқаролик ҳаётига мослашиш даврида яшаш учун шароити оғир аҳволда бўлгани сабабли маҳаллага бир неча маротаба қилган мурожаатига ижобий жавоб ололмайди. Хуллас, маҳалла томонидан унга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаганидан норози бўлиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га яшаш шароитини ўрганиб, моддий кўмак берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат этади.
— Вазият жойига чиқиб ўрганилди, — дейди Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев. — Мурожаатчига озиқ-овқат маҳсулотлари олиш учун ўрнатилган тартибда “ваучер” шакллантириб берилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 654-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан 2025 йил декабрдан 6 ой давомида моддий ёрдам тўлаб берилиши таъминланди.
Албатта, мурожаатлар борасида ижобий мисоллар ҳам бор. Масалан, Навоий шаҳридаги Ҳумо маҳалласида истиқомат қилувчи Дилфуза Азимова айнан Халқ қабулхонаси ходимларининг ҳуқуқий тушунтириш ва ёрдамлари туфайли ўзининг уч йиллик сарсон-саргардонликларига ечим топди.
— 2021 йилда бир кун ҳам яшамаган, эрта-индин ҳовли тўйи қилиб кўчиб кирамиз, деган иморатимиз ёниб кетди, — дейди Дилфуза Азимова. — Ёнғин сабаблари ўрганилди, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказидан иморатга ўт қўйилгани ҳақида хулоса берилди. Бироқ жиноят иши қўзғатилиши рад этиб келинди. Ниҳоят, вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, уларнинг тушунтиришлари билан барча ҳужжатларни тўплаб, Олий Мажлис Сенати Раиси қабулига кирдим. Мурожаатим қаноатлантирилиб, адолат қарор топди.
Ўрганишлардан аён бўладики, баъзан мурожаатчини тинглашнинг ўзи “натижа” сифатида кўрсатилмоқда. Ваҳоланки, одам эшитилиш учун эмас, ечим топиш учун мурожаат қилади. Яна бир жиддий масала — ўтган йили вилоятда аҳоли билан ўтказилиши режалаштирилган сайёр қабулларнинг 228 таси ўтказилмасдан қолдирилган. Уларнинг ярмидан кўпи эса Кармана тумани ҳиссасига тўғри келади.
— Мурожаатларни ўрганишда камчиликларга йўл қўйган ташкилот ходимларига нисбатан 2025 йилда 128 та тақдимнома, 86 та таклиф киритилди, — дея давом этади Л. Абдуллаев. — Шундан 135 нафар ходим огоҳлантирилган, 26 нафарига нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган. Икки нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, икки ходим ўз лавозимидан озод этилган.
Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, фуқаро мурожаатига муносабат жамиятда маънавий муҳит барқарорлигини белгиловчи омил. Шу боис мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда “Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак” деган шиор барча раҳбарлар фаолиятида бош қоида бўлиши шартлиги ғоясини илгари сурди. Ҳокимликлар, вазирлик ва идораларга фақат кўтарилган масалани ҳал этиш билан чекланиб қолмасдан, муаммонинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш, мурожаатларга олиб келаётган омилларни аниқлаб, уларни камайтириш билан тизимли равишда шуғулланиш бўйича топшириқлар берилди. Табиийки, бундай ёндашув наинки муаммони бартараф қилиш, балки унинг ечимида ҳам ҳар қандай сўзбўямачиликнинг олдини олади. Бу эса одамларнинг сайёр қабул ва очиқ мулоқотларга ишончини оширади.
Темур ЭШБОЕВ («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг