Сирдарёда икки нафар МИБ ходими пора билан ушланди

19:38 23 Март 2026 Жамият
337 0

Сирдарёда икки нафар МИБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали маълум қилди.

Билдирилишича, коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Мажбурий ижро бюроси Мирзаобод туман бўлими 2 нафар давлат ижрочисининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган. Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2021 йил декабрь ойидаги ижро варақасига асосан, қарздор шахсдан ундирувчи фуқаро фойдасига 30 миллион сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар ундириш белгиланган бўлиб, у мазкур давлат ижрочиларидан бирининг иш юритувида бўлган.

Давлат ижрочилари қарздор фуқародан ижро ишини тугатиш эвазига 20 миллион сўм олиб, ундирувчи фуқарога гўёки қарздор оғир шароитда эканлигини рўкач қилиб, пулнинг 14 миллион сўм қисмини беришган ҳамда ундан 30 миллион сўм олганлиги ва даъвоси йўқлиги тўғрисида тилхат ёздириб олган.

Шундан сўнг, қонунбузар шахслар қолган 6 миллион сўмни туман прокуратураси биноси олдида ўзаро 3 миллион сўмдан тақсимлаб олган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан мазкур МИБ давлат ижрочиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер