Солиқдан қарзи бор аҳоли электр энергиясидан узиб қўйиладими?

20:26 22 Март 2026 Жамият
548 0

Ижтимоий тармоқларда солиқдан қарзи бор аҳоли электр энергиясидан узилиши тўғрисида хабарлар кенг тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Солиқ қўмитаси муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 16 апрель кунидан бошлаб Наманган вилоятида эксперимент тариқасида жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи бўйича умумий суммаси 1 млн сўмдан ошган солиқ қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизмидан фойдаланиш жорий этилади.

Солиқ қўмитасининг билдиришича, юқоридаги хабар ижтимоий тармоқларда электр учун балансда пул бўлса ҳам электр ўчирилади деган мазмунда нотўғри талқин қилинмоқда.

Таъкидланишича, солиқ қарздорлиги 1 млн сўмдан ошган жисмоний шахслар бир неча босқичда огоҳлантирилгандан кейин ҳам қарздорликни тўламаган тақдирда электр энергияси ўчирилмайди, балки электр учун тўловларни амалга оширишга вақтинчалик чеклов киритилади.

Чеклов аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қуйидаги тоифаларига қўлланилмайди:

  • ногиронлиги бўлган шахслар (1 ва 2-гуруҳ);
  • боқувчисини йўқотган оилалар;
  • ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар;
  • қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёзли тоифалар.

Маълумот учун, Наманган вилоятида бугунги кунда 1 млн сўмдан юқори қарздорлиги мавжуд жисмоний шахслар сони 45,8 минг нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич жами 531,2 минг нафар солиқ тўловчининг 8 фоизига тўғри келади.

«Эксперимент натижаларидан келиб чиқиб мазкур тажрибани бошқа ҳудудларда жорий этиш ёки этмаслик юзасидан 2026 йил 1 октябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади. Электр энергиясининг биллинг тизими механизми тўғридан тўғри барча ҳудудларда жорий этилмайди», — дейилади қўмита баёнотида.

Электр энергиясининг биллинг тизими механизми жорий этилиши тўғрисида қуйидаги видео орқали батафсил билиб олишингиз мумкин:

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер