Уч ҳудудда қалбаки алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари савдоси тўхтатиб қолинди

18:07 19 Март 2026 Жамият
369 0

Сурхондарё ва Андижон вилоятларида қалбаки акциз маркали алкоголь ва акциз маркасиз тамаки маҳсулотларининг савдога чиқарилишининг олди олинди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Термиз шаҳри бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда «С.М.» хусусий корхонаси савдо дўкони сотувчиси харидорга хорижда ишлаб чиқарилган 4 дона акциз маркасиз алкоголь ва тамаки маҳсулотини 4,5 млн сўмга сотган вақтида ушланган.

Шундан сўнг, мазкур савдо дўконидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий баҳоси 150 млн сўмлик турли номдаги 335 дона алкоголь ва 402 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Яна бир шу каби ҳолат, Департаментнинг Олтинсой тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган. Маълум қилинишича, «Ш.Т.» МЧЖ савдо дўконида умумий баҳоси 56,8 млн сўмлик 455 дона қалбаки акциз маркали алкоголь ва 17 турдаги 1 942 қути тамаки маҳсулотлари савдога қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Балиқчи туманида ўтказилган тезкор тадбирда «О.» МЧЖ раҳбари Б.А.нинг «Марказ» МФЙ ҳудудидаги савдо дўконида 54 турдаги 492 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер