Аччиқ, аммо очиқ гап: Мусаввирлар қачон бошпанага ёлчийди?
Республика Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Раҳим Ҳакимов катта ҳаётий тажрибага эга. Унинг изланишлари туфайли қадимий “эбру баҳор” санъатида янги усул пайдо бўлди. Рассом уни “Нақши абри — Бухоро” дея номлади. Гап шундаки, Туркия, Нидерландия, Франция каби давлатлардан тушган таклифларга кўра, ушбу мамлакатларда шахсий кўргазмасини ташкил этган мусаввирнинг юздан зиёд асарлари айни дамда уйнинг зах ертўласида, талабга умуман жавоб бермайдиган шароитда сақланмоқда.
— Бутун умримни тасвирий санъатга бағишладим, — дейди кекса рассом. — Ўз асарларим воситасида юртимизни дунёга танитиш, ёшларни миллий қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, маданий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улардаги ватанпарварлик туйғусини кучайтириш каби хайрли ишларга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келяпман. Аммо мусаввирлар учун шу пайтга қадар сайёҳлар қадами қишин-ёзин узилмайдиган Бухородек шаҳри азимда кўргазмалар зали ҳамда устахоналарни ўзида жамлаган бир марказнинг йўқлиги ачинарлидир. Шу боис, асарларимни уй ертўласида сақлашга мажбур бўляпман. Ҳатто уюшмамизнинг ҳам тузукроқ бошпанаси йўқ. Эътиборсизлик бундан ортиқ бўлиши мумкинми?
Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини эслашга тўғри келади. Унда Бадиий ижодкорлар уюшмаси бўлимларининг ижодий устахоналари фаолиятини такомиллаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ҳам кўзда тутилган.

— Шунга кўра, ҳудудий бўлимларда галереялар ташкил этиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида юртимизнинг барча вилоятларида тегишли ишлар амалга оширилди, — дейди уюшманинг вилоят бўлими раҳбари Обид Мавлонов. — Лекин мурожаатларимизга қарамасдан бу муаммо Бухорода ўз ечимини топгани йўқ.
Яна бир муаммо шундаки, рассомларнинг асарлари Бухоро давлат музейлари жамламаларига сотиб олинмаяпти. Мусаввирларга панжа орасидан қараб келинмоқда. Боз устига, улар ўз ижод намуналарини эски шаҳардаги кичкина ҳужраларда ёки хонадонларда кўрсатиб келишаётир. Бу ноқулайлик миллий тасвирий санъатимизни дунёга танитишга, томошабинга ҳақиқий эстетик завқ улашишга халал беряпти, хориждан келаётган санъат ихлосмандлари олдида хижолат чекишга сабаб бўлмоқда.
Ваҳоланки, вилоятда Бадиий ижодкорлар уюшмасининг 66 нафар аъзоси бор. Тасвирий амалий санъатга ихтисослаштирилган мактаб-интернатдан ташқари ўндан зиёд санъат мактабларида рассомлик йўналишлари мавжуд ва уларда юзлаб иқтидорли ёшлар таҳсил олишяпти. Улар бирин-кетин меҳнат бозорига кириб келмоқда.

— Давлатимиз ҳамда оиласининг сармояси эвазига пойтахтимизда тасвирий санъат йўналишида сабоқ олган ёшларни айтмайсизми? — дейди уюшма аъзоси Раъно Эшонқулова. — Бухорога келгандан кейин улар шу каби муаммоларга рўбарў бўлмоқда. Қайси бири кўчаларда сувенир даражасидаги расмлар чизиб сотиш билан машғул, қай бири пойтахтга ижод қилгани кетяпти. Яна кимдир ноиложликдан касбини ўзгартиряпти. Ваҳоланки, бу ёш рассомлар ажойиб асарлар яратиши, шу орқали тасвирий санъатимиз довруғини жаҳонга ёйишга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин эди. Биз галерея барпо этиш, мусаввирларнинг ижод қилишлари учун рисоладагидек шарт-шароитлар яратиш юзасидан вилоят мутасаддиларига кўп бор мурожаат этганмиз, таклифлар билдирганмиз.
— Аммо бу гаплар уларга чивин чаққанчалик таъсир қилган эмас, — дея афсус билан таъкидлайди Раҳим Ҳакимов. — Ваъдани қуюқ беришдан нарига ўтишмаяпти. Эллик йилдан буён вилоят, шаҳарга қанчадан-қанча киши раҳбар бўлди. Лекин дардимизни қудуққа айтганимиз қолди, холос. Бизнинг-ку, ёшимиз анча улуғ, аммо “Устоз, машғулотларни қачон бошлайсиз?”, дея ҳар куни сўзимга илҳақ шогирдларни ўйлаб ташвиш тортаман. Тўғри, Олимжон мадрасасидаги устахонамиз ёпилгач, Мулла Муҳаммад Пайравий масжидидан бошпана сифатида фойдаланардим. Лекин ташландиқ ҳолдаги бу қадимий гўшани рисоладагидек ҳолга келтириш учун ҳам 20 — 25 миллион сўм маблағ сарфлашга тўғри келади.
Дарвоқе, Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимига яқинда маданий мерос объекти — қадимий Қуйи хонақоҳ масжиди бошпана сифатида ажратилибди. Масжиддаги айвондан галерея сифатида фойдаланилар экан. Афтидан соҳа масъуллари “Шундан ҳам қуруқ қолмайлик”, дея бу қадамжони бошпана тутишга рози бўлишган. “Қадамжо” дейишимиз бежиз эмас. Масжид ёнида қайсидир бир авлиёнинг қабри ва яна сағаналар бор. Мутасаддилар “Мусаввирлар бу жойда яхши кайфият билан ижодий суҳбатлар қуришади, дийдорлашишади, кўргазмаларини ташкил этишади”, деб ўйлашган шекилли-да. Тағин билмадик...
Хуллас, намунали замонавий галерея, бадиий кўргазмалар заллари, ижодий устахоналар, халқаро анжуманлар ўтказиладиган санъат ва маданият маркази бухоролик мусаввирлар учун ширин орзулигича қолмоқда.
Биз эса бу мавзуга яна қайтамиз.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг